Qidirish uchun yozing

Asosiy

Қашқадарё вилояти ҳокими косонлик ўқувчиларга дарс ўтди

  Ulashish

Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев Косон туманидаги 62-сонли умумтаълим мактабининг “Биринчи қўнғироқ” тадбирида иштирок этиб, мактаб ўқувчилари билан бирга давлат мадҳиясини куйлади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар беряпти.

— Шунингдек, вилоят ҳокими ўқувчиларга мустақиллик дарси ҳам ўтди, — дейди матбуот хизмати раҳбари Аҳрор Содиқов. — Унда мустақилликнинг миллий тараққиётимиз, бугунги ва келгуси авлодлар тақдири, келажаги учун беқиёс аҳамияти йиллар ўтиши билан тобора ортиб бораётгани, Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги халқимизнинг миллий манфаатларини, тинч ва осуда ҳаётини таъминлаш, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб келаётганини алоҳида таъкидлади.

Қашқадарё вилоятида вилоят ҳокимидан ташқари Деҳқонобод тумани ҳокими ҳам туманнинг Бешбулоқ шаҳарчасидаги 23-умумтаълим мактабининг «Биринчи қўнғироқ» тадбирида иштирок этган.

Туман ҳокимлиги матбуот хизматининг айтишича, туман ҳокими дарс аввалида ўқувчиларга мактаб таълимининг инсон ҳаётидаги аҳамияти ҳақида сўз очиб, мактабда яхши таълим олиш инсон келажагини белгилаб беришини таъкидлаган. 1-синф ўқувчиларига 12 турдаги ўқув қуролларидан иборат Президент совғасини топширган.

Матбуот хизмати хабарига кўра, Зоир Алиқулов дарс якунида янги ташаббусни илгари сурган.

Маълум бўлишича, туман ҳокими биринчи чорак якунига кўра мактабнинг 5-9 синф ўқувчилари ўртасидаги рейтинги юқори, энг аълочи ва жамоатчи синфни оталиққа оладиган бўлган.

— Туманимиз ҳокими «Биринчи қўнғироқ» тадбирида иштирок этиб, мактабнинг энг аълочи ўқувчиларидан иборат синфни оталиққа олишини айтди, — дейди туман халқ таълими бўлими мудири Абдуғани Ҳимматов. – Режага кўра, биринчи чоракни аъло баҳоларга якунлаган синф эълон қилинади ва ўша синф туман ҳокими оталиғига берилади. Ҳоким бир вақтнинг ўзида ўша синфга ҳафта давомида 2 соат дарс ўтади. Синф ўқувчиларига раҳбарлик вазифасини бажаради ва ўша синфнинг ками-кўсти ҳақида ҳам қайғуради.

Fikr bildiring

Sizning elektron pochtangiz ko`rsatilmaydi.