Qidirish uchun yozing

Asosiy

Қашқадарё банклари ҳар бир оилани тадбиркор қилишга бел боғлаган Президент жамоасидаги тадбиркорни “синдирмоқда”. Тадбиркор банклардан қарийб 1 миллард сўм пулини ололмай сарсон

  Ulashish

Қашқадарёлик тадбиркор, “Бойқўрғон паҳлавони” хусусий корхонаси раҳбари Бекзод Бердиев “Қашқадарё зиёкори”га мурожаат қилиб, давлат раҳбари қарорига кўра ҳар бир оилани тадбиркор қилишга бел боғлаган Президент жамоасига қўшилганини, юртдошларини тадбиркор қилиш илинжида ўз маблағлари ҳисобидан қўшни Қозоғистон республикасидан чорва моллари келтириб аҳолига улашаётганини айтар экан, банклар унинг қарийб 1 миллард сўм пулини ўз вақтида тўлаб бермай сарсон қилаётганидан шикоят қилди.

Тадбиркор Бекзод Бердиевнинг иддаоси бўйича, воқеа тафсилотларини ўрганган “Қашқадарё зиёкори” мухбирининг ёзишича, Қашқадарёдаги 8 та банкнинг тадбиркордан 971 миллион қарзи мавжуд.

“Айтиб қўяй, кредитга олган қўйларимни қайтариш ниятим йўқ”

“Ҳар бир – оила тадбиркор” дастурига мувофиқ биздан, хориждан чорва моллари олиб келтириш ва кафолат хатига асосан аҳолига кредит эвазига тарқатиш масъулияти юкланган, — дейди тадбиркор Бекзод Бердиев. — Шунга кўра, биз ўз ваъдамизни бажардик. Аммо банклар ваъдасида турмай, қарийб 1 миллиард сўм пулимизни бермай сарсон қилмоқда.

“Ҳар бир – оила тадбиркор” дастурига мувофиқ таъминотчи вазифасини бажараётган тадбиркор сарфлаган маблағлари ўз вақтида тўлаб берилмаслиги оқибатида ишлари орқага кетаётганидан ташвишда.

— Биз ҳам вазифани бажараётганда кимлар биландир ҳамкорлик қилганмиз, олди-бердимиз бор. Энди ҳамкорларимиз олдида ваъдасини бажаролмайдиган бебурд бўлиб кўринишни истамаймиз, — дея куюнади тадбиркор.

Замира Дўстмуродова

— Ўғлим Отабек Шаймардонов номига “Агробанк”дан 30 миллион сўм 8 фоизлик кредит олиш ниятида ҳужжат тайёрлагандик, — дейди Замира Дўстмуродова. – Оилавий тадбиркорлик қилиш ниятида банк берган кафолат хати эвазига 20 бош қўй ва 2 та қўзи олдик. Энди таъминотчилар келиб, қўйни қайтириб олишларини айтмоқда. Банк қўйларнинг пулини тўлаб бермаётган экан. Биз ўтган фурсат давомида қўйни боқиш учун қанча харажат қилганмиз. Қолаверса, битта қўзини сўйиб ҳам едик. Мен “Президентимиз яратиб берган имкониятдан фойдаландим”, деб хурсанд бўлиб юрибман. Агар банклар бундай қилса, Президент сиёсатига халқ ишончи сўнмайдими?

Замира Дўстмуродова кредит эвазига олган қўйларини сақлаб қолиш, таъминотчига қайтариб бермаслик учун “Агробанк” Нишон филиали бошқарувчиси Баҳриддин Абдуллаев қабулига 20 маротаба борганини, банк бошқарувчиси ишни ҳал қиламиздан нарига ўтмагач, ҳатто Тошкент шаҳрига ҳам бориб келганини айтмоқда.

— Нишондаги банк бошлиғининг ёнига 20 маротаба бордим, — дейди Замира Дўстмуродова. – Ресурс йўқ, ҳал қилиб берамиздан нарига ўтмади. Шунинг учун Тошкентга ҳам бориб келдим. Марказий банкнинг Азиз исмли ходими ресурс билан боғлиқ муаммо йўқлигини айтиб, тез орада иш ҳал бўлишини билдирди. Аммо ҳалигача жимлик. Айтиб қўяй, мен олган қўйларимни қайтариш ниятим йўқ.

