Qidirish uchun yozing

Ko'p o'qilgan Mahalliy

Оққон билан оғриган болалар эндиликда Қашқадарёнинг ўзида шифо топмоқда

  Ulashish

Қашқадарё вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг гематология соҳаси бўйича мутахассислари Россия Федерациясида малака ошириб қайтгач, тиббиётда муқаддам даволаш имкони бўлмаган “ўткир лейкоз” (оққон) касаллигини замонавий даволаш ишлари йўлга қўйилиб, беморлар қисқа вақт ичида текширувлардан ўтказилиб, узоғи билан 24 соат ичида аниқ ташхис қўйилмоқда. Кимётерапия даволаш муолажалари йўлга қўйилиши натижасида оққон касаллиги илк даво курсларидан бошлаб ушбу марказнинг ўзида даволанмоқда.

Шифокор Эмин Бўроновнинг маълумот беришича, марказнинг лаборатория бўйича мутахассислари ҳам Германия давлатида малака ошириб қайтгач, ягона цитоморфология ва цитохимия усуллари йўлга қўйилган лаборатория бўлими ишга туширилган. Натижада тиббиётда кам учрайдиган ва аниқлаш қийин бўлган Гоше ва Нимана-Пика касалликлари аниқланди. Маълум қилишларича, Гоше ва Нимана-Пика касаллиги ирсий касаллик ҳисобланиб, авлод суради.

Қашқадарё вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази вилоятдаги 18 ёшгача бўлган болаларга ихтисослашган малакали тиббий ёрдам кўрсатишга мўлжалланган бўлиб, инвестиция дастурига асосан жорий йил 9 миллиард сўмга капитал таъмирдан чиқарилиб, жаҳон талаблари даражасидаги тиббий аппаратуралар билан жиҳозланди, — дейди бош шифокор, тиббиёт фанлари номзоди Ихтиёр Каримов. — Марказимиз 465 шифо ўринга мўлжалланган бўлиб, нафақат вилоятда республикада ҳам энг йирик тиббий муассасалардан бири ҳисобланади. Ҳозирда марказда 17 та даволаш бўлими ва 8 та ёрдамчи бўлимлар ҳамда 250 қабул қувватига эга. Маслаҳат поликлиникаси фаолият кўрсатмоқда. Йилига 26 мингдан ортиқ бемор болалар стационар даволаниб чиқаётган бўлса, 100 мингдан ортиқ бемор болаларга юқори малакали стационар ва консультатив тиббий хизмат кўрсатилмоқда.

Марказда мypғак гўдакларда учрайдиган ва кўпинча ўлим холатини келтириб чиқарадиган туғма хасталиклар, масалан гастрошизис (чақалоқнинг ичаклари, жигари, юраги, ўпкалари, буйраги ва бошқа аъзоларининг қорин бўшлиғидан ташқари ҳолатда туғилиши), ичак тутилиши, диафрагмал чурра, қизилўнгач атрезияси, гиршпрунг касаллиги, гипоспадия сингарилар янги усулда деярли асоратсиз операция қилинмоқда. Натижада бемор болалар орасида вилоятдан республика марказларига бориб даволаниш кескин камайган.

Маълум қилишларича, сўнгги 2 йилда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тавсиясига биноан 10 нафар мутахассислар Германия давлати ҳамда Россия Федерациясининг Москва ва Санкт-Петербург шаҳарлари, Туркиянинг тиббиёт марказларида ўз малакаларини ошириб, олган билим ва кўникмаларини амалиётда тадбиқ этишмоқда.
Лапараскопик операциялар ўтказилмоқда. Гўдак ва катта ёшдаги болаларда изофлуран ёрдамида ингалацион наркоз орқали ва перидурал анестезия операциялар амалга оширилмоқда. Ёш болаларда эзофагастрафиброскопия усулида ёт жисмларни олиш, колоноскопия текшириш усуллари бажарилмоқда. Фиброэндоскопия текширувлари 2018 йил 15 апрел кунидан бошлаб ишлаб келмоқда. 2018 йилнинг 11 ой давомида 300 нафар бемор болаларда эзофагогастрадуоденомик ва колоноскопик текширувлар ўтказилди. Натижада ҳозирги вақтда яра касаллиги ёшарганлиги аниқланди.

Fikr bildiring

Sizning elektron pochtangiz ko`rsatilmaydi.