Qidirish uchun yozing

Asosiy

“Юқумли касалликлар шифохонасида даволанаётган журналистни қандай қилиб боғчага киритаман” Қашқадарё бош тарбиячиси журналистга қўйган тақиқини изоҳлади

  Ulashish

Bong.uz сайтида “Қашқадарё бош тарбиячиси ходимларини сўкиб ташлади” сарлавҳали хабар чоп этилди. Унда келтирилган аудиоёзувдаги овозларнинг бири вилоятнинг бош тарбиячиси Асрор Алимардоновга тегишли эканлиги айтилади. Аудиоёзувда бошлиқ суҳбатдош ходимига ахборот олишга келган журналист билан гаплашмасликни айтиб, уни “кет йўқол” деб ҳайдаб юбориши ҳақида топшириқ беради. Энг ёмони бошқарма бошлиғининг овози эканлиги тахмин қилинаётган ёзувда жаноби бошлиқ ходимига журналистга ахборот беришни тақиқлаш баробарида боғчаларга киритмаслигини, мухбирнинг таъмагирлиги бўлса, исбот учун аудиоёзув ёзиш имкони ҳақида сўрайди.

“Қашқадарё зиёкори” мухбири вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Қашқадарё вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Асрор Алимардонов билан суҳбатлашди. Бошқарма бошлиғи журналистни боғчага киритмаслиги ва “кет йўқол” деб ҳайдаб юборишлари ҳақида топшириқ беришининг сабабини очиқлади. Унинг айтишича, Қамашидаги боғчаларга борган журналист яқинда Жиззах вилоятидаги шифохонлардан бирининг юқумли касалликлар бўлимида даволаниб чиққанини Алимардоновга смс ёзиб маълум қилган. Шунинг учун ҳам жаноби бошлиқ журналист соғлиғига шубҳа қилиб, болалар олдига қўймаган.

Смс скриншот Фото: Асрор Алимардонов

— Юқумли касалликлар шифохонасида даволанаётган кишини қандай қилиб боғчага киритаман, — дейди вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Асрор Алимардонов.  — Ўзим ҳам боғчага кириш учун соғлиғимни текширтириб, сўнгра кейин кираман.

Асрор Алимардонов

Асрор Алимардоновнинг тан олишича, аудиоёзувдаги овоз ҳақиқатдан ҳам унинг овози, суҳбатдоши эса Қамаши туман мактабгача таълим бўлими мудирлигини вақтинча бажарувчи Жавоҳир Хўжамбердиев.

— Ходимимга ҳақиқатдан ҳам Камола исмли журналистга ахборот бермасликни тайинладим ва бордию ўша журналист яна вилоятга келадиган бўлса яна киритмаслик хусусида топшириқ бераман, — дейди бошқарма бошлиғи Асрор Алимардонов. – Боиси Камола Шерматова исмли журналист яқинда менга смс ёзиб, у билан келишиб ишлашимни, гаплашиб олиш учун у даволанаётган Жиззахдаги шифохоналардан бирининг вирусология бўлимига боришимни айтди. Камола Шерматова аввал ҳам вилоятимизга келган ва журналистга хос бўлмаган хатти-ҳаракатлари билан бизни ҳайратлантирган. Қарши шаҳридаги “Эркатой” боғчасида бўлиб, болалар кўз ўнгида тамаки чеккан. Косон туманидаги боғча мудираларини қўрқитиб, пул талаб қилган. Кўпчилик мудиралардан пул ҳам олган. Бунга етарли даражада исботим бор, албатта. Агар мутасадди ташкилотлар қизиқса, тақдим этишим мумкин.

Асрор Алимардонов иқрорларига кўра, ўзини мухбир сифатида таништираётган Камола Шерматова доимий равишда уни ҳақорат қилиб келган, шаънини таҳқирловчи “смс” хабарлар ёзиб у билан келишиши лозимлигини, йўқса унга қарши ишлашда давом этишини билдирган.

— Менга бошқа вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғини мисол қилиб келтириб, у билан келишиб ишлаётганини шунинг учун ҳам ҳар бир ишда унга кўмаклашаётганлигини, қолаверса вилоятимиздаги ҳокимлардан бири билан ҳам кўп йиллик қадрдон эканлигини ёзиб, улар каби келишишимни сўрайди. Ҳар доим кўришиб гаплашишни, айтган манзилига боришим лозимлигини ёзади. Яқинда ҳам Жиззахда вирусологияда даволанаётганлигини ёзиб, ўша ерга боришимни сўради.

