Qidirish uchun yozing

Asosiy

Қашқадарёда асаб-руҳий касалликлар шифохонаси сирини фош қилишга уринган журналистга куч ишлатилгани айтилмоқда

  Ulashish

Қашқадарёлик журналист Дилшод Набиев унга нисбатан 5 киши бўлиб куч ишлатишгани, фаолиятига тўсқинлик қилиб, иш қуролларини тортиб олишгани ва ўлдириш билан таҳдид қилишганини айтмоқда.

Воқеа тафсилотини ўрганган “Қашқадарё зиёкори”  мухбирининг ёзишича, журналист бундан аввалроқ Қарши шаҳридаги вилоят 1-сон асаб-руҳий касалликлар диспансери беморлари дея таҳмин қилинган, уларнинг ачинарли ҳолатда даволанаётгани акс этган видеони омма эътиборига ҳавола қилган. Шу боисдан ҳам шифохона масъулларига журналистнинг кутилмаган меҳмон бўлиши унчалик хуш келмаган.

Дилшод Набиевнинг маълумот беришича, мазкур видеода вилоят 1-сон асаб-руҳий касалликлар диспансери беморларининг ачинарли ҳолати тасвирланган бўлиб, мазкур видеони журналистга шифохона ходимлари юборган. Оммага эълон қилинган тасвирлардан маълум бўлишича, шифохонада беморлар учун мўлжалланган кароватлар етишмайди. Видеода битта кароватда 2 нафар бемор ётгани акс этган. Янаям ачинарлиси, беморлар ётган хоналар антисанитария ҳолатидалиги маълум бўлади.

Видео журналист томонидан оммага эълон қилингач, шифохона бош шифокори Ғ.Муродов ушбу чиқишни ёлғон маълумот дея баҳолайди.
— Дастлабки чиқишимизни ёлғон маълумот деб расмий хат беришгач, ҳақиқатни исботлашга уриндик, — дейди Дилшод Набиев. – Боиси, биз билан суҳбатлашган шифохона ходимлари видеодаги ҳолат ҳақиқат эканлигини, агар шифохонага келишса бундан-да баттарига гувоҳ бўлишимиз мумкинлигини айтди. Шунинг учун ҳам 27 август куни тунги соат 23:00 да шифохонага бориб, маълумот олишга урундим.

Суҳбатдош мухбирнинг “нима учун ярим кечаси маълумот олишга бордингиз”, — дея берган саволига маълумотни имкон қадар шифохона раҳбариятига сездирмасдан олишга уринганини, раҳбарият сезса, аниқ маълумотни қўлга киритолмаслигидан чўчиганини ва шунинг учун ҳам раҳбарият кетгач, кечаси боришга қарор қилганини билдирди.
Журналистнинг ушбу ҳаракати вилоят телевидениеси томонидан алоҳида кўрсатув сифатида тилга олинади ва ижтимоий тармоқларда “ўзини журналистман деб таништириб юрган Дилшод Набиевнинг фирибгарлиги фош бўлди” дея жар солинади. Аммо мазкур видеони тарқатган инсонлар тез орада уни ўчиради. Сабаби номаълум.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган вилоят телевидениеси журналистлари томонидан тайёрланган кўрсатувда айтилишича, Дилшод Набиев 27 август куни 23:06 да шифохона қубул бўлимига кирган ва ўзини таништириб маълумот олишга келганини айтган. Шунда у билан суҳбатлашаётган навбатчи шифокор (Дилшод Набиевнинг айтишича, шифокор ўзини таништиришни истамаган) журналист ҳужжатини кўздан кечирган. Суҳбатдошлар 2-3 дақиқа суҳбатлашишган.

Кузатув камералари суратга олган тасвирлардан кўринишича, айни шу жойига келганда хона чироқлари шифокор томонидан ўчирилади ва камера воқеалар ривожини илғамай қолади. Камералар илғамаган воқеаларни шифохона маъмурияти бошқача талқин қилишга уринмоқда.
Уларнинг наздида журналист кечки пайт 23:06 да шифохона қабул бўлимига кириб, бақир-чақир қилганча шифокорларни ҳақоратлай бошлаган. Ичкарига кириши лозимлигини талаб қилган.
Дилшод Набиевга кўра, у қабул бўлимига кириб, ўзини таништириб муддаосини айтгач, навбатчи шифокор журналистни ичкарига киритмаслигини таъкидлаган. Ва кечки соат 22:00 дан кейин ички тартиб бўйича беморларни безовта қилиш мумкин эмаслигини айтган. Журналист буни тасдиқловчи ички буйруқ ёки шунга ўхшаш бирор бир асос кўрсатилишини сўраган.

Журналист кузатув камералари илғамаган воқеалар ҳақида гапирар экан, хона чироғи ўчгач, ҳамширадан чиқиш эшигини сўраганини ва ҳовлига чиққанини айтади.

