Qidirish uchun yozing

Asosiy

Косон туман ҳокимлиги “Дамас” ҳайдовчилари ҳужжати умуман олинмаган деяпти, ҳайдовчилар эса журналист суриштирувидан сўнг ҳужжатлари қайтариб берилганини билдирмоқда

  Ulashish

“Қашқадарё зиёкори” газетасининг интернетдаги манзили “ziyonews.uz”да «Қашқадарёда “Дамас” ҳайдовчиларининг ҳужжати олиб қўйилиб, пахтага одам ташишга мажбур қилингани айтилмоқда» сарлавҳали мақола эълон қилинганди. Мақолада Косон туман ЙПХ инспекторлари ҳайдовчиларнинг ҳужжатини олиб қўйиб, ҳар куни пахтага бепул ҳашарчи ташишга мажбур қилингани ҳақида сўз борганди.

Мақолага Косон туман ҳокимлиги муносабат билдирди.

Туман ҳокимлиги ахборот хизматининг ёзишича, пахтага ҳашарчи ташиш учун 77 та автобус жалб қилинган. Ёзишларича, ҳашарчи ташишга хизмат қилаётган 77 та автобусларга хизмат ҳақи тўланади.

Туман ҳокимлиги ахборот хизматининг муносабатида шундай дейилади: …мақолада айтилган 44 та “Дамас” автомобиллари ҳайдовчиларининг ҳеч бири йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими инспекторлари томонидан тўхтатилмаган ва улар меҳнатидан фойдаланилмаган.

Шунингдек, мақолада Қаршидан Косонга қатновчи “Дамас” ҳайдовчиларининг 50-60 фоизида автомобилининг техник паспорти йўқлиги ва ЙПХ ходимлари олиб қўйганлиги ҳам айтилади. Аммо бу кўрсаткичдаги йўловчи ташувчи ҳайдовчиларнинг техник паспорти аслида мавжуд эмас. Уларнинг кўп қисми ноқонуний йўловчи ташиш билан шуғилланмоқда. Ўтказилган рейдларда бундай ҳолатлар тўлиқ исботланган ва ноқонуний йўловчи ташиш билан шуғилланган ҳайдовчиларга тегишли чоралар кўрилган.

«Қарши—Косон» йўналишида ҳаракатланувчи 44 та Damas автомобилларининг 50—60 фоизида техник паспорт йўқ дейилмоқда. ЙПХ инспекторлари томонидан ўтказилган «рейд»ларда бу ўз исботини ҳам топган. Шундай бўлса-да, техник паспортсиз ҳаракатланаётган автомобилларга ноқонуний одам ташигани учун жарима қўлланиб, яна ўз фаолиятини юритишга қўйиб берилган. Ўз-ўзидан 50—60 фоизни ташкил қилувчи «дамасчилар» автомобилининг техник паспортисиз қандай ҳаракатланмоқда деган савол туғилади.

Туман ҳокимлиги ахборот хизматининг ёзишича, ЙПХ инспектори Акром Авазов ҳайдовчи Мардон Тўхтаевнинг “Дамас”и ҳужжатини олганини рад этиб, сўзига жавоб беришини ҳам айтибди.

Бу ҳақда шундай дейилади: — Мен пахта мавсуми бошлангандан бери ҳеч бир “Дамас” ҳайдовчисини тўхтатганим йўқ, — дейди Акром Авазов. — Чунки менга ҳашарчи ташиш билан шуғилланаётган автобусларни назорат қилиш топширилган. Агар кимнингдир техник паспортини олган бўлсам албатта сўзимга жавоб бераман. Лекин менда Мардон Тўхтаев исмли ҳайдовчининг ҳеч қандай техник паспорти йўқ.

Косон туман Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими бошлиғи Шуҳрат Холматов “Қашқадарё зиёкори” мухбири билан суҳбати давомида “агар англашилмовчилик сабаб ходимларимиз кимнингдир ҳужжатини олган бўлса бугуноқ қайтариб берамиз”, — деганди. Муносабатда ёзилишича, “ГАИ”лар бошлиғи айтган гапидан қайтибди.

— Биз жорий йилнинг 10-сентябрида туман ҳудудида «Пахта-2019» мавсумида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йиғилиш ўтказганмиз, — дейди Шуҳрат Холматов. — Йиғилишда пахтага ҳашарчи ташишда автобуслардан фойдаланиш ҳақида бир қарорга келинган. Агар “Дамас” ҳайдовчиларида ҳам ҳашарчи ташиш истаги бўлса, уларга хизмати учун ҳақ тўланишини тушунтирганмиз. Бироқ, ҳеч бир ҳайдовчининг техник паспортини олиб пахтага бепул одам ташишга мажбурланмаган. Қизиқ томони шундаки бизда автобуслар сони етарли бўлгани учун “Дамас”лар кучидан фойдаланишга эҳтиёж мавжуд эмас.

6-октябрь куни “Қашқадарё зиёкори” мухбири билан телефон орқали мулоқот қилган Мардон Тўхтаевнинг айтишича, ЙПХ ходими Акром Авазов журналист ушбу масалани суриштира бошлагач, 5 октябрь куни кундузи соат 10 да ҳужжатини қайтариб берган. Аммо 6 октябрь куни яна ҳашарчиларни манзилга элитишни сўраган. Мардон Тўхтаевнинг билдиришича, у ЙПХ инспектори Акром Авазов топшириғи билан туманнинг Бойғунди қишлоғидан туман марказига қадар 6 нафар ҳашарчи аёлни бепул етказиб қўйган.

— Агар Акром Авазовнинг топшириғини бажарсам, етти нафар йўловчи олсам ҳам индамайди-да, — дейди Мардон Тўхтаев. – Бўлсама, 7 нафар йўловчи олган пайтларимиз тўхтатиб “гаранг қилишади”.
Ҳайдовчи Мардон Тўхтаевнинг гапига кўра, туман ЙПХ инспекторлари “сиздан угина биздан бугина” қабилида иш юритишган кўринади.

Туман ҳокимлиги ахборот хизматининг ёзишича, Қаршидан Косонга қатновчи “Дамас”лар фаолиятини назорат қилувчи “Насаф аудио-видео” МЧЖ иш юритувчиси Мавжуда Уваева туман ҳокимлигида 10 сентябрь куни ўтказилган йиғилишда иштирок этмаган. Шу боисдан ҳам йиғилишдаги гапларни бошқача талқин қилган.

Косон туман ҳокимлиги ахборот хизматининг тезкор муносабати таҳсинга лойиқ, албатта. Бироқ, хизмат вакилларининг масала моҳиятини чуқур англаб етмасдан кўриниб турган далилларни инкор этиши инсофданмас. Ҳокимлик ахборот хизмати масъулларининг шошгани ҳайдовчилар исм-шарифини чалкаштириш ва мақолада ЙПХ инспекторлари томонидан олиб қўйилгани айтилган техник паспортни йўловчи ташиш учун рухсатнома — лицензия билан адаштиргани ҳам исботлаб турибди.

Fikr bildiring

Sizning elektron pochtangiz ko`rsatilmaydi.