Алимардонов сўзининг исботи сифатида тақдим этган смс хабарномалар скриншотидан маълум бўлишича, 15-02 рақамли телефон эгасидан келган хабарда “Жиззахда вирусологиядаман, шўтга келинг” деган хабар бор. Бундан ташқари мазкур рақам эгасидан келган хабарномаларда “Бирор жойга чой тайёрла, ўзим ўтаман”, “Санам эркакмисан”, “Ўзингни даволат, осиб қўй”, “Сан хоин, ички душмансан”, “Чақалоқ ҳидини ҳидлаганмисан, санда оталик бахти борми”, “Ким учун яшаяпсан, мақсадсиз”, “Чунки Сизни болангиз йўқ” каби сўзлар ёзилган хабарномалар ҳам келган.

15-02 рақами Камола Шерматовага тегишлими ёки йўқми буни текшириб кўриш мақсадида журналист билан боғландик ва ушбу смс хабарларни у жўнатган-жўнатмагани билан ҳам қизиқдик.

“Қашқадарё зиёкори» мухбири билан айнан шу рақам орқали мулоқотга киришган Камола Шерматова даставвал мухбирдан бу муаммони ўрганиш учун расмий хат сўрайди. Мухбир шу рақамдан бошқарма бошлиғига юборилган смс хабарномаларни Сиз ёзганмисиз ёки йўқми шунга ойдинлик киритмоқчиман дегач, Шерматова ҳақиқатдан ҳам бошқарма бошлиғига смс хабарномалар юборганини, аммо ҳақорат қилмаганини айтди. Журналист Шерматованинг айтишича, бошқарма бошлиғи унга мунтазам равишда пул таклиф қилиб келган.

Камола Шерматова томонидан тақдим этилган смс хабарномалар скриншотида Асрор Алимардонов ҳақиқатдан ҳам Шерматовани Қаршига таклиф қилган.

Бошқарма бошлиғи Асрор Алимардонов “Қашқадарё зиёкори” мухбири билан суҳбати давомида Камола Шерматова бошқарма таркибидаги мактабгача таълим ташкилотларига келадиган бўлса, яна шундай топшириқ беришини айтмоқда.

“Қашқадарё зиёкори” мухбири бошқарма масъуллари билан суҳбати давомида Bong.uz журналисти кўтарган маргаринлар масаласига ҳам тўхталиб ўтди.

Бошқармада соғлом овқатланишни ташкил этиш бўлими бошлиғи сифатида ишлаб келаётган Земфира Қурбонованинг таъкидлашича, ҳақиқатдан ҳам боғча болаларига табиий, сигир сутидан тайёрланган сариёғ берилиши керак.

Земфира Қурбонова

Қамаши туман Мактабгача таълим бўлими бошлиғи вазифасини бажариб келаётган Жавоҳир Хўжамбердиев имзоси билан бошқарма бошлиғига жорий йилнинг 23 август куни тақдим этилган маълумотномада келтирилишича тумандаги боғчаларга берилаётган маҳсулот маргарин эмас, сариёғ эканлиги айтилиб, таркибида ўсимлик ёғи борлиги, туман давлат санитария-эпидемиология назорат маркази томонидан истеъмолга яроқли эканлиги ҳақида маълумот берилгани ёзилади.

Жавоҳир Хўжамбердиевнинг бошқармага маълум қилишича, 2019 йилнинг июль ойида тумандаги МТТ ларда тарбияланаётган болаларнинг соғлом овқатланишини таъминлаш мақсадида бўлим “ТURA URALOVICH INVEST” МЧЖ билан №1-сонли 14 миллион 801 минг сўмлик шартнома имзоланган ва шартномага асосан 41 000 сўмдан 361 кило сариёғ маҳсулоти етказиб берилган. Шартномага асосан олдиндан шартнома тузиш учун асос бўладиган бирламчи ҳужжатлар яъни тижорат таклифи, гувоҳнома, мувофиқлик сертификатлари тақдим этилган. Ундан ташқари “YOUТH EMPIRE” МЧЖ билан ҳам №12/19-сонли 6 миллион 560 минг сўмлик шартнома имзоланган ва шартномага асосан 41 минг сўмдан 160 кило сариёғ етказиб берилган. Мазкур ташкилотдан ҳам шартнома тузиш учун асос бўладиган бирламчи ҳужжатлар — тижорат таклифи, гувоҳнома, мувофиқлик сертификатлари тақдим этилган.