— Ичкарига киришимга рухсат беришмади, киришим мумкин эмаслиги ҳақида тайинли асос ҳам келтиришмади — дейди Дилшод Набиев. – Шунинг учун ҳам бош шифокор билан гаплашишни сўрадим. Аммо гаплаштиришмади. Сўнгра ҳамширадан чиқиш эшигини сўрадим. Кириб келган эшигим қулфлангани боис, бошқа эшикдан шифохона ҳовлисига чиқдим. Шунда велосипед судраб келаётган нотаниш киши, “Сен кимсан бу ерда нима қилаяпсан” – деб мени судрай бошлади. Журналист эканлигимни, ўзимни навбатчи шифокорга таништирганимни айтсам-да, гапимга қулоқ солмади. Қўлимдан тутиб, судрашда давом этди. Шифохона ҳовлисини ўраб турган панжарага яқинлашганимизда ички кийимда турган кишига кўзим тушди. Беморлардан бири бўлса керак деган ўйга бордим. Аммо у киши ҳам қоровул экан.

Дилшод Набиев шифокор ва қоровулларидан иборат 5 нафар киши уни қороулхонага мажбурлаб қамаб, ўлдириб юбориш билан қўрқитганини айтмоқда.

— Қоровулхонага яқинлашганимизда мен билан суҳбатлашган шифокор ва ҳамшира ҳам етиб келди ва қоровулларга ёрдамлашиб, мени қоровулхонага мажбурлаб қамашди, — дейди журналист. – Қоровулхона ичкарисига кирганимизда ички кийимда юрган қоровул менга куч ишлатиб, фотоаппаратимни тортиб олишга уринди. Зўравонлик қилиб, ўлдириб юборишини айтди. Беш киши бараварига камерамга ёпишгач, камерага зарар етмасин деб “флешка”сини уларга бердим.

Дилшод Набиевнинг қўшимча қилишича, уни қоровулхонага қамашаётган пайт беморлардан икки нафари ёрдам бериш учун кўчага чиққан, аммо уларни мажбурий тартибда ичкарига олиб кириб кетишган. Журналист унга ёрдам бермоқчи бўлган беморлар уни шифохонага чақирганлар бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Боиси, эртаси куни Дилшод Набиевга телефон қилишиб, унга ёрдам бериш учун чиқишганини, аммо имкон беришмаганини билдиришган.

Журналистни қоровулхонага қамаган навбатчи шифокор бош шифокорга қўнғироқ қилиб, журналист ёш бола эканлигини, шовқин-сурон қилиб, барчанинг жумладан беморларнинг ҳам тинчини бузаётганини айтган. Тайин гапки, бош шифокор ИИБ га мурожаат қилган.

— Бироз ўтиб, 2 нафар ИИБ ходими Миллий гвардия ходимлари билан бирга келишди, — дейди Дилшод Набиев. – Воқеани сўраб-суриштира бошлашди. Шунда мен бор воқеани айтмоқчи бўлиб оғиз жуфтлагандим, “Сиз жим туринг буларни эшитайлик” – дейишди. Шифохона навбатчи шифокори мени бинога бостириб кириш ва шовқин-сурон кўтаришда айблади. ИИБ ходимлари барча гапни эшитиб бўлгач, мен камерамнинг “флешка”си ва хизмат гувоҳномамни олиб қўйишаганини айтиб, ИИБ ходимларидан олиб беришларини илтимос қилдим.

Гувоҳномамни беришди. Аммо камерам “флешка”сини беришдан бош тортишди. Шунда ИИБ ходимларидан камерам хотирасини олиб беришларини талаб қила бошладим. ИИБ ходимлари эса мени бўйсунмасликда айблаб, куч билан хизмат машинасига миндириб, бўлимга олиб кетишди. Бўлимда ярим соат ушлаб туришиб, кейин қўйиб юборишди.

Вилоят 1-сон асаб-руҳий касалликлар диспансери раҳбарияти Дилшод Набиевни руҳий-асаб касалликлар шифохонасида тасвирга олиш ишларини олиб бориш қонун билан тақиқланганлигини билмасликда айблайди. Ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотларга шикоят қилишини билдиради. Дилшод Набиев эса ҳеч ким, ҳатто бу ҳақда махсус кўрсатув тайёрлаган телевидение журналистлари ҳам уни эшитмаганидан шикоят қилмоқда.

— Бу ҳақда махсус кўрсатув қилишган журналистлар нега менинг гапларимни ҳам эшитиб кўришмади, — дейди Дилшод Набиев. – Менинг ҳам ўз ҳақиқатларим, айтадиган гапларим бор эди. Қолаверса вилоят телевидениеси кўрсатувида шифохона кузатув камералари тасвирларидан фойдаланилган. Тасвирларни кўрган бўлсангиз, у ерда менинг ножўя хатти-ҳаракатим сезилмаган. Хўп, ахборот олиш учун нотўғри вақтни танлабман. Шуни тушунтиришса, кечки 22:00 дан кейин шифохонага кириш тақиқланганини айтишиб, асос кўрсатишса олам гулистон эдию. Қолаверса хона чироғини ўчиришгач, мен кетишга чоғлангандим. Уларнинг ўзи менга куч ишлатишди. Устига-устак мени зўравонликда айблашмоқда.

Дилшод Набиевнинг маълумот беришича, оммага тарқатилган биринчи видеодан сўнг шифохона раҳбарияти бундай ҳолат бизда йўқ деб, 18 та янги кароват олиб келган. Хоналарнинг айрим жойларини таъмирлаб, бинойидек ҳолатга келтирган.

Ушбу воқеага Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси масъулларининг муносабатини кутиб қоламиз.

«Қашқадарё зиёкори» воқеалар ривожини кузатишда давом этади.

Fikr bildiring

Sizning elektron pochtangiz ko`rsatilmaydi.