Qidirish uchun yozing

Mahalliy

Миришкор туман ҳокимлиги 41 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга ногиронлик аравачаси топширди

  Ulashish

12 август куни Миришкор туман ҳокимлиги ташаббуси билан тумандаги 69 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга ногиронлик аравачаси, қўлтиқтаёқ, эшитиш мосламаси, кўзойнак ва протест топширилди. Бу ҳақда “Қашқадарё зиёкори”га туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Туман ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, туманда айни кунда ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар рўйхатида турган ногиронлиги бор 69 нафар фуқароларга маҳаллий бюджет маблағлари ва ҳомийлик ёрдами билан 41 та ногиронлик аравачаси, 10 та қўлтиқтаёқ, 12 та эшитиш мосламаси, 4 та кўзойнак ва 2 та протест топширилган. 72 нафар кам таъминланган оилаларга эса озиқ-овқат маҳсулотлари берилган.

— 5 йилдан бери юролмайман, — дейди Гулистон қишлоғида яшовчи 89 ёшли Иброҳим бобо Маҳманазаров. – Туман ҳокимига мурожаат қилгандим, барака топишсин ногиронлик аравачаси беришди. Энди кўча-кўйга чиқиб, қўшнилар билан суҳбатлашаман. Бундан жудаям хурсандман.
Туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Ғанишер Умрзоқовнинг айтишича, туманда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси қошида ташкил этилган ижтимоий ёрдам агентлиги вакиллари мавжуд бўлиб, улар Иброҳим бобо Маҳманазаров каби ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларга ёрдам бериб келади.

— Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси қошида ташкил этилган ижтимоий ёрдам агентлигининг туманимиздаги вакиллари ҳудуддаги ижтимоий кўмакка муҳтож фуқароларга ёрдам беришни мақсад қилган, — дейди агентликнинг тумандаги вакили Олим Ёмғиров. — Дилноза Исломова ушбу агентликнинг тумандаги “Инобат”, “Навбаҳор”, “Гулистон” ва “Янги Жейнов” қишлоқларига бириктирилган вакили бўлиб, ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларга кўмаклашиб келади.

Туман ҳокимлиги матбуот хизматининг қўшимча қилишича, ушбу хайрли ишларни амалга ошириш учун жами 67 миллион сўм маблағ сарфланган. Шундан 34 миллион сўми туман бюджетидан қопланган бўлса, 10 миллион сўм Хотин-қизлар қўмитаси ва 23 миллион сўм ҳомийлар ёрдами эвазига қопланган.

Айтишларича, айни кунда тумандаги барча ногиронларнинг эҳтиёжи қопланган.

Fikr bildiring

Sizning elektron pochtangiz ko`rsatilmaydi.