Қамаши туман мактабгача таълим бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Жавоҳир Хўжамбердиевнинг ёзишича, ҳаммаси қонуний ва риволадагидек.

Аммо бошқарманинг соғлом овқатланишни ташкил этиш бўлими бошлиғи Земфира Қурбонова бошқача фикрда. Земфира Қурбоновага кўра, ҳар ойнинг бошида вилоят ҳокими ўринбосари боғча болаларига берилиши лозим бўлган маҳсулотлар ва уларнинг нархларини тасдиқлайди. Мазкур тасдиққа мувофиқ боғча болаларига табиий, сигир сутидан тайёрланган 82,5 фоизли сариёғ берилиши керак. Ва ўша сариёғ нархи 41 минг сўм қилиб тасдиқланган. Қамашидаги боғча болаларига берилган таркибида ўсимлик ёғи бўлган сариёғ тасдиқланган рўйхатда 30 минг сўм қилиб белгиланган.

Бошқарма мутасаддиларининг айтишича, мазкур ҳолатда шартнома тузишда нарх борасида ғирром қилинган.

Бошқарма бош ҳисобчиси Шокир Эроловнинг тушунтиришича, боғчага маҳсулот бўлим таркибида тузилган 5 ёки 7 кишидан иборат танлов ҳайъати хулосасига кўра олиб кирилади. Тумандаги боғчаларга маҳсулот олиб кириш масаласига мактабгача таълим бошқармаси масъуллари умуман аралашмайди. Тадбиркор ўз махсулотини тавсия қилгач, танлов ҳайъати буни ўрганиб чиқади. Танлов ҳайъатига тақдим этилган тижорат таклифи, гувоҳнома, мувофиқлик сертификатлари шартнома тузишга асос бўлади.
Тартиб-тамойилга кўра танлов комиссиясига бўлим мудири раислик қилиши керак экан. Аммо Қамашида бу тартиб бузилган. “ТURA URALOVICH INVEST” МЧЖ маҳсулотларини кўриб чиқувчи танлов комиссиясида Ж.Маҳмадалиев раислиги кўрсатилади.
Бошқарама масъуллари бу ҳолатни Ж. Маҳмадалиев ўша пайтда бўлимда вақтинча мудир вазифасини бажарганлиги билан изоҳлашмоқда.

Шокир Эролов

Бошқарма бошлиғи ўринбосари Феруз Жабборовнинг маълумот беришича, МТТ раҳбари ва ҳамшираси маҳсулот талабга жавоб бермаса бу ҳақда бўлимга эътироз билдиришга, маҳсулотни олишни рад этишга ҳақли. Қолаверса бўлим ҳар ой боғча раҳбарияти буюртмасига кўра, маҳсулот буюртиради.

— Қамаши туманидаги боғча масъулларидан шу пайтга қадар бирор марта ҳам маҳсулот талабга жавоб бермаслиги ёки буюртма қилинган маҳсулот берилмаётгани ҳақида эътироз келиб тушмаган, — дейди Земфира Қурбонова. – Агар боғчаларда шундай ҳолат бўлганда, биз хабар топардик.

Бироқ Қамаши туманидаги 1-сонли мактабгача таълим ташкилоти раҳбари ушбу масала юзасидан нафақат бўлим, бошқармага ҳам такрор-такрор маълум қилганлигини айтмоқда.

Мазкур ҳолатда бошқарма масъуллари ўзларини оқлашга уриниши тайин, албатта. Аммо тартиб-тамойил улар айтгандек бўлиши ҳам мумкин. Бироқ ҳар қандай ҳолатда ҳам бошқарма бошлиғининг ўз ходимига журналистга ахборот бермаслиги ҳақида топшириқ бериши, “кет йўқол” деб ҳайдашга ва таъмагирлик қилишга чорлаб, овозини ёзиб олишга ундашини оқлаб бўлмайди. Демакки, бу ҳолатга фақатгина масъулларгина аниқлик киритиши мумкин.

Fikr bildiring

Sizning elektron pochtangiz ko`rsatilmaydi.