Qidirish uchun yozing

Mahalliy

Бир уйни икки харидорга пуллаган қурувчи: Қашқадарёда уй харидорлари чув тушгани ростми?

  Ulashish

Қарши шаҳрида янги қурилган, тўғрироғи қурилаётган кўп қаватли уйнинг хонадонларидан бири 2 та шартнома асосида икки нафар харидорга сотилди. Энг қизиғи, ҳар иккала харидор ҳам уйнинг бошланғич тўловини амалга оширган.

Бу ҳақда “Қашқадарё зиёкори”га шикоят қилган қашқадарёлик Маҳмадиёр Ражабов маълум қилди.

Мурожаатчилар

Маҳмадиёр Ражабовнинг “Қашқадарё зиёкори”га маълумот беришича, уй сотиб оламан деб “чув тушган”лар бир неча кишини ташкил қилади. “Қашқадарё зиёкори” мухбири “чув тушгани” айтилаётган уй харидорлари билан мулоқот қилди.

— Укам Исмадиёр Ражабов номига уй сотиб олиш учун 2017 йил 18 декабрь куни “Шовот махсус бино қурилиш” МЧЖ раҳбари Дилмурод Ўтаганов билан 33-сонли шарттнома имзолаб, уйнинг дастлабки бадал тўлови учун 48 миллион сўм пул тўладим, — дейди Маҳмадиёр Ражабов. – Шартномага кўра, 2018 йил март ойида уйни олишим керак эди. Аммо орадан шунча муддат ўтса-да, уй ололмаяпман. Дилмурод Ўтаганов “уйни бугун қилиб бераман, эртага қилиб бераман”дан нарига ўтмаяпти.

Маҳмадиёр Ражабовнинг маълумот беришича, сотиб олинажак уйнинг дастлабки бадал тўлови — 48 миллион сўм қурилиш ташкилоти раҳбари қистови билан нақд шаклда тўланган.

— Пулни қурилиш ишларига ишлатаман, айни пайтда бизда нақд пул олинаяпти деди, — дейди Маҳмадиёр Ражабов. – Шу боисдан ҳам хўп деб, пулни нақд тўладим. Пулни нақд олгани хусусида тўлов квитанция берди, албатта. Мен қўлимдаги шартнома ва квитанцияга ишониб қолибман-да. Менга бераман деб кўрсатган икки хонали уйини 2018 йил аллақачон бошқа харидорга сотиб юборган экан. Буни яқинда билдим.

Маҳмадиёр Ражабовнинг айтишича, қурувчи томонидан таклиф қилинган 2 хонали уйнинг кв/метри 2 миллион 600 минг сўмдан ҳисобланиб, жами 195 миллионга баҳоланган. Харидор 48 миллион сўм дастлабки бадал тўловидан ташқари айни кунга қадар яна 25 миллион сўм тўлаган.

— Уй учун жами 73 миллион сўм тўлаганман, — дейди Маҳмадиёр Ражабов. – 122 миллион сўм қолганини айтганди. Эндиликда 73 миллион сўм ҳам уй ҳам йўқ.

Кейинги уй харидори Аббос Ҳайитовнинг билдиришича, 4 қаватли 54 хонадонли кўп қаватли уйни қураётган қурувчи Дилмурод Ўтаганов у билан шартнома тузаётганда уйни 2017 йил ноябрь ойида қабул қилиб олишини айтган.

Аниқланишича, Аббос Ҳайитов билан имзоланган 9-сонли шартнома 2017 йил 14 март куни тузилган.

— 121 миллион 186 минг сўм қилиб баҳоланган 1 хонали уй учун 40 миллион сўм пул тўладим, — дейди Аббос Ҳайитов. — Пулни нақд тўлашим кераклигини айтди. Нақд тўладим ҳам. Бугунги кунга келиб эса куйиб ўтирибман. Қўлимдаги шартнома ва квитанция бир пулга қиммат. Ҳеч қандай кучи йўқ.

Аббос Ҳайитовнинг шикоятича, унга аталган ва 40 миллион сўм дастлабки бадал тўлови тўланган уй ҳам бошқа харидорга пулланган.

— Менга кўрсатилган уй ҳам бошқа бировга сотилган экан, буни яқинда билдим, — дейди харидор Аббос Ҳайитов.

