Qidirish uchun yozing

Mahalliy

Ғузор ҳокимлиги уйи ёнган ногирон аёлга ёрдам берилганини ёзяпти, жабрланувчи эса туман ҳокимлигини ёлғончиликда айбламоқда

  Ulashish

“Дарё”да Ғузорда “ЗИЛ” ҳайдовчиси айби билан уйи ёнган ногирон аёл зарар қопланмаётганидан шикоят қилаётгани хусусида мақола чоп этилганди. Ҳечдан кўра кеч деганларидек орадан бир ойдан ҳам кўп вақт ўтиб, туман ҳокимлиги ахборот хизматининг муносабати берилди.
Туман ҳокимлиги ахборот хизматининг ёзишича, “ЗИЛ” ҳайдовчиси айби билан жабр кўрган аёлга амалий ёрдам берилган. Зарар қопланган.

— Мазкур масала юзасидан ёнғин содир бўлганидан кейин туман ҳокими бошчилигида ишчи гуруҳ аъзолари фуқаро С.Зикриллаеванинг хонадонига бориб, ҳолатни ўрганди, — дейилади ҳокимлик ахборот хизмати маълумотномасида. — Фуқаро Зикриллаева Софияга туман ҳокимлиги томонидан 1,5 миллион сўм моддий ёрдам берилган. Суғурта компанияси томонидан эса 4,2 миллион сўм тўлаб берилган.

Ахборот хизматининг қўшимча қилишича, фуқаро тумандаги 12-сонли мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайди, ўз меҳнати билан ҳурмат қозонганлигини инобатга олиб, мактаб маъмурияти томонидан 1,2 миллион сўм маблағ ёрдам қилинган.

“Маҳалла” ҳайрия жамоат фонди туман бўлинмаси томонидан ҳам 4,6 миллион сўм моддий ёрдам берилгани қайд этилади.
Ҳокимлик ахборот хизматидан маълум қилишларича, “ЗИЛ” ҳайдовчиси ҳам 100 дона шифер, 50 дона стропила, 50 мерт тунука олиб берган.

— Ҳозирги кунда фуқаро Зикриллаева Софиянинг ёнғиндан зарар курган бинолари маҳалла фаоллари ва қишлоқ аҳолиси томонидан ҳашар йўли билан таъмирланмоқда, — дея якунланади ҳокимлик ахборотномаси.
Биз ҳокимлик муносабатини ўқиб, тўғриси жуда хурсанд бўлдик, албатта. Муаммога эътибор қаратган туман ҳокимига раҳмат айтгимиз келди. Ва мурожаатчининг қувончига шерик бўлишни истадик. Бироқ…

— Туман ҳокимлиги томонидан 1,5 миллион сўм берилиши ва “Маҳалла” ҳайрия жамоат фонди туман бўлинмаси томонидан ҳам 4,6 миллион сўм моддий ёрдам берилгани тўғрисидаги хабар ёлғон, — дейди София Зикриллаева. – Улардан ҳеч қандай ёрдам олганим йўқ. Вилоят ҳокимига раҳмат. Вилоят ҳокими мени қўллаб-қувватлаб моддий ёрдам берди.

София Зикриллаеванинг айтишича, туман ҳокимлигининг фуқаронинг ёнғиндан зарар курган бинолари маҳалла фаоллари ва қишлоқ аҳолиси томонидан ҳашар йўли билан таъмирланаяпти деган гапи ҳам ёлғон. Уйни таъмирловчи ва том шиферини қоқаётган усталарга София Зикриллаеванинг ўзи хизмат ҳақи тўлаган.

Fikr bildiring

Sizning elektron pochtangiz ko`rsatilmaydi.