Qidirish uchun yozing

Asosiy

Икки ойлик муаммо икки соатда ҳал этилди: Миришкордаги болалар боғчасига нафақат кароват кондиционер, телевизор ва музлатгич ҳам олиб берилди

  Ulashish

“Қашқадарё зиёкори”да Миришкор туманидаги 8-,11- ва 12-сонли болалар боғчасида кароват йўқлиги боис, болалар ерда ётишга мажбур бўлаётгани хусусида сўз юритгандик. Ушбу мақола омма эътиборига ҳавола этилгач, Миришкор туман ҳокими ушбу муаммога ечим топди.

“Қашқадарё зиёкори” мухбирининг маълум қилишича, мақола чоп этилган куни — 1 июнь кечки соат 17:00 да туман ҳокими Равшан Комилов бошчилигида туман масъуллари ушбу масалани муҳокама қилишган.

— Айбдорлар, албатта ўз жазосини олади, — дейди туман ҳокими Равшан Комилов. – Мазкур муаммога эътиборсиз қараган туман мактабгача таълим бўлими мудири ушбу ҳолат бўйича изоҳ беради.Ушбу масалани туман прокурори батафсил ўрганишни бошлади. Айбдорларни қаттиқ жазолаймиз. Бугуноқ мақолада тилга олинган боғчаларни кароватлар билан таъминлаймиз.

Туман ҳокимининг айтишича, 11-сонли болалар боғчасида биз ҳолатни ўрганган кун — 28 июнь куни ҳам 10 та янги кароват мавжуд бўлган. Аммо болалар ётоқхонасига олиб кирилмаган. Боғча мудираси бор кароватни ҳам ишлатмасдан, бўш хонада сақлаб келган. Ҳоким гапининг исботи сифатида ўша кароватлар сёмка қилинган видеони ҳам тақдим этди. Қизиқ, бор кароват нима учун олиб кирилмаган, нега журналист ҳолатни ўрганаётган пайти кўрсатилмаган буёғи бизга қоронғи.

Маълум қилинишича, айни пайтда туман бюджетида ижтимоий соҳа объектларини қўллаб-қувватлаш учун 1 миллиард 700 миллион сўм маблағ мавжуд бўлиб, болалар боғчасига олиб берилиши мўлжалланган кароватлар ушбу маблағлар ҳисобидан қопланади.

Туман ҳокимлигидаги муҳокама якунига етгач, Қашқадарё вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Асрор Алимардонов, туман ҳокими ўринбосари Азамат Тошев, туман мактабгача таълим бўлими мудири Бахтиёр Каримов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Жейнов қишлоғидаги боғчаларга йўл олди.

“Қашқадарё зиёкори” мухбирининг қўшимча қилишича, муҳокамадан сўнг туман масъуллари томонидан кечки соат 21:00 да буюртма қилинган кароватларнинг дастлабки 30 “комплекти” кечки соат 23:00 да 11-сонли боғчага етказиб берилди.

— 30 “комплект” кароват бу 60 нафар бола ётиши учун етарли кароватлар дегани, — дейди туман мактабгача таълим бўлими мудири Бахтиёр Каримов. – Яна 10 “комплект” кароват бўлса, ушбу боғча эҳтиёжи қондирилади. Қолган кароватларимиз ҳам юк машиналарга ортилган бўлиб, бугуноқ манзилига етказиб берилади.

Бахтиёр Каримовга кўра, дастлабки мақолада тилга олинган 3 та боғчага 270 нафар бола учун кароватлар харид қилинди. Яна бир қувонарли жиҳати туман ҳокимлиги ушбу ташаббус баҳонасида мазкур боғчалардаги ҳар бир гуруҳ учун 3 та боғчага жами 18 та кондиционер ва ҳар бир боғча учун биттадан музлатгич ва телевизор ҳам харид қилмоқда.

Fikr bildiring

Sizning elektron pochtangiz ko`rsatilmaydi.