Qidirish uchun yozing

Mahalliy

Партия фаоли: “Инсон ўзгарса – жамият ўзгаради”

  Ulashish

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Қарши шаҳар Кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик ҳамда Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун олдидан Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти Нефть ва газ факультетида “Бирмиз. Қўлни қўлга берамиз!” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг ғоя ва мақсадларини аҳоли, айниқса ёшлар орасида кенг тарғиб этиш мақсадида ташкил этилган тадбирда партия  вилоят кенгаши масъуллари, Қарши шаҳар Кенгаши фаоллари, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларидаги депутатлар ҳамда талаба-ёшлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбир доирасида сўзга чиққанлар “Янги Ўзбекистон, Янги сайлов” шиори билан ўтадиган бу галги сайлов, энг аввало, халқимизнинг давлат ҳокимияти органлари фаолиятида ўз вакиллари орқали иштирок этиши учун Конституциявий белгиланган ҳуқуқини амалга ошириш муҳим демократик жараён эканлигига эътибор қаратди.

«Миллий тикланиш» демократик партияси вилоят кенгаши раиси Сайфулла Маҳматмўминов ўз нутқида партиянинг устувор мақсадлари ҳақида тўхталиб, партия эндиги иш фаолиятида “Инсон ўзгарса – жамият ўзгаради” шиорига амал қилгани ҳолда аҳолининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ўрганиши ва бартараф этишга кўмаклашиш, таълим-тарбия сифати узлуксизлигини таъминлашга эътибор қаратиши, миллий қадриятларни аҳоли орасида кенг татбиқ этишни ўзининг устувор мақсади этиб белгилаганини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, сўзга чиққан олийгоҳ ўқитувчиларидан, доцент Ю.Манзаров, доцент И.Солижонов ҳамда ЎзМТДП Қарши шаҳар Кенгаши раиси Ҳ.Ходжаевлар юртимизда кечаётган сиёсий жараёнлар, бўлиб ўтадиган сайлов бўйича талабаларга тушунчалар бериш асносида тил ҳар бир миллатнинг улкан бойлиги, беназир қадрияти ва бебаҳо мулки эканлиги, ҳар бир халқ, ҳар бир элат, ўзи ҳурмат ва эҳтиром қиладиган тилга эга эканлигини айтишди. Тилда ана шу тилнинг ижодкори бўлган халқ, элатнинг тарихи ва маданияти акс этади. Айни замонда, тил ижтимоий тараққиётда улуғвор аҳамият касб этади. Тил – ҳар бир миллат ўзлигининг ажралмас белгиси эканлиги айтилди.

— Жорий йилги сайловларда мен илк маротаба қатнашаман, — дейди Нефть ва газ факултети 4-босқич талабаси Жавоҳир Эштемиров. – Бугунги тадбир давомида сайлов, депутат ҳақидаги маълумотларга эга бўлдим. Шунда менинг овозим қанчалик аҳамиятга эга эканини англадим. “Миллий тикланиш” партиясига аъзо бўлдим. Эртанги ишимда, ҳаётимда миллий қадриятларимизни қайта тиклашга, бобомерос анъаналаримизга ҳурмат билан ёндашишга ҳаракат қиламан.

Тадбир давомида келгуси ҳаётини “Миллий тикланиш” билан боғлаган талабалар партияга аъзоликка қабул қилинди.

Феруз Азимов,

ЎзМТДП Қарши шаҳар Кенгаши етакчи мутахассиси

Fikr bildiring

Sizning elektron pochtangiz ko`rsatilmaydi.