Qidirish uchun yozing

Asosiy

15 бош эчки ва молхонаси ёнган деҳқонободликка 20 миллион сўм кредит ва 40 дона шифер бериладиган бўлди

  Ulashish

15 бош эчки ва молхонаси ёнган деҳқонободлик Нормурод Иботовга ёрдам тариқасида 20 миллион сўм кредит ва 40 дона шифер бериладиган бўлди. Бу ҳақда “Қашқадарё зиёкори»га Деҳқонобод туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар беряпти.

Туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабарига кўра, 20 август куни Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев Деҳқонобод туманининг Бойқўрғон қишлоғида бўлиб, аҳоли муаммоларини ўрганган.

— Вилоят ҳокими қабулида бўлган Нормурод Иботов жорий йил июль ойида 15 бош эчки ва молхонаси ёниб кетганини айтиб, ҳокимдан ёрдам сўраган. Ҳолат ҳақида хабар топган Зафар Рўзиев эса фуқарога ёрдам бериш мақсадида банк раҳбарларига 20 миллион сўм чорва кредити берилишида кўмак беришларини тайинлаб, вилоят ҳокимлигидан 40 дона шифер ёрдам қилинишини ваъда берди, — дейилади туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабарномасида.

Маълум қилинишича, Нормурод Иботовнинг 15 бош эчки ва молхонасини унинг ақли заиф акаси Ш.И ёқиб юборган. Ака-ука ўртасидаги ўзаро келишмовчилик сабаб ақлан заиф Ш.И. укасига жаҳл қилиб унинг 15 бош эчкиси бўлган молхонасига ўт қўйиб юборади. Ёнғин натижасида молхонада турган сомон ва беда ҳам ёнади. Оқибатда 15 бош эчки ҳам нобуд бўлади.

Туман ҳокимлиги матбуот хизматининг қўшимча қилишича, вилоят ҳокимининг халқ билан мулоқоти давомида йўл, кўприк, тиббиёт соҳасига доир муаммолар тингланиб, “Ғинжак” қишлоғи аҳолиси учун 2 км асфальт йўл, кўприк таъмири учун 5 миллион сўм маблағ ва “Нурли келажак” маҳалласи учун 60 та симёғоч бериладиган бўлди.
Чоштепалик тадбиркор Ҳамдам Маҳмудовнинг бозор эгалиги хусусидаги муаммоси ҳам ҳал этилиб, “Бойқўрғон беклиги” раҳбарияти эгалик қилаётган бозор ҳудудидаги мол бозорни эски бозор ҳудудига кўчириб, эгалик қилиш ҳуқуқи берилди.

Мулоқот сўнгида ушбу қишлоқда яшовчи 2002 йилда туғилган I гуруҳ ногирони Нодир Нормаматов ҳамда 66 ёшли Қудрат бобо Дўсановга ногиронлик аравачаси топширилди.

Fikr bildiring

Sizning elektron pochtangiz ko`rsatilmaydi.