Qidirish uchun yozing

Asosiy

Тадбиркорнинг китоб дўкони қуриш ташаббусини Қарши туман ҳокимлиги қўллаб-қувватламаётгани иддао қилинмоқда. Тадбиркор қай даражада ҳақли?

  Ulashish

“Қашқадарё зиёкори” таҳририятига мурожаат қилган қашқадарёлик Гулноза Бобоқулова бир неча ойдан буён ўз маблағлари ҳисобидан халқ фарзанди учун китоб дўкони қуриш иштиёқида елиб-югураётганини, аммо Қарши туман ҳокимлиги ушбу ташаббусга муносиб жавоб бермаётганидан шикоят қилмоқда.

Гулноза Бобоқулова мурожаати бўйича воқеа тафсилотларни ўрганган “Қашқадарё зиёкори” мухбирининг ёзишича, асосий муаммо китоб дўкони учун кўрсатилган жойларнинг тадбиркорга маъқул келмаётганида.

— Биласизми, бизнинг Қарши тумани Дашт қишлоғи ҳудудимизда менинг ҳисоб-китобимга кўра, 400 дан ортиқ спиртли ичимликлар сотадиган савдо дўконлари мавжуд, — дейди Гулноза Бобоқулова. — Аммо бирорта ҳам китоб дўкони йўқ. Мана шу бўшлиқни тўлдириш мақсадида, ҳудудимизда ўз маблағим ҳисобидан китоб дўкони ва ёшларнинг китоб мутолааси учун ўқув зали қуриш ниятини билдирганман. Бироқ, шу мақсад йўлида неччи ойдирки, сарсонман.

Гулноза Бобоқулова

Асл касби ўқитувчи бўлган тадбиркор, Гулноза Бобоқулова китоб дўкони ва ўқув зали қуриш учун 50-60 миллион маблағни ҳеч қандай даромадни кўзламаган ҳолда сарф қилишни мақсад қилган.
— Дашт қишлоғи марказида ўқув марказимиз фаолият юритади, — дейди Гулноза Бобоқулова. – Ўқув марказда 40-50 нафар ўқувчи таҳсил олади. Бундан ташқари ўқув марказимиз қошида имкониятдан келиб чиққан ҳолда буткада китоб дўкони ташкил этганмиз. Ўқувчиларимизнинг кўча-кўйда, дарахт тагида китоб ўқиётганини кўриб, дилим ранжийди. Нега энди, шу ёшларимиз учун биттагина ўқув зали қуриш имкони бўлмаса?

Гулноза Бобоқулова раҳбарлигидаги ўқув маркази

Маълум бўлишича, Гулноза Бобоқулова раҳбарлигидаги ўқув маркази тадбиркор Дилдора Шойқулова фаолият юритаётган савдо дўкони билан ёнма-ён жойлашган. Дилдора Шойқулова Гулноза Бобоқуловага тегишли ўқув маркази қаршисидаги ер майдонида туман ҳокимлигининг рухсатномаси билан енгил типдаги оилавий корхона қуриб, миллий ширинликлар ишлаб чиқаришни мақсад қилган. Муаммо шундаки, Гулноза Бобоқулова ҳам айни шу жойга китоб дўкони ва ўқув зали қуриш ниятини билдирган. Бу ҳақда туман ҳокими Ғайрат Бегалиевга ҳам маълум қилган.

Муаммоларга сабаб бўлаётган ер

— Қурилиш ишларини бошлаш учун биргина рухсатнома кифоя қиладиган бўлса, бундай рухсатнома туман ҳокими томонидан бизга ҳам берилганди, — дейди Гулноза Бобоқулова. – Аммо ўша пайт Дилдора Шойқулова бунга қаршилик кўрсатгани учун қурилиш ишларини бошламагандик. Буни қарангки, худди шундай рухсатнома билан эндиликда савдо дўкони қурилиши бошлаб юборилди. Туман ҳокимига бу ҳақда айтсам, туман архитектура ва қурилиш бошқармаси бошлиғи Жасур Ғаниевга ҳолат билан танишиб, ноқонуний қурилишни тўхтатиш хусусида топшириқ берди. Оқибатда ноқонуний қурилиш ишларини бошлаган тадбиркорга қурилишни тўхтатиши хусусида айтишди.

