Qidirish uchun yozing

Muhim

Қамашилик алиментдан қарздор отанинг 2 бош оти хатлангач, қарийб 12 миллионлик қарзини тўлаб берди

  Ulashish

Қамашилик алиментдан қарздор ота Д.Т.нинг 2 бош оти МИБ Қамаши туман бўлими ходимлари томонидан хатлангач, бир нафар фарзанди таъминоти учун тўлаб бериши керак бўлган 11 миллион 734 минг 480 сўм тўлиқ тўлаб берилди. Бу ҳақда “Қашқадарё зиёкори”га МИБ Қашқадарё вилоят бошқармаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

МИБ матбуот хизмати хабарига кўра, фуқаролик ишлари бўйича Ғузор туманлараро судининг 2013 йил 3 апрелдаги қарорига асосан фуқаро Д.Т.дан ундирувчи С.Қ. фойдасига бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун Д.Т.нинг ҳар ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг 25 фоизи миқдорида алимент ундириш белгиланган. Аммо фуқаро шу вақтга қадар умуман алимент тўламаган. Ижро ҳаракатлари давомида қарздор Д.Т.нинг 2016 йил 2 январгача бўлган қарздорлиги 11 миллион 734 минг 480 сўм эканлиги маълум бўлган. Бу давр мобайнида қарздорнинг қарздорлиги ҳақида тегишли ташкилотларга мунтазам сўровномалар юборилган бўлса-да, қарздор Д.Т. номида ҳеч қандай мол-мулклар йўқлиги аниқланган.

2019 йилнинг 28 июнида Д.Т.нинг яшаш хонадони ҳамда ёрдамчи хўжаликлари қайта кўздан кечирилганда, болали «тўриқ қашқа» оти мавжудлиги аниқланади. Мазкур вазиятда Бюронинг Қамаши туман бўлими давлат ижрочилари икки бош отни хатлаш тўғрисида далолатнома расмийлаштириб, тегишли тартибда реализация қилиш учун олиб кетади. Қарздор Д.Т. эса бу вазиятда отидан ажралиб қолмаслик учун қаердандир 11.734.480 сўм пулни топиб, алиментдан бўлган қарздорлигини тўлиқ қоплади. Шунингдек, алимент пулини ўз вақтида тўлаб боришга ваъда берди.

Fikr bildiring

Sizning elektron pochtangiz ko`rsatilmaydi.