Qidirish uchun yozing

Asosiy

Касбида бемор болалар қониқарсиз шароитда даволанмоқда

  Ulashish

Қашқадарё вилоятининг Касби туманидаги шифохонада бемор болалар қониқарсиз шароитда даволанмоқда. Бу ҳақда “Қашқадарё зиёкори”га туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Фахриддин Бозоров маълум қилди.

Фахриддин Бозоровнинг маълумот беришича, туман ҳокими Тўхтамурод Мейлиев 29 октябрь куни тунда туман тиббиёт бирлашмасининг болалар бўлимини бориб кўрган.

— Тўхтамурод Мейлиев туман тиббиёт бирлашмасининг болалар бўлими фаолияти билан танишиб, бўлимда бемор болаларга яратилган шарт-шароитлар қониқарсиз аҳволда эканини, айниқса канализация тизими ишдан чиққанлигини, сув таъминоти йўлга қўйилмаганлигини танқид қилди, — дейилади ҳокимлик ахборот хизмати хабарномасида.
Айтилишича, туман ҳокими 30 октябрь куни мутасаддиларга муаммони ечиш учун вақт берган.

— Туман ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда бу масала атрофлича таҳлил қилиниб, туман тиббиёт бирлашмасининг болалар бўлимида канализация тизимини янгилаш ҳамда оналар ва болалар учун зарур қулайликларни яратиш ишларини қисқа муддатда амалга ошириш борасида ҳоким ўринбосарларига топшириқлар берилди, — дейди Фахриддин Бозоров.

Эслатиб ўтамиз, Қаршида 26 октябрь куни Президент администрацияси раиси Зайнилобиддин Низомиддинов ва бош вазир Абдулла Арипов иштирокида бўлиб ўтган вилоят фаоллари йиғилишида Тўхтамурод Мейлиев Касби тумани ҳокими этиб тайинланганди. Туманни бошқариб турган Нормўмин Холбоев эса ташаббускорлиги боис Қарши шаҳар ҳокимлигига ўтказилганди.

Fikr bildiring

Sizning elektron pochtangiz ko`rsatilmaydi.