Уй харидорлари Маҳмадиёр Ражабов ҳамда Аббос Ҳайитовлар алданганини билишгач, Қарши шаҳар прокуратураси, республика Бош прокуратураси ҳамда Президент порталига шикоят қилган. Аммо ҳеч қандай натижа чиқмаган. Қарши шаҳар прокуратураси эса етти ойдан бери тайинли гап айтмай, ишни судраган.

— Шаҳар прокуратурасидан Нурсултон исмли терговчи ишни ўрганди, — дейди Маҳмадиёр Ражабов. – Аммо етти ойдан бери тайинли гап айтмайди. Ишни судрайди. Бир марта бориб сўраган пайтим, қурувчи Дилмурод Ўтаганов номида уйлар борлигини, унга ҳеч қандай чора кўрилмаслигини айтди. Агар мутасаддиларга мурожаат қилаверсак, пулимизга куйишимиз ҳам мумкинлигини билдирди.

Мурожаатчиларнинг қўшимча қилишича, қурувчи уйнинг қурилиши кечикканини банкдан олинаётган кредит кечикиши билан изоҳлаган.

— Ҳақиқатдан ҳам кредитни қарийб бир йил кечикиб олдим, — дейди “Шовот махсус қурилиш бино” МЧЖ раҳбари Дилмурод Ўтаганов. – Шунинг учун ҳам 2016 ноябрь ойида бошланган қурилиш ишларимиз ҳалигача якунланмади.

Дилмурод Ўтаганов

Дилмурод Ўтагановнинг маълумот беришича, Ислом Каримов кўчасида қад ростлаётган 4 қаватли 54 хонадонли қўп қаватли уйнинг умумий харажати қарийб 12 миллард сўм. Шундан 6 миллиард 700 миллион сўми Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки Қашқадарё вилоят филиалининг 14-16 фоизли кредити ҳисобланади.

“Қашқадарё зиёкори” мухбири билан мулоқот қилган банк мутасаддиси кредит кечикишининг боисини изоҳлашни истамади. Ва ўша пайтда мазкур банкда ишламаганлигини, ҳолатдан хабари йўқлигини айтди.

Қурилиш ташкилоти раҳбари Дилмурод Ўтаганов Исмадиёр Ражабов билан шартнома қилинган уй Баҳром Узоқов исмли харидорга сотилганини қуйидагича изоҳлади.

— Уй қурилаётган пайт номерланган хонадонларга кадастр қилингач, бошқа рақам берилган, — дейди Дилмурод Ўтаганов. — Яъни ўша пайтда 25-рақамли хонадон кадастр ҳужжати қилингач 27- ёки 28-рақамли уйга айланиб қолган. Шу боисдан ҳам Исмадиёр Ражабов билан шартнома қилинган уй бошқа харидорга сотилган.

Дилмурод Ўтагановнинг иқрорича, Исмадиёр Ражабовга айни кунда уй йўқ.

— Аммо имконини қиламиз ва уй берамиз, — дейди Дилмурод Ўтаганов. – Фақат озгина кутишлари керак.

Исмадиёр Ражабовга аталган уйга эга чиққан харидор Баҳром Узоқовнинг вакили Матлуба Ўринованинг айтишича, сотиб олинган янги уйнинг эшик-деразаларида ром ўрнатилмагани етмаганидек, уй ичкарисидаги пардозлаш ишлари ҳам охирига етказилмаган.

— Уйни “каробка” шаклида қабул қилдик, — дейди Матлуба Ўринова. – Ҳатто дераза ва эшиклар учун ромларни ҳам ўзимиз ўрнатаяпмиз. Энг ёмони хоналардаги сўнгги пардозлаш ишлари ҳам қилинмаган. Уста ёллаб, уйни таъмирлатаяпмиз. Уй кредитини 6 ойдан бери тўлаётган бўлсак-да, аммо уй ҳали яшашга ярамайди. Айни кунга қадар 15 миллион сўм харажат қилдик.

Матлуба Ўринованинг айтишича, шаҳар ҳокимлиги уйнинг яшашга ярамаслигини, ҳали тайёрмаслигини билса-да, уйни сотишга рухсат берган.

