Qidirish uchun yozing

Asosiy

Қашқадарёда яна “снос” муаммоси: Уйи ва дорихонаси бузиб ташланган тадбиркор 4 йилдан бери ҳақини ололмай сарсон бўлмоқда

  Ulashish

2015 йил 126 метр/кв майдонга эга бўлган уйи ва дорихонаси бузиб ташланган қаршилик тадбиркор Ғанишер Нуриллаев 4 йилдан бери ҳақини ололмай сарсон-саргардон бўлмоқда. Тадбиркор бу ҳақда “Қашқадарё зиёкори”га мурожаат қилиб, адолатсизлик омма эътиборига ҳавола қилинишини истаяпти.

Ғанишер Нуриллаев ва турмуш ўртоғи Турсунтош Панжиева

Тадбиркор мурожаатини ўрганган “Қашқадарё зиёкори” мухбирининг ёзишича, 2015 йил собиқ Ўзбекистон ҳозирги Ислом Каримов кўчасида бузиб ташланган 36 та турар жой эгаларининг аксарияти қурилиш ташкилоти — “Ҳамраев Эркин таъмир бинокор” раҳбариятидан норози.

— 2015 йил август ойида Қарши шаҳар ҳокимлиги ва қурилиш ташкилотидан кафолат хати беришди, — дейди тадбиркор Ғанишер Нуриллаев. – Кафолат хатида менга тегишли мулк Президентимизнинг 2013 йил 25 июлдаги “Қарши шаҳрини келажакда қайта қуриш режаси ва замонавий йўл-транспорт коммуникацияларини ривожлантириш давлат Дастури тўғрисида”ги қарори асосида олиб борилиши лозим бўлган ишларга халал бериши ва қизил чизиққа тушгани хусусида айтишди. Ва бузиб ташланажак уйим ва дорихонам учун янги қурилаётган кўп қаватли уйнинг биринчи қаватидан умумий фойдаланиш майдони 50 метр/кв ва ертўласи 50 метр/кв дан иборат нотураржой ҳеч қандай тўловларсиз берилиши маълум қилинганди. Қурилиш ташкилоти билан тузилган шарномага кўра, менга ажратиладиган нотураржой 2016 йил август ойида берилиши лозим эди. Аммо мана тўрт йил ўтяптики, ҳалигача бузилган уйим ва дорихонам учун ҳақимни ололмаяпман. “Бугун бераман, эртага бераман” — деган ёлғонлар билан “қўйнимни пуч ёнғоққа тўлдиришмоқда”.

Тадбиркорнинг айтишича, бузилган эски уй ва дорихонанинг умумий майдони 126 метр/кв ни ташкил қилиб, ҳар иккала мулк учун алоҳида-алоҳида — 2 та кадастр ҳужжати мавжуд бўлган.

Тадбиркор Ғанишер Нуриллаевнинг турмуш ўртоғи Турсунтош Панжиеванинг айтишича, қурилиш ташкилоти раҳбари шарномада Олим Баҳриддинов деб кўрсатилса-да, аммо улар Эркин Ҳамраев билан келишишган.

— Бизнинг бузиб ташланган уйимиз ва дорихонамиз ҳозирги янги қурилган кўп қаватли уйнинг марказий қисмида жойлашгани боис, Эркин Ҳамраев хоҳлаган жойингиздан Сизга нотураржой ажратиб бераман деганди, — дейди Турсунтош Панжиева. – Аммо ваъдалар бажарилмади. Кўп қаватли уй битгач, ўзгаришди. Ҳар сафар борсак, “бугун келинг, эртага келинг” — дея алдай бошлашди. Шунда вилоят ҳокими Зафар Рўзиевга мурожаат қилдик. Қарши шаҳар ҳокими Жамшид Фозилов ўртага кириб, вилоят ҳокимига “бу опанинг ишини ўзим ҳал қилиб бераман” деб ваъда берди ва бизни тинчлантиришга уринди.

Тадбиркорга берилиши мўлжал қилинган нотурар
жой

Турсунтош Панжиеванинг маълум қилишича, улар вилоят ҳокими қабулига киргач, Қарши шаҳар ҳокими Жамшид Фозилов уларга жой берилганини айтиб, янги қурилган кўп қаватли уйнинг пастки қаватидаги нотураржой ва унга кириб-чиқиш режалаштирилган йўлакни кўрсатган.

— Вилоят ҳокимига мурожаатимиздан сўнг, Қарши шаҳар ҳокими Жамшид Фозилов ҳамда қурилиш ташкилоти раҳбари Эркин Ҳамраевлар янги қурилган кўп қаватли уйнинг биринчи қаватидан жой кўрсатишди, — дейди Ғанишер Нуриллаев. — Кўп қаватли уйнинг чекка қисмида жойлашган жойни кўрсатиб, “мана шу нотураржой Сизга берилади”, — дейишди. Лойиҳа билан мени таништириб, аптека учун мўлжалланган хонадан ертўлага мана бу жойдан кириб-чиқасиз деб “коридор” ҳам кўрсатишди. Ертўлада сув қувурлари жойлашгани боис, бизга маъқул келмади. Қувур ёриладиган бўлса, ертўлада сақланиши лозим бўлган дориларимиз яроқсиз ҳолга келишини тушунтирдик. Ертўла маъқул келмагач, унинг ёнидаги ертўлани таъмирлаб дори сақлаш учун тайёр ҳолатга келтириб беришларини айтишди. Хўп дедик ва қайтдик. Аммо улар яна ваъдасидан қайтишди.

