Qidirish uchun yozing

Asosiy

“Ziyonews” танқидидан сўнг Қашқадарёдаги боғчалар жиҳози учун 2 миллиард сўм маблағ берилди

  Ulashish

Қашқадарё вилояти ҳокими ташаббуси билан вилоят мактабгача таълим бошқармасига болалар боғчаларини жиҳозлаш учун 2 миллиард сўм маблағ берилди. Бу ҳақда “Ziyonews”га бошқарма бошлиғи Асрор Алимардонов маълум қилмоқда.

Асрор Алимардоновга кўра, вилоят хокими Зафар Рўзиев “Қашқадарё зиёкори”нинг интернетдаги расмий сайти “Ziyonews”да Миришкор туманидаги болалар боғчаларининг жиҳозсиз фаолият юритаётгани тилга олингач, муаммони бартараф қилиш мақсадида бошқармага маҳаллий бюджетдан 2 миллард сўм маблағ берган.

— Вилоят ҳокимлиги томонидан берилган 2 миллиард сўм маблағ эвазига 4016 дона кароват учун буюртма берилди, — дейди бошқарма бошлиғи Асрор Алимардонов. – Кароватнинг дастлабки 350 таси 6 август куни Миришкор туманидаги боғчаларга юборилди.

Бошқарма бошлиғининг сўзига кўра, буюртма эвазига тайёрланаётган 4016 дона кароватлар икки қаватли кароватлар бўлиб, мактабгача таълим тизимига яна 8032 нафар болаларни қамраб олиш имконини беради. Бу эса ўз навбатида ички имкониятлардан оқилона фойдаланган ҳолда янгидан 100 ўринли 80 та МТТ қувватига тенг имконият дегани.

Маълум қилишларича, Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилган даврда вилоятда 326 та МТТ фаолият олиб бориб 32 059 нафар болалар қамраб олинган бўлиб бу 12 фоизни ташкил қилган. Бугунги кунда вилоятда МТТлар сони 917 тага етказилиб, қамров 78 592 нафарга яъни 27,5 фоизга ўсган.

— Қувонарлиси, вилоят ҳокимининг ташаббуси билан мактабгача таълим бошқармасига ажратилган бино 1 миллиард 650 миллион сўм маблағ эвазига реконструкция қилиниб, моддий техника базасини ривожлантиришга ҳам 141 миллион 300 минг сўм пул берилди, — дейди Асрор Алимардонов. – Яна бир янгилигимиз шундан иборатки, республикада фақатгина бизнинг бошқарма таркибида 40 ўринли намунавий методологик мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилган. Бошқарма тасарруфидаги мазкур “Илк қадам” номли методологик МТТ вазирликнинг илмий, амалий методик қўлланмаларини ишлаб чиқишга ҳамда амалиётга жорий этишга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввалроқ Миришкор туманидаги 8-, 11- ва 12-сонли мактабгача таълим ташкилотларида кароват йўқлиги сабаб болалар ерда ётишга мажбур бўлаётгани хусусида сўз юритгандик. Шундан сўнг Миришкор туман ҳокимлиги ташаббуси билан танқид қилинган боғчаларга кароват, телевизор, музлатгич ва кондиционерлар олиб берилганди.

Fikr bildiring

Sizning elektron pochtangiz ko`rsatilmaydi.