Qidirish uchun yozing

Asosiy

“Дон халқ ризқи” АЖ фаолияти тугатилган фермер билан шартнома тузди ва дон қабул қилди: оқибатда фаолияти қонуний бўлган чироқчилик фермер азият чекмоқда

  Ulashish

«Қашқадарё зиёкори”га Чироқчи туманида фаолият юритувчи фермер Алишер Пардаевдан мурожаат келиб тушди. Фермернинг гапига кўра, “Дон халқ ризқи” АЖ фаолияти тугатилган фермер билан шартнома имзолаб, ундан дон қабул қилган. Оқибатда ғалла етиштиришгача бўлган муддатда барча ишни бажарган фермернинг меҳнати ҳавога учмоқда. Дон учун тўланадиган маблағ бугунги кунга келиб ўзгалар чўнтагини қаппайтирмоқда.

Фермер мурожаатини ўрганиш мақсадида “Қашқадарё зиёкори” мухбири Чироқчи туманининг “Буронжуз” қишлоғида бўлди.

— 2019 йил январь ойида 212,7 гектар ер олиб, “Дурсун илғори” фермер хўжалигини ташкил қилдик, — дейди фермер Алишер Пардаев. – Менга берилган 212,7 гектар ер майдони илгари 4 та фермерга қарашли бўлган. 2019 йил бошидаги оптималлаштириш даврида 4 та фермер хўжалиги фаолияти ҳам тугатилиб, бугунги кунда пудратчи сифатида менинг фермер хўжалигим таркибида фаолият юритмоқда. Менда пудратчи сифатида иш олиб бораётган “Амир ҳожи ота ўғиллари” фермер хўжалиги 2019 йил 24 январь куни Чироқчи туман ҳокими қарорига мувофиқ фаолияти тугатилган бўлса-да, 2019 йил 22 февраль куни “Дон халқ ризқи” АЖ билан дон етказиб бериш тўғрисида шартнома тузиб, июнь ойида 13,6 тонна ғалла топширяпти. Дон ташкилоти ҳам фаолияти тугатилган фермер билан шартнома тузиб, ундан дон қабул қилди. Натижада шунча меҳнат қилган ва давлатнинг солиқ мажбуриятларини бажариб келган фаолияти қонуний фермер бўлсам-да, пулимни ололмай сарсонман. “Дон” Сиздан ғалла қабул қилмаганмиз деган баҳона билан пулимни тўлаб бермаяпти.

Суриштирувларимиздан маълум бўлишича, “Амир ҳожи ота ўғиллари” фермер хўжалиги фаолияти 2019 йил 24 январь куни Чироқчи туман ҳокими Рустам Жўрақобилов қарорига мувофиқ тугатилган ва унга тегишли 50,3 гектар ер туман ҳокимлиги захира ер фондига қайтарилган. Ҳамда бир кун илгари — 2019 йил 23 январь куни янги ташкил этилган “Дурсун илғори” фермер хўжалиги таркибига қўшиб берилган. Ажабланарлиси, “Амир ҳожи ота ўғиллари” фермер хўжалигининг фаолияти январь ойининг 24 санасида тугатилса-да, 2019 йил 22 февраль куни “Дон халқ ризқи” АЖ билан 20 гектар ер майдонидан 6 тонна дон ва арпа етказиб бериш бўйича шарнома имзолаяпти. Шу ерда яна бир эътиборни тортадиган жиҳат бор. “Амир ҳожи ўғиллари” фермер хўжалиги тугатилмасдан унга тегишли ер, фаолияти тугатилган 3 та фермер хўжалиги ери билан бирга 212,7 гектар қилиниб, “Дурсун илғори” фермер хўжалиги таркибига қўшиб берилган. Ваҳоланки, “Амир ҳожи ўғиллари” фермер хўжалиги фаолияти 24 январь куни тугатилган. “Дурсун илғори” фермер хўжалигига эса ер 23 январь куни “ҳадя” қилиб бўлинган.

