Qidirish uchun yozing

Dolzarb

Қашқадарёда ўтказилган меҳнат ярмаркарларида 350 нафар ўқитувчи ишли бўлди

  Ulashish

2019 йилнинг 7 август куни Қашқадарё вилоят халқ таълими бошқармаси таркибидаги халқ таълими бўлимлари томонидан ўтказилган меҳнат ярмаркаларида 350 нафар ўқитувчи ишли бўлди. Бу ҳақда “Дарё”га вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Мақсуд Панжиев маълум қилмоқда.

Мақсуд Панжиевнинг айтишича, вилоятдаги мавжуд 15 та туман ва шаҳар халқ таълими бўлимларида бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилган. Мазкур ярмаркада иштирок этган ўқитувчилар туман ва шаҳар халқ таълими бўлими таркибидаги умумтаълим мактабларига ишга жойлашган.

Меҳнат ярмаркасида Касби туман халқ таълими бўлими таркибидаги умумтаълим мактаблари учун 47 нафар педагог танлаб олинган бўлса, Яккабоғ тумани мактабларига 46 нафар малакали мутахассис жалб қилинган. Бўш иш ўринларининг кўплиги жиҳатидан 3-ўринни қайд этган Ғузор туман халқ таълими бўлими тасарруфидаги мактабларга 39 нафар педагог жалб этилган. Бўш иш ўринларининг камлиги жиҳатидан эса энг паст кўрсаткични Қарши шаҳар халқ таълими бўлими кўрсатган бўлиб, шаҳардаги мактаблар учун атиги 5 нафар мутахассис танлаб олинган.

Маълум қилинишича, ишга қабул қилинган 350 нафар педагогнинг 236 нафарини аёл ўқитувчилар ташкил қилса, 114 нафари эркак ўқитувчилар ҳисобланади. Ишга жойлашганлар орасида эндигина олийгоҳни тамомлаган мутахассислар сони 179 кишини ташкил қилса, коллеж маълумотига эга бўлган 171 нафар педагог ҳам ўзига мос иш ўрнини топишга муваффақ бўлган.

— Вилоятимизнинг тоғли ҳудудларидаги мактабларда кадрлар етишмовчилиги кўп кузатилади, шу боисдан ҳам вилоятнинг чекка ва тоғли худудларига ишга борган ўқитувчиларнинг ишлаши ва яшаши учун шарт-шароитлар яратиб бериш масъулияти маҳалла фуқаролар йиғинлари зиммасига юклатилди, — дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Мақсуд Панжиев. – Бундан кўзланган мақсад ўша чекка ҳудуддаги мактабларга ҳам малакали мутахассисларни жалб қилиш.

Fikr bildiring

Sizning elektron pochtangiz ko`rsatilmaydi.