Qidirish uchun yozing

Asosiy

Ғузорда фарзандларини ёлғиз тарбиялаётган ногирон она 6 йилдан бери фарёд чекмоқда. Хотин-қизлар қўмитаси эшитмаяптими?

  Ulashish

“Қашқадарё зиёкори” таҳририятига Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида яшовчи Сабоҳат Уринова мурожаат қилиб, 6 йилдан бери туман ҳокимлигига қатнаса-да, уй билан боғлиқ муаммоси ҳал бўлмаётганидан шикоят қилмоқда. Мурожаатчи 2 нафар фарзандини ёлғиз тарбиялаётганини, ўзи эса ёлғиз она бўлишига қарамасдан I-гуруҳ ногирони эканлигини айтмоқда.

Сабоҳат Уринова

— 2013 йилдан буён туман ҳокимлиги остонасига қатнайман, аммо уй билан боғлиқ муаммойим ҳал бўлмайди, — дейди Сабоҳат Уринова. – Бу вақт мобайнида туманда 4 та ҳоким алмашди.

Маълум бўлишича, Сабоҳат Уринова 2013 йилдан бери турмуш ўртоғи Акмал Йўлдошев билан бирга яшамайди. Аммо қонуний никоҳ ҳам бекор бўлмаган. Уринованинг айтишича, у яшаб келаётган уй турмуш ўртоғининг акаси Анвар Аминовга тегишли. Сабоҳат Уриновага яшаб келаётган уйидан биров чиқ демаган, албатта. Бироқ у турмуш ўртоғи билан жорий йилнинг 20 август кунига мўлжалланган судда қонуний ажрашгач, уйни олиб қўйишларидан хавотирда. Боиси, ҳужжат ишлари чатоқ. Шу боисдан ҳам туман ҳокимлигига мурожаат қилиб, ижтимоий оғир аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга мўлжалланган уйлардан берилишини сўраган. Йиллар давомида уй-жойга муҳтожлиги борлигини, яшаб турган уйини олиб қўйишлари мумкинлигини айтиб келган. Туман хотин-қизлар қўмитаси эса аёлнинг “қўйнини пуч ёнғоққа тўлдиришдан” нарига ўтмаган.

— Ҳар сафар борсам, бўлди уй берамиз, муаммоингизни ҳал қиламиз деб алдашади, — дейди Сабоҳат Уринова.

Латофат Чориева

“Тутзор” кўчабошиси Латофат Чориева ҳамда шу кўчада яшовчи Шаҳло Норқуловалар Сабоҳат Уринованинг аҳволи жуда оғирлигини айтиб, муаммога туман ҳокимлиги хотин-қизлар қўмитаси бепарво бўлиб келаётганлигини таъкидламоқда.

— Кўчабоши сифатида ҳам, қўшни сифатида ҳам Сабоҳатнинг аҳволи оғирлигини кўп айтганман, — дейди Латофат Чориева. – Аммо ҳақиқатни айтиб, мутасаддилар кўзига ёмон кўринамиз, холос.
“Тинчлик” МФЙ котиби Алишер Бобоқуловнинг айтишича, ҳақиқатдан ҳам Сабоҳат Уринованинг авҳоли жуда оғир. Бу борада Сабоҳат Уринова туман ҳокимлиги ҳамда вилоят ҳокимлигига ҳам мурожаат қилган.

— Мурожаат бўйича ўрганишга келишиб, уйи бор деган хулосада кетишяпти, — дейди Алишер Бобоқулов. — Лекин булар яшаб турган уй қайноғасининг номида. Эртага тортиб олса, биз ҳам ёрдам беролмаймиз.

Ғузор туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Нафиса Шукурова мурожаатчи Сабоҳат Уриновани кўп жойларга такрор-такрор мурожаат қилишда айблаб, “сабрсиз” — деб атамоқда.

“Тинчлик” маҳалласининг хотин-қизлар бўйича мутахассиси Гулмира Қиёмова Сабоҳат Уринованинг аҳволи 2018 йилда уй-жой берилган ва 2019 йилда ҳам уй-жой берилиши керак бўлган ижтимоий оғир аҳволга тушиб қолган хотин-қизларнинг аҳволидан-да оғир эканлигини таъкидлаб, Сабоҳат Уринованинг турмуш ўртоғи берган ваъда уларни чалғитганини айтмоқда.

Гулмира Қиёмова

Маълум бўлишича, Сабоҳат Уринованинг турмуш ўртоғи Акмал Йўлдошев 2018 йил январь ойида болалари яшаб турган уйни уларнинг номига ўтказиб беришини айтиб, розилик берган. Аммо орадан шунча вақт ўтса-да, ваъдасини бажармаган. Туман хотин-қизлар қўмитаси ҳам шу ваъдага ишониб, қарийб икки йилдан бери Сабоҳат Уринованинг муаммосини ҳал қилмай келган.
Ғузор туман хотин-қизлар қўмитасидан маълум қилишларича, туманда 2018 йил 6 нафар аёлга Вазирлар Маҳкамасининг 285-сонли қарорига асосан дастлабки бадал тўловлари тўланган уй-жой берилган бўлса, 2019 йил ҳам 6 нафар аёл рўйхатга киритилган. Уй-жой берилади. Аммо бу рўйхатда Сабоҳат Уринова йўқ, албатта.

2019 йил уй-жой берилиши мўлжал қилинган аёллар рўйхатига кўз югуртирганимизда 6 нафар аёлнинг 4 нафари ҳозирда турмуш ўртоғи билан яшаётган аёллар эканлиги, шукурки 3 нафарининг тўрт мучаси соғ аёллар эканлиги ойдинлашади. Сабоҳат Уринова эса кўз бўйича I-гуруҳ ногирони бўлиш баробарида 2 нафар фарзандини ёлғиз тарбияламоқда. Хўш, туман хотин-қизлар қўмитасининг иши қай даражада адолатли?

Туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Нафиса Шукурова эса шу вазиятда ҳам мурожаатчини сабрсизликда айблаб, унинг ҳали уёққа ҳали бу ёққа мурожаат қилишидан нолияпти.

Нафиса Шукурова “Қашқадарё зиёкори” мухбирининг мурожаатчи муаммоси қачон ҳал бўлади деган саволига Сабоҳат Уринова 2020 йилда уй-жой берилиши керак бўлган аёллар рўйхатига киритилганлигини айтди. Рўйхатга кўз югуртирганимизда ҳақиқатдан ҳам уй-жойга муҳтож бўлган 13 нафар аёлларнинг бири Сабоҳат Уринова эканлиги маълум бўлди.

“Қашқадарё зиёкори” таҳририяти вилоят хотин-қизлар қўмитаси ва туман хотин-қизлар раисидан вазиятга изоҳ сўраб қолади.

Fikr bildiring

Sizning elektron pochtangiz ko`rsatilmaydi.