Аниқланишича, фаолияти 2019 йил 24 январь куни тугатилган фермер хўжалиги июнь ойида “Дон халқ ризқи” АЖ га 13,6 тонна ғалла топширган.
Қизиқ, “Дон халқ ризқи” АЖ қандай қилиб фаолияти тугатилган фермер хўжалиги билан шартнома имзолаяпти? Нега ундан дон қабул қилди? Ёки “Дон халқ ризқи” АЖ нинг фаолияти тугатилган фермер хўжаликлари билан ҳам шартнома имзолаши одатий ҳолми? Мазкур саволларга жавоб берган “Дон халқ ризқи” АЖ юристи Жасур Шопсанов ҳамда агроном Шаҳбоз Саидовлар фаолияти тугатилган фермердан дон қабул қилинишига асос 2018 йил фермер хўжалиги билан тузилган шартнома эканлигини айтишмоқда. 2019 йил февраль ойида тузилган янги шартнома эса мазкур фермер хўжалиги фаолияти тугатилганлигидан бехабар бўлганликлари боис келиб чиққан англашилмовчилик эканлигини айтишмоқда. Ташкилот агрономи ва бевосита фермер хўжаликлари билан шартномалар тузишга масъул Шаҳбоз Саидов бу борада “Дурсун илғори” фермер хўжалиги раҳбарини ҳам айбламоқда.

— “Дурсун илғори” фермер хўжалигини ташкил этиш ҳақида Чироқчи туман ҳокимининг 2019 йил 24 январь куни қарори чиққан ва қарорда янги ташкил этилган фермер хўжалиги раҳбари Алишер Пардаевнинг 5 кун муддат ичида бажариши лозим бўлган вазифалари санаб ўтилган, — дейди Шаҳбоз Саидов. — Ана шу талаблар ичида дон ташкилотига тугатилган фермер хўжалиги унинг таркибига қўшилганлигини маълум қилиб, янги шартнома тузиш вазифаси ҳам бўлган. Аммо минг афсуски, Алишер Пардаев буни бажармаган. Шунинг учун биз ҳам “Амир ҳожи ота ўғиллари” фермер хўжалиги фаолияти тугатилганлигидан бехабар қолганмиз.

Чироқчи туман ҳокимлиги матбуот хизматининг туман юристига таяниб хабар беришича, “Дон халқ ризқи” АЖ га йил бошида туманда фаолияти тугатилган фермер хўжаликлари ва айни кунда фаолият юритаётган фермер хўжаликлари ҳақида маълумот берилган. Ҳокимият юристининг фикрича, “Дон халқ ризқи” АЖ юристи ва агрономи бу ерда ўзларининг ноқонуний хатти-ҳаракатини оқлаш учун туман ҳокимлигини айбдор қилишга уринмоқда.

— Туман ҳокимлиги фаолияти тугатилган фермер хўжаликлари ҳақида маълумот бермаган бўлса, унда “Дон халқ ризқи” АЖ нега фаолияти тугатилган бошқа фермер хўжаликлари билан ҳам тасодифий тарзда шартнома имзоламаган экан, нега энди фақатгина “Амир ҳожи ўғиллари” фермер хўжалиги билан шартнома тузилган? – дея ҳокимлик юристининг гапларини келтиради матбуот хизмати раҳбари Собит Раимқулов. — Демакки, туман ҳокимлиги бу ҳақда маълумот берган экан-да.

Маълум бўлишича, фаолияти тугатилган “Амир ҳожи ота ўғиллари” фермер хўжалиги ва “Дон халқ ризқи” АЖ ўртасида 2018 йил 20 сентябрь куни 7 гектар сувли майдондан 17,5 тонна ғалла топшириш бўйича шартнома имзоланган. “Дон халқ ризқи” АЖ юристи ва агрономи сал аввалроқ дон қабул қилишга ушбу шартномани асос қилиб келтиришганди. Демакки, дон ташкилоти раҳбарияти сувли майдондан ғалла топширишни назарда тутувчи шартномага кўра лалми майдондан 13,6 тонна ғалла қабул қилаверган бўлиб чиқадими? Бу “Дон халқ ризқи” АЖ масъулларининг ишга бўлган эътибори ва масъулиятидан дарак бермаяптими?