Аввал ўрнатилиб, кейин олиб ташланган эшик ўрни

Ғанишер Нуриллаевнинг айтишича, қурилиш ташкилоти раҳбари эндиликда дорихона учун мўлжалланган хонадан ертўлага кириб чиқувчи йўлак — “коридор”ни бериш фикридан қайтган ва коридорни алоҳида хона қилиб сотиб юборган. Дорихонадан коридорга чиқувчи қўшимча эшик ҳам ёпилиб, эшиклар ўрнида ғишт терилган. Хулллас, дорихона ва ертўланинг боғлиқлиги йўқолган.

Кузатувларимиздан англашилишича, ҳақиқатдан ҳам тадбиркор Ғанишер Нуриллаевга берилиши режалаштирилган 50 метр/кв ўлчамдаги нотурар жойнинг асосий кириш эшигидан ташқари “коридор”га чиқиш учун ҳам эшик ўрнатилган. Аммо нимагадир эшик олиниб, ўрни ёпилган. Қолаверса, “подвол”га тушувчи зинапоялар ҳам олиниб, қўл учида ёпиб қўйилган.

Ёпиб ташланган зинапоя ўрни

— Лойиҳада алоҳида эшик ва “подвол”га тушувчи зина бўлиши кўрсатилганди, — дейди тадбиркор. – Лойиҳа комиссия кўригидан ўтгач, энди эшик ўрни ёпилиб, коридор ҳам алоҳида хона шаклига келтирилди ва сотилди. Энг ёмони “подвал”га тушувчи зинапоялар ҳам олиниб, қўл учида ёпиб қўйилди. Бу ушбу бинодан фойдаланувчилар учун жудаям хавфли ҳолатга келганидан дарак беради.

Қурилиш ташкилоти масъули Яшин Элибоев аҳоли билан мулоқот қиляпти

Қурилиш ташкилоти масъуллари аввал ўрнатилиб, яқин кунларда олиб ташланаётган эшикни ўзларининг эҳтиёжи учун ўрнатишганини айтишмоқдаю, бироқ бу эшикни ўрнатишдан мақсад нелигини тушунтиришмади. Тўғрироғи, тайинли сабаб келтиришолмади.

— Бу эшикни ўзимиз учун ўрнатгандик, — дейди қурилиш ташкилоти масъули Яшин Элибоев. – Шунинг учун энди олиб ташладик. Бу алоҳида хона деб қурилган. Йўлак бўлмаган.

Яшин Элибоевнинг таъкидлашича, тадбиркор учун нотураржой тайин қилиб қўйилган. Фақат унинг ўзи келиб ариза топширмаган. Ҳужжатлаштириш ишларини қилишга шошилмаган.

— Қарши шаҳар ҳокимлиги таркибида уй-жой бўлими бор, ўша ерга бориб ариза топшириши керак эди, — дейди Яшин Элибоев. – Кейин давлат мулк қўмитасидан рухсат беришарди. Улар бизга хабар беришади. Сўнгра кадастр ҳужжатлари қилинарди.

Журналистик суриштирувларимиз давомида тадбиркор ва қурувчи ўртасидаги можарони тинглаган Қарши шаҳар ҳокими ўринбосари Улуғбек Авазов қурилиш ташкилоти масъули Яшин Элибоевга тадбиркорни рози қилиши лозимлигини айтиб, дорихона ва дори-дармон сақловчи омборнинг боғлиқлигини таъминлаб бериши лозимлигини айтди. Ҳоким ўринбосари ҳозир таклиф қилинаётган ҳолатда дорихона ва омбор ўртасида боғлиқлик йўқлигини ҳам тан олди. Ва қурувчига бу масалани ўйлаб, бир кундан сўнг таклиф бериш ҳақида топшириқ берди. Тадбиркорнинг айтишича, бир кун муддат ўтгач қурувчи тадбиркорга “хоҳлаган жойингга бориб шикоят қил, дорихонага кириб-чиқувчи йўлакни бермайман, хоҳласанг инапланетангга бор”, — деган жавобни айтган.

Қурилиш ташкилотининг айни кундаги масъули Яшин Элибоевнинг қўшимча қилишича, тадбиркор дорихона ертўласига кириб-чиқиш учун айланма йўлдан юришга мажбур. Дорихонага кириб-чиқиш учун битта эшик ҳам кифоя.