Дилдора Шойқулова

17 йилдан бери ушбу ҳудудда савдо қилиб келаётган тадбиркор Дилдора Шойқулованинг айтишича,тортишувларга сабаб бўлаётган ердан, енгил типдаги оилавий корхона ташкил этиш учун қурилиш ишларини бошлашга туман ҳокимлиги томонидан рухсат берилган.

Дилдора Шойқулова “Қашқадарё зиёкори” мухбирининг “ушбу ҳудуддан қурилиш ишларини бошлашингиз учун туман ҳокимининг қарори борми?” — деган саволига жавобан туман ҳокими Ғайрат Бегалиев имзоси билан тақдим этилган рухсатномани кўрсатди. Дилдора Шойқулованинг таъкидлашича, енгил типдаги қурилиш ишларини бошлаш учун туман ҳокимлиги томонидан қарор эмас, худди шундай рухсатнома тақдим этилади. Шунга кўра, Дилдора Шойқулова енгил типдаги қурилишини бошлаб юборган, 60-40 см ҳажмдаги бетон фундамент битган.

Дилдора Шойқулова енгил типдаги қурилишининг фундаментини 60-40 см ҳажмда бўлгани бу енгил типдаги қурилиш меъёридан чиқиб кетиш ҳисобланишини, аммо ёмғирли кунларда дўконга зарар етмаслиги учун шундай баланд қуришга мажбур бўлганини таъкидламоқда.

Туман архитектура ва қурилиш бошқармаси бошлиғи Жасур Ғаниевнинг маълумот беришича, Дилдора Шойқуловага енгил типдаги қурилиш учун туман ҳокимлиги томонидан тақдим этилган рухсатнома аввалроқ Гулноза Бобоқуловага ҳам берилган, аммо ўша рухсатнома эндиликда ўз кучини йўқотган. Жасур Ғаниевга кўра, айни пайтда Дилдора Шойқулованинг хатти-ҳаракати қонуний.

Шунингдек Жасур Ғаниев туман ҳокимлиги томонидан тадбиркор Гулноза Бобоқуловага қишлоқ марказидаги мактаб ва боғча ёнидан китоб дўкони ва ўқув зали қуриш учун ер ажратиб берилиши мумкинлиги айтилганини, бироқ Гулноза Бобоқулова бу таклифни рад этганини таъкидламоқда.

Қарши туман ҳокими ўринбосари Ғайрат Эргашевнинг айтишича, туман ҳокимлиги китоб дўкони қуриш ташаббуси билан чиққан ҳар бир тадбиркорни қўллаб-қувватлайди. Хоҳлаган ҳудудидан ер майдони ажратиб беради.
Гулноза Бобоқулова мактаб ва боғча жойлашган ҳудуд раҳбарлигидаги ўқув марказига тескари ҳудуд бўлгани боис, ўқувчиларининг китоб дўконига бориб келишида қийинчилик туғдиришини айтиб, мактаб ва боғча жойлашган ҳудуддан китоб дўкони қуриш таклифини рад этганини билдирди. — Менга фақат шу ҳудуд қулай, шу ердан жой беришларини хоҳлайман, — дейди Гулноза Бобоқулова.

Туман архитектура ва қурилиш бошқармаси бошлиғи Жасур Ғаниевнинг “Қашқадарё зиёкори” мухбирига қўшимча қилишича, Гулноза Бобоқулованинг Дашт қишлоғидаги ўқув маркази жойлашган ҳудуддан 100 метр нарида ҳам 6 сотих ер берилган. Гулноза Бобоқулова эса айтилаётган 6 сотих ер ҳунарманд аёллар учун ўқув маркази ташкил этиш учун берилганини иддао қилмоқда.

Маълум қилишларича, 241 723 нафар аҳоли истиқомат қилувчи Қарши туманида айни кунда 5 та китоб дўкони мавжуд.

Мақоламиз сўнгида, қишлоқ ёшлари учун китоб дўкони қураман, уларнинг маънавиятини юксалтираман деётган ўқитувчи-тадбиркорнинг ташаббуси олқишга сазовор эканлигини таъкидлаб, китоб дўкони ва ўқув зали учун мактаб ва боғча жойлашган ҳудуд энг мақбул вариант эканлигини ҳам таъкидлаб ўтмоқчимиз. Зеро китоб дўкони қуриб, ёшларга маънавият улашишни ният қилган олийҳиммат киши учун муҳими, китобларининг ўқилиши. Бундан ортиқ мақсад кўзланмаган бўлса, албатта.

Fikr bildiring

Sizning elektron pochtangiz ko`rsatilmaydi.