Табиийки фаолияти тугатилган бўлса-да, ўз номидан ғалла топширган “Амир ҳожи ота ўғиллари” фермер хўжалиги раҳбари Камолиддин Жуманов 2019 йил 3 август куни Президент порталига мурожаат қилиб, давлатга топширилган дон учун пул тўланмаётганидан шикоят қилади. Дон раҳбарияти эса унинг фаолияти тугатилиб, “Дурсун илғори” фермер хўжалиги таркибига қўшиб юборилганлигини, лалми ердан топширилган 13,6 тонна ғалла учун ҳисоб-китоб қилинажагини билдиради.

“Дон халқ ризқи” АЖ юристи Жасур Шопсанов яна бир гапида Чироқчи туман ҳокимлиги “Амир ҳожи ўғиллари” фермер хўжалигининг 50,3 гектар ерга эгалигини тасдиқловчи ижара шартномасини бекор қилгани фермер хўжалиги тугатилишига асос бўлолмаслигини айтмоқда. Юрист наздида шунинг учун ҳам “Дон халқ ризқи” АЖ нинг бу борадаги хатти-ҳаракати қонуний.

“Дон халқ ризқи” АЖ юристининг қўшимча қилишича, “Амир ҳожи ўғиллари” фермер хўжалигига тегишли ер туман ҳокимлиги томонидан олиб қўйилиб, ижара шартномаси бекор қилинса-да, фаолияти пахтачилик ва ғаллачиликка ихтисослашган фермер хўжалиги тугатилмаган ҳисобланади. Қизиқ, унда ери бўлмаган фермер хўжалиги қандай қилиб дон топширади? “Дон халқ ризқи” АЖ раҳбарияти хаёлидан шу фикр ўтмадими?

— Фермер хўжалиги раҳбарининг қўлида фуқаролик паспорти бор, фермер хўжалиги “печати” бор, “шартнома тузаман” деб келяпти, шундай бўлгач, биз шартнома имзолаб қўявердик-да, — дейди Жасур Шопсанов.

Маълум қилишларича, “Амир ҳожи ўғиллари” фермер хўжалиги лалми ердан давлатга 13,6 тонна ғалла топширган бўлса, “Дурсун илғори” фермер хўжалиги 15 тонна ғалла берган. Фермернинг айтишича, режада давлатга 13 тонна ғалла топшириш мўлжалланган. Демакки янги ташкил этилган фермер хўжалиги лалми ер ҳисобидан ғалла режасини 200 фоизга бажарган. Аммо 13,6 тонна ғалла тугатилган фермер хўжалиги номидан топширилгани боис, унга тўланадиган маблағ “Дурсун илғори” фермер хўжалигига тўлаб берилмаяпти. Ҳолбуки, ғалла топширгунга қадар барча солиқ тўловлари ва давлатга тўланиши лозим бўлган тўловлар “Дурсун илғори” фермер хўжалиги ҳисобидан тўлаб келинган.

“Дурсун илғори” фермер хўжалиги раҳбари Алишер Пардаевнинг айтишича, улар ушбу муаммо билан туман ҳокими Рустам Жўрақобилов қабулига бир неча маротаба борган. Аммо ҳоким фермер хўжалиги вакиллари сифатида борган мурожаатчиларни ҳатто эшитмаган ҳам. Қўпол гапириб, қайтариб юборган.

“Қашқадарё зиёкори” ушбу муаммони омма эътиборига ҳавола қилиш орқали “Дон халқ ризқи” АЖ ва Чироқчи туман ҳокимлигидан ушбу масалага ечим топишда ташаббус кўрсатишни сўраб қолади. Ўйлаймизки, ушбу ишга масъул ташкилотлар фермерларни қийнаб келаётган муаммога ечим топишади.

Fikr bildiring

Sizning elektron pochtangiz ko`rsatilmaydi.