— Бу муаммони фақатгина вилоят ҳокими Зафар Рўзиев ҳал қилиб бериши мумкин, — дейди тадбиркорнинг турмуш ўртоғи Турсунтош Панжиева. – Шаҳар ҳокимлиги бу масалада ожизлик қилмоқда. Ёки шаҳар ҳокими бу муаммодан кўз юммоқда. Қурилиш ташкилоти эгаси “қаерга борсанг бор”, — деган гапни айтаяпти. Минг афсуски, вилоят ҳокими қабулига киролмаяпмиз. Бир неча марта бордик. Тополмадик.

Маълум бўлишича, “Ҳамраев Эркин таъмир бинокор” қурилиш ташкилоти собиқ Ўзбекистон кўчасидаги 36 та турар жой биноларини бузиб, ўрнида 103 та турар жой ва ҳатто ўзларига ҳам номаълум бўлган нотурар жой биноларини қурган.

Ушбу қурилиш ташкилоти қурган уйларда яшовчи 73 ёшли Муяссар Омонова ҳамда Норхол Алимовалар ҳам янги қуриб берилган уйларнинг аҳволидан шикоят қилмоқда. Ушбу кўп қаватли уйларда яшовчиларнинг айтишича, қурилиш ташкилоти янги қурилган уйларга иситиш учун “батарея”лар ўрнатилгану, “котёл” ўрнатилмаган.

Ўрнатилмаган котёл ўрни

— Кўчиб ўтганимизга 3 йил бўлган бўлса, ўтган 3 йил давомида қишда уйни иситолмай оворамиз, — дейди Норхол Алимова. — Энг кулгилиси, биз учун қуриб беришган янги уйларда иситиш “батарея”лари ўрнатилган бўлса-да, “котёл” ўрнатилмаган. Қишда уйни қандай иситамиз деб бошимиз қотади. Қурилиш ташкилоти масъулларига бир неча марта айтдик. Улар “снос”чиларга берилган уйга “котёл” ўрантилмаслигини, сотилган уйларга “котёл” ўрнатиб беришларини айтишган.
Қурилиш ташкилоти масъули Яшин Элибоев ушбу шикоятларга жавоб берар экан, бу муаммодан хабари йўқлигини, “котёл” муаммоси бир ҳафтада бартараф этилишини айтди.

— “Котёл” муаммосидан ташқари уй бериш борасида ҳам жуда пала-партиш иш қилишган, — дейди 84 ёшли Исмат бобо Муродов. – Менинг эски уйим биринчи қаватда жойлашганди. Булар менга 3-қаватдан уй беришди. Энг ёмони 3 хонали уйим 2 хонага айланиб қолди. Устига-устак кампирим 73 ёш, ўзим 84 ёш бўла туриб 3-қаватга зўрға чиқамиз. Чиқсак тушолмаймиз, тушсак чиқолмаймиз. Нега уй беришаётганда ёшимизни, аҳволимизни ҳисобга олишмади?

73 ёшли Муяссар момо ва 84 ёшли Исмат бобо

91 ёшли отахон Эшқувват Панжиев ҳам шу муаммодан шикоят қилмоқда.

— Менинг эски уйим 4 хонали эди, менга 3 хонали уй беришди, — дейди 91 ёшли отахон Эшқувват Панжиев. – Бузиб ташланган эски уйимиз ногирон қизим Жумахол Панжиеванинг номида эди. Ногирон қизим ҳам энди юқори қаватда яшашга мажбур. Кўп қаватли уйнинг юқори қаватидан уй беришгани учун, энди шаҳардаги уйимда яшолмаяпман. Қишлоққа қайтишга мажбур бўляпман. Боиси, кириб-чиқишга қийналяпман.

Қашқадарёлик тадбиркор Ғанишер Нуриллаев билан суҳбатимиз сўнгида у дорихона ташкил этганига 25 йил бўлганлигини, шу касбининг орқасидан 4 нафар фарзанд улғайтириб, Ватан корига ярайдиган мутахассислар қилиб тайёрлаганини айтди. Унинг айтишича, бузилишлар сабаб сўнгги 4 йилда нафақат ўзининг унинг қўлида ишловчи 4 нафар ишчисининг ҳам хонадонига даромад кирмаган.

— Аммо буни гапирмаяпман, жим турибман, — дейди Ғанишер Нуриллаев. — Юртимиз фаровонлиги учун шундай бузилиш ва қурилишлар кераклигини биламан. Вазиятни тушуниб, 4 йиллаб кутсам-да, бугун оёқости қилишмоқда. Очиқчасига устимдан кулиб, ҳақимни еб кетишяпти. Айтингчи, шу адолатданми?

“Қашқадарё зиёкори” таҳририяти Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва Қарши шаҳар ҳокимининг ушбу муаммога эътибор қаратиб, адолатли қарор чиқишида ташаббус кўрсатишидан умидвор. Таҳририят лозим топса, мавзуга албатта қайтади.

Fikr bildiring

Sizning elektron pochtangiz ko`rsatilmaydi.