Qidirish uchun yozing

Asosiy

Халқаро Пресс клуб журналисти Қашқадарё ҳокими билан бўлган мулоқотда нима учун ҳамкасбларининг “оғзини ёпишга уринди?”

  Ulashish

Бундан аввалроқ Қашқадарё вилояти ҳокими Яккабоғ туманида журналистлар ва блогерлар орқали халқдан кечирим сўрагани хусусида хабар берилганди. “Қашқадарё зиёкори” газетаси мухбири воқеа жараёнида Халқаро Пресс клуб журналисти Ғулом Самадовнинг мулоқотда фикр билдираётган журналистларнинг оғзини ёпишга урингани сабаби билан қизиқди.

Маълум бўлишича, ҳоким билан мулоқотга таклиф қилинган журналист ва блогерлар суҳбат жараёнида Яккабоғ воқеалари хусусида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишга ҳаракат қилган. Аммо Халқаро Пресс клуб журналисти ушбу мулоқот жараёнини ўз измига солишга уринган. Ким қачон гапириши кераклигию, қайси пайт савол бериши лозимлиги ҳақида ақл ўргатган.

“Қашқадарё зиёкори” мухбири Отабек Қўлдошевнинг аниқлик киритишича, Халқаро Пресс клуб журналисти Ғулом Самадов журналист Файзулла Эшқуловнинг фикрини бўлиб, унга гапиришдан тўхташи лозимлигини, у билан алоҳида Пресс клуб ташкил қилишини айтиб фикрини билдиришига йўл қўймаган. Журналистнинг бу хатти-ҳаракати изоҳи билан қизиққан мухбирнинг саволига жавоб берган журналист Ғулом Самадов тадбирга Халқаро Пресс клуб сифатида таклиф қилинмаганлигини, мустақил журналист сифатида келганини, Файзулла Эшқулов эса курсдоши бўлгани боис унинг гапини шартта бўлишга ҳадди сиққанлигини маълум қилган. Ва ўзининг 20-30 йиллик иш тажрибасига эгалигини айтди.

Қизиқ, 20-30 йиллик иш тажрибасига эга журналист эркин мулоқот давомида нафақат ҳамкасби исталган суҳбатдошининг ҳам гапини бўлиб, унинг мустақил фикр билдиришга тўсқинлик қилишга маънавий ҳаққи йўқлигини билмаса? Ҳолбуки ҳоким билан мулоқот самимий суҳбат сифатида ташкил этилган бўлиб, барча ўзини қизиқтирган саволларга жавоб олиши ва ўз фикрини билдириши лозим эди. Янаям қизиғи у ерда Ғулом Самадов Халқаро Пресс клуб вакили сифатида эмас, мустақил жураналист сифатида таклиф қилинган ва Пресс клуб кўрсатуви тасвирга олинмаётган бўлса, Пресс клуб журналисти нега эркин мулоқотга режиссёрлик қилишга уринди? Ёки уни таклиф қилишдан мақсад шу эдими?

Ҳоким билан мулоқотда қатнашган журналист Фахриддин Бозоров Халқаро Пресс клуб журналисти Яккабоғ туман ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Бозор Азизовнинг гапини бир эмас, икки маротаба бўлишга уринганини айтиб, журналистнинг хатти-ҳаракати мулоқотга оқсоқоллик қилишга уринишга ўхшаб кетганини таъкидламоқда.
— Ҳоким билан мулоқот кутилганидек зўр ўтаётган эди, аммо Халқаро Пресс клуб журналисти ҳақиқатдан ҳам журналистларнинг фикрини бўлишга уринди,- дейди жураналист Фахриддин Бозоров. — Яккабоғ туман ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Бозор Азизовнинг гапини ҳам бўлиб қўйди. Ҳоким гапирсин деб ҳокимга сўз берди. Ва журналистнинг фикрини бўғди. Агар ҳақиқатдан ҳам мулоқотни тартибга олишга уринган бўлса, мулоқот аввалида ўзини таништириб, шу даврани мен олиб боряпман, фикрлар мен орқали билдирилади дейиши лозим эди. Шунда мана сўз навбати ҳоким бобога ёки бу журналистга деса ярашарди. Лекин у кишининг четдан шундай қўшилиб кетиши, менинг назаримда журналистларнинг кўнглига тегди. Шахсан менинг кўнглимга тегди. Худдики у киши суҳбатга оқсоқоллик қилгандек бўлиб қолди-да. Нима бўлганда ҳам учрашув ёмон ўтмадию, лекин кўнгилларда доғ қолди.

Мулоқотда қатнашган “Қашқадарё зиёкори” мухбирининг ёзишича, мулоқот давомида янграган саволларнинг аксарияти Халқаро Пресс клуб логотипида тарқатилган видеодан ҳам кесиб ташлаган. Жумладан ҳоким билан мулоқотга қадар кўпчиликка номаълум бўлиб келган интернетда тарқалган ёш болаларнинг ИИБ ходимларига уйини бермасликка уриниши акс этган видео ҳақидаги савол. Зафар Рўзиев билан мулоқотга қадар ушбу видео ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаганди. Мулоқотда ушбу видеога вилоят раҳбари ойдинлик киритиб, видеода акс этган воқеалар қачон ва қай тарзда рўй берганини очиқлаганди. Қолаверса тадбиркор Баҳриддин Исомовнинг фарзанди Муҳаммадрўзи Даминовга куч ишлатганларга нисбатан кўрилган чора қандай бўлганилиги хусусидаги савол ҳам тасмадан кесилган.

Шу ўринда савол туғилади. Халқаро Пресс клуб  тадбирга нима учун келганди ва нега ахборотни саралаб тарқатди. Ёки Пресс клуб қайсидир ахборотнинг ошкор бўлмаслигидан манфаатдорми?

Fikr bildiring

Sizning elektron pochtangiz ko`rsatilmaydi.