Qidirish uchun yozing

Asosiy

Қашқадарёда мактаб ўқитувчиларини мажбурий меҳнатга жалб қилган директорлар жазоланди

  Ulashish

Қарши шаҳридаги 11-сонли умумий ўрта таълим мактаби ҳамда Қарши туманидаги 33-сонли мактаб директорлари жорий йил июль-август ойларида таътилдаги мактаб ўқитувчиларини мажбурий меҳнатга жалб қилгани боис жаримага тортилган. Бу ҳақда 18 сентябрь куни вилоят бандлик бош бошқармасининг журналистлар билан бўлган мулоқотида маълум қилинди.

Мулоқот чоғида очиқланишича, Қарши шаҳридаги 11-сонли умумий ўрта таълим мактаби директори Анвар Ғаниев ҳамда Қарши туманидаги 33-сонли мактаб директори Феруза Аҳмедовалар жорий йилнинг июль-август ойларида таътилда бўлган мактаб ўқитувчиларини мажбурий меҳнатга жалб қилинган ва бу ҳолат фош этилгач, энг кам иш ҳақининг 3 баравари миқдоридаги жаримага тортилган.

Мажбурий меҳнатнинг ҳар икки ҳолати ҳам жабрланувчилар берган маълумотлар асосида аниқланган.

Бандлик бош бошқармасининг маълумот беришича, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятда 12 маротаба мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолати аниқланган.

Тадбирда сўз олган вилоят Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи Бахтиёр Файзиевнинг айтишича, “Микрокредитбанк”нинг Китоб тумани филиали бошқарувчиси 15 нафар ходимини мажбурий меҳнатга жалб қилгани сабаб энг кам иш ҳақининг 3 баравари миқдоридаги жаримага тортилган. Шунингдек, Ғузор туманидаги 75-сонли мактаб директори Баҳриддин Мусулмонов ҳам мавқеидан фойдаланиб, мактаб ўқувчиларини кўча тозалаш ишларига жалб қилган. Қарши туманидаги 1-сонли мактаб директори ўринбосари Отабек Ҳамидов ҳам худди шу хатони такрорлаган.

— Юқорида тилга олинаётган ҳолатларнинг барчасида айбдор деб топилган масъуллар ўша пайт энг кам ойлик иш ҳақининг бир бараваридан 3 баравари миқдорида жаримага тортилган, эндиликда жарималар миқдори кўтарилди, — дейди Бахтиёр Файзиев. – Айни кунда шундай хатога йўл қўйган мутасаддилар энг кам ойлик иш ҳақининг 10 бараваридан 30 бараваригача жаримага тортилиши белгилаб қўйилди. Вояга етмаганларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш эса энг кам ойлик иш ҳақининг 30 бараваридан 50 бараваригача бўлган миқдордаги жаримага асос бўлиши мумкин. Хато бир йил давомида такрор содир этилган тақдирда мутасадди энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баробаридан 100 баробаригача миқдордаги жаримага тортилади.

Fikr bildiring

Sizning elektron pochtangiz ko`rsatilmaydi.