Qidirish uchun yozing

Asosiy

“Қизил чироқда тўхтамади, ЙПХ инспекторига қўл кўтарди, яна бир инспекторни эса машинада уриб қочди” Қашқадарёлик ҳайдовчилар ҳаддидан ошгани маълум қилинмоқда

  Ulashish

Жорий йилнинг 13 октябрь куни Қарши шаҳридаги чорраҳаларнинг бирида ҳайдовчи светафорнинг қизил чироғида ҳаракатланиб келади. Уни тўхтатган ЙПХ инспекторига қўл кўтаради. Кейинги чорраҳада тўхтатишга уринган ходимни эса машинасида уриб қочади. Бу ҳақда “Қашқадарё зиёкори”га вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати хабар беряпти.

47 ёшли ҳайдовчи Ихтиёр Абдуллаев бошқарувидаги “KIA SPORTAGE” автомобилида Қарши шаҳрининг “Жайҳун” кўчасида ҳаракатланиб келиб, светафорнинг қизил чироғида тўхтамайди. Ҳуқуқбузар ҳайдовчи ҳудудда хизмат вазифасини олиб бораётган ЙПХ инспектори Достон Эргашев томонидан тўхтатилади. Бунга жавобан эса ҳайдовчидан калтак ейди. ЙПХ ходимига қўл кўтариб, воқеа жойидан қочган ҳайдовчи кейинги чорраҳада уни тўхтатмоқчи бўлган ходим вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги инспектори Акром Мейлиевни машинасида туртиб қочади.

Ўзбошимча ҳайдовчининг ушбу қилмиши Қарши шаҳар прокуратураси эътиборини тортади. Ва 13 октябрь куни прокуратура Ихтиёр Абдуллаевга нисбатан жиноят иши қўзғатади. Сиртдан айблов эълон қилиб, зўравон ҳайдовчини қидирувга беради. Судга илтимоснома киритиб, ҳайдовчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашни сўрайди.

Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг 2019 йил 15 октябрдаги ажримига кўра, ҳайдовчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланади. Зўравон ҳайдовчи эса 2019 йил 16 октябрь куни тезкор ходимлар томонидан Тошкент вилоятининг Чирчиқ туманида қўлга олинади.

Яна бир зўравон ҳайдовчи — чироқчилик Шоҳрух Шодиев ҳам Қарши шаҳридаги чорраҳаларнинг бирида қизил чироқ ишорасига парво қилмай “Ласетти”сида ҳаракатни давом эттиргани етмаганидек, ЙПХ инспекторларининг тўхташ ҳақидаги буйруғига бўйсунмай ходим Баҳром Ҳалиловни уриб кетади. Ва қовеа жойидан қочади.

Ҳар иккала ҳайдовчининг қилмиши Қарши шаҳар прокуратураси томонидан назоратга олиниб, дастлабки тергов ҳаракатлари бошлаб юборилган.

Fikr bildiring

Sizning elektron pochtangiz ko`rsatilmaydi.