Qidirish uchun yozing

Asosiy

“Журналистга қилинган хатти-ҳаракатни оқлаб бўлмайди” Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси қашқадарёлик журналист ҳимоясига шайлигини маълум қилди

  Ulashish

Журналистлар ижодий уюшмаси Қашқадарё вилоят бўлими ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси қашқадарёлик журналист Дилшод Набиевни ҳимоя қилишга шайлигини билдириб, вилоят 1-сон асаб-руҳий касалликлар шифохонаси ходимларининг журналистга қилган хатти-ҳаракатини оқлаб бўлмаслигини таъкидлади. Бу ҳақда “Қашқадарё зиёкори” мухбири хабар беряпти.

5 сентябрь куни Журналистлар ижодий уюшмаси Қашқадарё вилоят бўлими, Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамда Миллий тикланиш демократик партияси вилоят Кенгаши масъуллари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда журналист ва блогерларнинг эркин фаолият юритиши, уларни қийнаб келаётган муаммолар ҳақида сўз борди.

Давра суҳбатида “Қашқадарё зиёкори” ҳамда «Дарё» интернет нашрида чоп этилган “Қашқадарёда асаб-руҳий касалликлар шифохонаси сирини фош қилишга уринган журналистга куч ишлатилгани айтилмоқда. Шифохона қандай сирни яширмоқда?” сарлавҳали мақолада тилга олинган муаммо ҳам муҳокама қилинди.

— Ушбу жараёнда журналистнинг ягона хатоси бу — ярим кечаси маълумот олишга боргани, — дейди Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Усмон Нусуров. – Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам шифохона ходимларининг журналистга бундай муносабатда бўлиши тўғри эмас. Уларнинг бунга ҳаққи йўқ. Бу ҳаракатни ҳеч қандай ҳолат билан оқлаб бўлмайди. Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бундай ҳолатда журналистни ҳимоя қилишга тайёрлигини билдиради.

Усмон Нусуровнинг айтишича, ушбу ҳолат масъул ташкилотлар томонидан ўрганилмоқда. Тез орада ўрганиш натижалари маълум қилинади.
Журналистлар ижодий уюшмаси Қашқадарё вилоят бўлими бошлиғи Галовиддин Йўлдошевнинг маълумот беришича, улар журналист Дилшод Набиев билан бу ҳақда суҳбатлашишган ва журналистни қўллаб-қувватлашини билдирган.

Давра суҳбатида Дилшод Набиевнинг хатти-ҳаракати ҳақида кўрсатув тайёрлаган Қашқадарё вилоят телевидениеси журналисти Наврўзшоҳ Худойқулов ҳам иштирок этиб, кўрсатувнинг эфирга чиқмасдан бурун ижтимоий тармоқларда тарқалишига изоҳ берди.

Наврўзшоҳ Худойқуловнинг маълум қилишича кўрсатув тайёр бўлгач, журналист телеграм ижтимоий тармоғи орқали уни вилоят 1-сон асаб-руҳий касалликлар диспансери бош шифокори Ғайрат Муродовга жўнатган. Телевидение журналистининг тахминича, ҳали эфирга кетмаган кўрсатув шифохона бош шифокори Ғайрат Муродов томонидан ижтимоий тармоққа жойлаштирилган.

— Кўрсатув ҳали эфирга кетмай туриб, ижтимоий тармоқларга жойланишини қандай тушуниш мумкин, — дейди Дилшод Набиев шу ҳақда фикр билдирар экан. – Телевидение раҳбарияти буни қандай изоҳлайди? Ёки Қашқадарё телевидениесида бу одатий ҳолми?

Аниқланишича, кўрсатув ҳали ҳам эфирга чиқмаган.

— Кўрсатув ҳали тўлдирилади ва яқин кунларда эфирга узатилади, — дейди Наврўзшоҳ Худойқулов.

Давра суҳбатида сўз олган партия вакиллари журналист ва блогерлар фаолиятини ҳимоя қилиш мақсадида қонунчиликдаги камчиликларни тўлдириш учун таклифлар беришаётганини айтиб, журналист ва блогерлардан ўзларини қийнаб келаётган муаммолар ҳақида партия вакилларига таклиф беришларини сўради. Айтилишича бу таклифлар партиядан сайланган депутатлар орқали Олий Масжлис Қонунчилик палатаси депутатларига етказилади.

Fikr bildiring

Sizning elektron pochtangiz ko`rsatilmaydi.