Абдумалик Муродалиев

Нишон туманидаги Пахтазор МФЙ да яшовчи Абдумалик Муродалиев ҳам 30 миллион сўм кредит расмийлаштирганини, эвазига 23 бош қўй олганини айтиб, уни ҳам шу муаммо ўйлантираётганини таъкидламоқда.

“Кредитга берилган молни қайтариб олишса, боққан харажатларимни тўлаб беришсин”

Нишон туманидаги “Навбаҳор” МФЙ раиси Қаршибой Каримов маҳалласидаги 288 нафар фуқаро 8 фоизлик кредит олиш истагини билдирганини, шундан 58 нафар киши кредит олишга муваффақ бўлганини таъкидлаб, 58 нафар фуқаро ҳам таъминотчи сифатида “Бойқўрғон паҳлавони” хусусий корхонасини танлаб, улар келтирган чорвадан харид қилганини билдирмоқда.

— Маҳалламиздаги кам таъминланган оилаларга ёрдам бўлсин деб, фуқароларнинг кредит олишига кўмаклашгандик, аммо бошимиз ташвишдан чиқмай қолди, — дейди МФЙ раиси Қаршибой Каримов. – Таъминотчи келиб, менинг пулимни тўлаб бермаган, молларимни олиб кетаман дейди, мол олган фуқароларимиз эса молни қайтариш нияти йўқлигини айтади. Бошимиз қотган.
5 миллион сўмдан ортиқ кредит маблағи эвазига қора мол харид қилган 57 ёшли Ҳамза Чориев агар кредитга берилган қора мол қайтариб олинса, туман ҳокими қабулига кириб шикоят қилишини билдирмоқда.

Ҳамза Чориев

— Кредитга олган қора молимни қайтариб олиб кетаман дейишяпти, агар олиб кетишса мен ҳоким қабулига кираман ва ҳаммасини айтаман, — дейди Ҳамза Чориев. — Майли олиб кетишса ҳам менинг боққан харажатларимни тўлаб беришсин дейман.
Режада 380 миллард сўм, аммо 414 миллард сўм берилди

“Бойқўрғон паҳлавони” хусусий корхонаси иш бошқарувчиси Гулмурод Бердиев қарздор банклар уларнинг ҳисобидан даромад қилаётганини иддао қилмоқда. Унга кўра, берилганига 3 ой муддат бўлган кредит эгалари кўрсатилган фоизни мунтазам тўлаб келмоқда. Бундан эса банк яхшигина даромад қиляпти.

— Кафолат хати эвазига олинган аммо ҳали расмийлаштирилмаган кредит учун аҳоли фоиз тўлаётгани йўқ, — дейди Марказий банк Қашқадарё вилоят бош бошқармаси бошлиғи Файзулла Ражабов. – Шунинг учун банк тадбиркорнинг пули эвазига тўланаётган фоиздан даромад қиляпти деган гап асоссиз.

Файзулла Ражабов берган маълумотга кўра, Қашқадарёда “Ҳар бир – оила тадбиркор” дастурига асосан аҳолига 414 миллард сўм кредит берилган. Республикадан белигиланган режада эса бу кўрсаткич 380 миллард бўлган. Аёнки, республикадан вилоятга берилган маблағ 380 миллард сўм бўлган. Марказий банк бош бошқармаси бошлиғининг сўзига кўра, аҳолига режадан ташқари берилган 34 миллиард сўм илгари берилган мақсадсиз кредитларни қайтариш эвазига берилиши кўзда тутилган. Аммо керакли маблағ ўз вақтида йиғилмагач, қарздорлик келиб чиққан.

Халқ банкиНишон филиали

“Бойқўрғон паҳлавони” хусусий корхонаси раҳбари Бекзод Бердиевнинг маълумот беришича, тадбиркордан “Агробанк”нинг Нишон филиали 320 миллион сўм, “Халқ банки” Нишон филиали эса 205 миллион сўм, “Микрокредитбанк” Нишон филиали 236 миллион сўм қарз. Демакки, битта тумандаги 3 та банкнинг тадбиркордан қарздорлиги 761 миллион сўмни ташкил қилмоқда. Шунингдек, тадбиркордан Китоб, Ғузор, Деҳқонобод ва Қарши туманида жойлашган тижорат банклари ҳам 210 миллион сўм қарздор.

