Qidirish uchun yozing

Asosiy

Қашқадарёда “Дамас” ҳайдовчиларининг ҳужжати олиб қўйилиб, пахтага одам ташишга мажбур қилингани айтилмоқда

  Ulashish

Қашқадарё вилоятининг Косон туманидан Қарши шаҳрига йўловчи  ташувчи “Дамас” ҳайдовчиларининг шикоят қилишича, ЙПХ инспекторлари ҳайдовчиларнинг ҳужжатини олиб қўйиб, ҳар куни пахтага бепул ҳашарчи ташишга мажбур қилинмоқда.

Ҳайдовчилар шикоятини ўрганган  “Қашқадарё зиёкори” мухбирининг ёзишича, “Насаф аудио-видео” МЧЖ раҳбарлигидаги уюшмага аъзо бўлган “Қарши-Косон”, “Косон-Қарши” йўналишида ҳаракатланувчи 44 та “Дамас” автомобилларининг техник паспорти Косон туман йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими  инспекторлари Акром Авазов ҳамда Шаҳбоз Қўчқоровлар томонидан олиб қўйилган.

— Айни кунда Қаршидан Косонга қатновчи “Дамас” ҳайдовчиларининг 50-60 фоизида автомобилининг техник паспорти йўқ, — дейди ҳайдовчи Моҳир Саломов. – Боиси, ЙПХ  ходимлари олиб қўйган. Ва ҳар куни бир маротаба пахтага одам олиб бориш мажбуриятини юклаган.

“Косон-Қарши”, “Қарши-Косон” йўналишидаги ҳайдовчилар фаолиятини назорат қилувчи уюшма “Насаф аудио-видео” МЧЖ иш юритувчиси Мавжуда Уваеванинг тасдиқлашича, ушбу йўналишга аъзо “Дамас” автомобилларининг аксарияти ЙПХ инспекторларининг пахтага бепул одам ташиш талабини бажаришга мажбур.

Мардон Тўхтаев исмли ҳайдовчининг мухбирга айтишича, унга тегишли автомобилнинг техник паспортини пахта мавсуми бошланган пайт инспектор Акром Авазов олиб қўйган ва ҳалигача  қайтариб бермаган.

Ҳайдовчи Эркин Бобохонов эса ҳужжати Шаҳбоз Қўчқоров исмли ЙПХ ходими томонидан олиб қўйилганлигини айтиб, ходим томонидан хизматга мажбурланаётганини айтмоқда.

“Қашқадарё зиёкори” мухбири билан телефон орқали мулоқотга киришган ЙПХ ходими Шаҳбоз Қўчқоров мухбир саволини эшитгач, “йўқ бундай қилмаганман” дея телефонни ўчирди. Ва қайтиб ходимга уланолмадик.

“Дамас”чиларнинг мажбурий тарзда пахтага одам ташишини рад этган Косон туман Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими бошлиғи Шуҳрат Холматовнинг айтишича, “Дамас” ҳайдовчиларининг пахтага одам ташиши бор гап. Аммо бунинг учун уларга ҳақ тўланади. Шуҳрат Холматовга кўра, бундай вазият юзага келишига йўналишни тартибга солувчи уюшма масъуллари айбдор.

— Пахта тозалаш заводи, фермер ҳамда уюшма келишувига кўра, уч томонлама шартнома имзоланиб, ўша шартномага мувофиқ “Дамас” ҳайдовчилари фермерларга хизмат кўрсатиши белгиланган, — дейди Шуҳрат Холматов. – Сентябрь ойи бошида ўтказилган йиғилишда шундай тўхтамга келинганди. Шартнома тузилгач, “Дамас” ҳайдовчиси ҳашарчини ташиш учун қанча масофа босганини фермердан тасдиқлатгач, пахта тозалаш заводи томонидан йўл ҳақи тўлаб берилади. Ҳайдовчилари ҳуқуқи поймол бўлмайди.

Маълум қилинишича, сентябрь ойи бошида пахта тозалаш заводлари, уюшмалар ва фермерлар иштирокида йиғилиш ўтказилган. Йиғилишда “Дамас” ҳайдовчиларининг хизматига шартнома асосида пул тўлаш назарда тутилган ва шартнома имзолаш масъулияти уюшма бошлиқларига юклатилган. 

Шуҳрат Холматовнинг маълумот беришича, ўша йиғилишда айни кунда ҳужжатлари олиб қўйилгани айтилаётган “Дамас”лар уюшмаси масъуллари ҳам иштирок этган.

“Насаф аудио-видео” МЧЖ иш бошқарувчиси Мавжуда Уваева бундай шартномадан хабари йўқлигини айтмоқда.

Косон туман Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими бошлиғи Шуҳрат Холматов мухбир билан суҳбати сўнгида “Агар ходимларимиз англашилмовчилик сабаб бирор бир ҳайдовчининг ҳужжатини олишган бўлса, албатта бугуноқ қайтариб беради” деди. Бундан келиб чиқадики, айрим ҳайдовчиларининг ҳужжати олиб қўйилгани бор гап.

Нима учун ва қайси асосга кўра? “Қашқадарё зиёкори” масъуллардан изоҳ кутади.     

Fikr bildiring

Sizning elektron pochtangiz ko`rsatilmaydi.