Qidirish uchun yozing

Asosiy

ЎзА мухбири нега ўқувчини чалғитишга уриняпти?

  Ulashish

6 август куни ЎзА сайтида “ФОТОФАКТ: Деҳқонободдаги машҳур “Жин кўприк” ҳамон янгиланмаган” сарлавҳали мақола чоп этилди. 7 август куни мақола xabar.uz да ҳам босилди.

Мақола муаллифи Шерали Отабоев Деҳқонободдаги ўша машҳур жин кўприклар кўпчиликда қизиқиш уйғотганини ёзиб, бу борада кўплаб ўрганишлар қилинганини таъкидлайди. Ҳамда Деҳқонободда янги қурилган кўприк аҳолига топширилганлигини ёзиб, “…янги кўприк қурилгани ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларни қамраб олди. Ҳаттоки, шарлар билан безатилган янги кўприк суратлари оммага намойиш этилди. Унда оддий халқнинг қувончи ҳам акс эттирилди. Гўёки, “Жин кўприк”лардан қутулдик қабилидаги гаплар ҳам тарқатилди…” деб фикр билдиради.

Журналистнинг синчковлик билан ҳудудни ўз кўзи билан кўриб, жин кўприкларга эътибор қаратгани таҳсинга лойиқ албатта, аммо мухбир шу ўринда ўзининг эътиборсиз журналист эканлигини ошкор қилиб қўймоқда. Боиси “Дарё” интернет нашрида берилган хабарда янги қурилган кўприк Деҳқонобод туманининг “Мустақиллик” маҳалласи аҳолиси учун қурилганлиги, “Мустақиллик” маҳалласи ва туман марказини боғловчи ушбу кўприкнинг узунлиги 40 метр эканлиги ёзилади.
ЎзА журналисти бу хабарни синчиклаб ўқимагани учун мақола сарлавҳасидаёқ “қовун туширади”. “ФОТОФАКТ: Деҳқонободдаги машҳур “Жин кўприк” ҳамон янгиланмаган”. Сарлавҳани ўқибоқ, савол туғилади. Илгари қайсидир ОАВ да, хусусан “Дарё”да жин кўприк янгиланди деган хабар берилганмикин ўзи? Берилмаган, бўлса журналист бу фактни кимга кўрсатяпти? “Дарё” логотипи кўрсатилган расм нега қўйилди унда?

ЎзА журналисти мақола давомида яқиндагина кўприкни бориб кўрганида “Қил кўприк” ўзининг қиёфасини ўзгартирмаган ҳолда турганлигини ёзади. Боз устига “Дарё” интернет нашри логотипи туширилган расмни илова қилиб, сайт ходимларини айблашга уринади. Ҳолбуки, “Дарё”да Деҳқонободдаги янги кўприк қурилгани тўғрисидаги хабар якунида шундай дейилади: “Эслатиб ўтамиз «Дарё»да чоп этилган мақолада туманнинг Чоштепа қишлоғидаги узунлиги 170 ва 110 метрлик кўприклар хусусида сўз борганди. Мазкур қишлоқдаги кўприклар замонавий типдаги кўприкларга айланадими ёки йўқми буниси ҳозирча номаълум. Бироқ, ҳокимлик мутасаддиларининг айтишича туманда яна 14 та кўприк қурилиши режалаштирилган бўлиб, кўприк қуриш ишлари 2019 йил якунланади”.

ЎзА журналистининг кўпчиликни қизиқтирган ва оммани ўзига тез жалб қилувчи, илгари кўтарилган масалани кўтариб чиқиб ўқувчи эътиборини қозонишга уринишини тўғри тушунамиз, албатта. Аммо бу дегани ўқувчига нотўғри маълумот етказиб уни чалғитиш керак деганимас-ку. Журналист сифатида ҳамкасбингизни ҳурмат қилмасангиз-да, ўқувчини қадрланг. Уни ҳурмат қилинг.

Отабек Қўлдошев

Fikr bildiring

Sizning elektron pochtangiz ko`rsatilmaydi.