Банк мутасаддиси: “мухбир билан келган бўлсангиз, гаплашмаймиз”

Гулмурод Бердиев

“Қашқадарё зиёкори” мухбири билан мулоқот қилган “Халқ банки” Нишон филиали раҳбари Жасур Ҳакимов ҳақиқатдан ҳам банкнинг тадбиркордан 205 миллион сўм қарздорлиги борлигини тан олиб, яқин кунларда тўлаб берилишини маълум қилди. Аммо “Агробанк” Нишон филиали раҳбарияти эса ОАВ ходимини ҳатто банк остонасига киритишни ҳам эп кўрмади. Тушунмаганимиз кириб-чиқувчиларни назорат қилаётган Қўриқлаш хизмати ходими барчанинг киришига рухсат бериб, “Қашқадарё зиёкори” мухбири ва унга ҳамроҳлик қилган банк мижози, таъминотчи тадбиркор Бекзод Бердиевни ичкарига киритмади. Кулгулиси эса, хусусий корхона иш бошқарувчиси Гулмурод Бердиевга қўнғироқ қилган банк кредит бўлими бошлиғи мижозига мухбир билан келгани учун гаплашолмаслигини айтгани бўлди.

“Агробанк” Нишон филиали

Қарийб бир соат давомида банк остонасида туриб, ичкарига киролмай қайтган “Қашқадарё зиёкори” мухбирига банк бошқарувчиси Баҳриддин Абдуллаев қўнғироқ қилиб, ярим саотда етиб келишини билдирса-да, банк бошқарувчидан 2 соатда ҳам дарак бўлмади. Қисқасини айтганда, банк раҳбарияти ОАВ ходимини банкка киритмагани етмаганидек, “қулоғига лағмон ҳам илди”.

Журналистик суриштирувларимиздан маълум бўлишича, Қашқадарёдаги мавжуд тижорат банклари 10 га яқин тадбиркорлардан қарздор. Баъзи таъминотчиларнинг 2 миллиардлаб пули ҳалигача тўлаб берилмаган.

Марказий банк вилоят бош бошқармаси масъулининг айтишича, айни кунларда республикадан маблағ берилиши кутилмаяпти.

— Шунинг учун таъминотчилардан бўлган қарздорлик жорий йил якунига қадар Қашқадарёдаги банкларнинг ўз имкониятидан келиб чиққан ҳолда тўлаб берилади, — дейди Файзулла Ражабов.

Демакки, тадбиркорга бир ҳафтада, ўн кунда тўлаб берамиз дейилган гаплар шунчаки, йўлига айтилаётган гаплар экан-да.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида ишлаб чиқилган “Ҳар бир — оила тадбиркор” дастурига кўра, вилоят аҳолисига республика белгилаб берган 380 миллард сўм ўрнига, 414 миллард сўм кредит берилиши ва режанинг ортиғи билан бажарилиши таҳсинга лойиқ, албатта. Марказий банкнинг вилоят бош бошқармаси масъуллари ва банк раҳбарларига бунинг учун раҳмат айтса арзийди. Аммо бунинг учун бинойидек ишлаб турган тадбиркорни “синдириш”, ҳамкорлари олдида изза қилиш шартмикин?

“Қашқадарё зиёкори” таҳририяти Марказий банк раҳбариятидан бунга изоҳ кутиб қолади.

Мақола чоп этилиши арафасида Марказий банк Қашқадарё вилоят бош бошқармаси бошлиғи Файзулла Ражабов “Қашқадарё зиёкори” мухбирига қўнғироқ қилиб, муаммо ҳал этилганини, вилоят маҳаллий бюджетидан 5 миллард сўм пул берилганини, натижада “Бойқўрғон паҳлавони” хусусий корхонасининг 971 миллион сўм пули ўтказиб берилганини маълум қилди.

Fikr bildiring

Sizning elektron pochtangiz ko`rsatilmaydi.