Qidirish uchun yozing

Asosiy

Қашқадарёдаги мавжуд 1710 та кўп қаватли уйнинг 40 таси “авария” ҳолатида

  Ulashish

Қашқадарё вилоятидаги мавжуд 1710 та кўп қаватли уйнинг 40 таси “авария” ҳолатидаги уйлар ҳисобланади. Бу ҳақда бугун — 14 октябрь куни Қарши шаҳрида Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва унинг вилоят бошқармаси мутасаддилари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилинди, — дея хабар беради “Қашқадарё зиёкори” мухбири.

Тадбирда жорий йилнинг 9 ойи давомида вилоятда коммунал соҳада амалга оширилган ишлар ҳамда муаммо ва камчиликлар хусусида сўз юритилди.

Тадбир аввалида сўз олган вазирлик вакили Эркин Набиев вилоятдаги кўп қаватли уйлар муаммоси ечимига бағишланган муҳим тадбирга вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғининг келмаганини танқид қилиб, бошқарма бошлиғининг масъулиятсизлиги оқибатида бугун вилоятда уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида оқсоқликлар кузатилаётганини таъкидлади.

Маълум қилинишича, вилоятда айни кунда 1710 та кўп қаватли уйлар бўлиб, 2 та шаҳар ва 13 та туманда жойлашган ушбу кўп қаватли уйларга 155 та ҳусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан хизмат кўрсатилади.

— Айни кунда вилоятдаги мавжуд кўп қаватли уйларнинг 41 таси “авария” ҳолатида эди, — дейди “Уйжойфондинспекцияси” нинг вилоят ҳудудий инспекцияси масъули Акром Худойназаров. – Шу кўп қаватли уйларнинг биттасига маблағ ажратилиб, таъмирлаш ишлари бошланди.

Қарши туман уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Собит Қосимовнинг йиғилишда таъкидлашича, туманда марказлашган канализация тизими умуман ишламайди.

— Туманимизда марказлашган канализация тизими 2006 йилдан бери умуман ишламайди, — дейди Собит Қосимов. – Шу боисдан ҳам кўп қаватли уйлар қувурида чиқинди тўпланиб қолади ва узоқ вақтгача қорлиб кетади. Бу эса ҳудудда бадбўй ҳид чиқишига сабаб бўлади. Қувурни тозалаш учун сектор раҳбарларига ялиниб, барча туманлардаги техникаларни жалб қиламиз ва тозайлаймиз. Бу эса бизга яхшигина моддий зарар келтиради.

Собит Қосимовнинг маълумот беришича, Қарши туманида айни кунда 100 га яқин кўп қаватли улар бор. Шундан рўйхатга олинганлари 66 тани ташкил этади. Сўннги 3 йил давомида қурилган янги 17 та кўп қаватли уйларда ҳам марказлашган канализация тизими ишламайди.

“Қашқадарё зиёкори” мухбири вилоятдаги яна қайси туманларда марказлашган канализация тизими умуман ишламаслиги билан қизиқди. Берилган саволга вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шавкат Турсунов жавоб берар экан, тайинли жавоб беришдан тийилди. Гапни айлантириб, аниқ маълумот келтирмади. Аммо хулосада бу борадаги авҳол ачинарли эканини таъкидлади.

Fikr bildiring

Sizning elektron pochtangiz ko`rsatilmaydi.