Qidirish uchun yozing

Asosiy

Ўзбекистонда ДХМнинг 39 та янги биноси фойдаланишга топширилган. Қирқинчи бино Косон туманида иш бошлади

  Ulashish

Ўзбекистонда Давлат хизматлари марказининг барча қулайликларга эга бўлган қирқинчи биноси Қашқадарё вилоятининг Косон туманида фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда “Қашқадарё зиёкори”га Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси матбуот хизмати хабар беряпти.

Маълум бўлишича, жорий йил бошидан айни кунга қадар Давлат хизматлари маркази томонидан туман аҳолисига 65 127 та хизмат кўрсатилган. Натижада 882 та якка тартибдаги тадбиркор, 259 та юридик мақомга эга бўлган тадбиркорлик субъектлари ташкил этилган. Шунингдек, 3 та хорижий инвестиция иштирокидаги корхона ва 4 та қўшма корхона рўйхатдан ўтказилган. Ҳудудга жами бўлиб 4,миллиард 457 миллион сўм миқдорда инвестиция киритилган.

Косон туман ҳокимлиги матбуот хизматининг ёзишича, тадбирда вилоят ҳокими Зафар Рўзиев ҳамда Давлат хизматлари Агентлиги директори Халилулла Тўрахўжаев иштирок этиб, туманда истиқомат қилувчи 278 минг 200 нафар киши учун бундай шароитларга эга давлат хизматлари маркази биноси жуда зарур эканлиги таъкидланган.

— Бундай шарт-шароитга эга бўлган давлат хизматлари маркази ҳеч қайси туманда йўқ, — дейди вилоят ҳокими Зафар Рўзиев. — Имкониятларининг қадрига етишимиз керак.

Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Моҳидил Равшанаованинг маълумот беришича, бугунги кунга қадар Республика бўйича 39 та янги давлат хизматлари марказларининг бинолари фойдаланишга топширилган бўлса, бу қирқинчиси ҳисобланади.

— Аммо мазкур бино вилоятимиз миқёсидаги замонавий, барча қулайликларга эга бўлган биринчи бинодир, — дейди Моҳидил Равшанова. — Марказда барча қулайликлар яратилган, инфо-киоск, электрон навбат олиш терминали, 20 та хизмат кўрсатиш ойнаси бўлиб, мижозларнинг навбатда туришининг олди олинган. Шунингдек ҳамкор ташкилотларнинг вакиллари ҳам шу ерда фуқароларни қабул қилиб, мурожаатларни кўриб чиқишлари учун шароитлар яратилган. Туман ФҲДЁ, нотариус бўлими, адлия бошқармаси, Бош вазир қабулхонаси, йўл ҳаракати хавфсизлик бошқармаси вакиллари учун алоҳида хоналар ажратилган бўлиб, фуқароларимиз шу ернинг ўзида барча саволларига жавоб олиш имконига эга бўлади. Бундан ташқари Марказда кутубхона, болалар майдончаси ҳам мижозларимизнинг вақтларини унумли ўтказишлари учун беминнат хизматда.

Fikr bildiring

Sizning elektron pochtangiz ko`rsatilmaydi.