Дилмурод Ўтаганов Матлуба Ўринова шикоятларини тинглар экан, таъмирлаш ишларини давом эттиришини, якунда барча харажатларни тўлаб беришга келишганини айтди. Матлуба Ўринова эса келишув оғизаки бўлганини, қурувчи эртага гапидан тониб қолишидан қўрқишини маълум қилди.

Маълум қилинишича, янги қурилаётган уй ўрнида 7 та барак уйлар бўлган ва барак уй эгаларининг 4 нафари ҳам ушбу кўп қаватли уйлардан харид қилган. Аммо аксарият уй эгалари эшик ва дераза ромидан тортиб, хона ичидаги пардозлаш ишларигача ўзлари бажарганини айтмоқда.

Гапнинг индаллосини айтганда янги қурилган уйлар яшашга тайёр бўлмаган ҳолда сотилмоқда.

4 октябрь куни “Қашқадарё зиёкори” мухбири билан воқеа жойида бўлиб, вазиятдан хабар топган Қарши шаҳар ҳокими ўринбосари Улуғбек Авазов қурувчи Дилмурод Ўтагановга хато қилганини, мазкур хато бадали оғир бўлишини айтди. Ҳамда уйни сотишни бекор қилувчи қарор чиқаришларини билдирди. Ва мурожаатчилар муаммосини ечиш учун муҳлат берди. Аммо белгиланган муддатда мурожаатчилар муаммоси ҳал этилмади.

Яна бир уй харидори Бекзод Бердиевнинг шикоят қилишича, унга икки хонали уйни 180 миллион сўмга баҳолаб, 2017 йил 2 август куни шартнома тузган.
— Орадан икки йилдан кўп вақт ўтса-да, уйдан дарак йўқ, — дейди Бекзод Бердиев. – Мендан уйнинг дастлабки бадал тўлови сифатида 53 миллион сўм пул олган қурилиш ташкилоти раҳбари Дилмурод Ўтагановни излаб тополмайман. Қочиб юрибди.

Бекзод Бердиевнинг тахминича, унга аталган уй ҳам аллақачон ўз харидорини топган.

— Бекзод Бердиевга сотилган уй ҳеч кимга берилгани йўқ, — дейди Дилмурод Ўтаганов. – Фақат ҳужжат қилиб беролмаяпман, холос. Боиси, ундан олинган нақд 53 миллион сўмни банкка топширмаганман ва қурилиш ишларига сарфлаганман. Бугунги кунга келиб эса ўша пулни банкка харидор Бекзод Бердиев номидан топширолмаяпман.

Уй сотиб оламан деб чув тушган яна бир мурожаатчи Нуриддин Ибрагимов ҳам 2018 йил “Шовот махсус қурилиш бино” МЧЖ га 36 миллион 600 минг сўм пул тўлаганлигини, ўшандан буён на уйдан ва на пулдан дарак бўлмаётганидан нолимоқда.

Журналистик кузатувларимиз давомида аниқланишича, мазкур кўп қаватли уйдаги хонадонлар нархида катта тафовут бор. 2 хонали уй харидорлар — Исмадиёр Ражабов ҳамда Бекзод Бердиевларга ҳар хил нархларда таклиф қилинган. Нега?

Уй харидорларининг шикоятини ўрганар чоғи уларнинг мутасадди ташкилотларга бир неча бор мурожаат қилганликларини эшитдик. Мурожаатчилар ҳар гапнинг бирида шаҳар ҳамда республика прокуратурасига такрор-такрор мурожаат қилишганини, аммо прокуратура вазиятни кўра-била туриб сукут сақлаганини айтишмоқда. Мурожаатчилар сўрови етти ойлаб чўзилиши ва прокуратура вакилларининг “сукути” сабабини билиш мақсадида вилоят прокуратураси билан боғландик. Вилоят прокуратурасида ахборот хизмати масъули ўзгарганини айтган навбатчи, мурожаатимиз ҳақида масъулга хабар беришини, масъул тез орада биз билан боғланишини айтган бўлса-да, ҳеч ким билан боғлана олмадик.

“Қашқадарё зиёкори” вилоят прокуратурасидан садо чиқишини кутади.

Fikr bildiring

Sizning elektron pochtangiz ko`rsatilmaydi.