Qidirish uchun yozing

Voqea

Қашқадарёда 300 нафардан ортиқ мактаб битирувчиси ҳалигача аттестат ололмади. Масъуллар эса “ўрганамиз, кўриб чиқилаяпти”дан нарига ўтмаяпти

  Ulashish

Қашқадарё вилоятида 300 нафардан ортиқ мактаб битирувчиси ҳалигача мактабни тугатганлигини тасдиқловчи ҳужжат — аттестатни қўлга киритолмаяпти. Бу ҳақда Voha-tv.uz сайти хабар берди.

Сайт журналистларининг ёзишича, айни кунларда олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириш авж паллага кирган бўлса-да, онлайн ва бир йўла 3 та олий таълимга ҳужжат топшириш имкониятига эга бўлган 300 нафар абитуриент бундай имкониятдан фойдалана олмаяпти. Нега бундай бўлганлиги эса номаълум.

Сайт таҳририяти вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Бекзод Жўраевга бир неча бор (27, 28-июнь, 1-июль кунлари) мурожаат қилган. Бироқ жавоб бир хил: “ўрганамиз, кўриб чиқилаяпти” ва ҳоказо… Хўш, бугун 1 июль эканлигини, ҳужжат топшириш 15 июлга тамомланишини ҳисобга олсак, бу ланж ва мавҳум жавобнинг нақадар қимматга тушаётганини фаҳмлаш қийин эмас.

Сайт журналистларининг суриштирувларидан маълум бўлишича, аттестатлар “тишли” принтерлар сабаб кечикаётган экан. Масалан, Қарши туманидан 21 нафар битирувчиларга берилиши лозим бўлган аттестат туман халқ таълими бўлими ходими Шокир Жабборовнинг “шарофати” билан принтерда “ғажитилган”. “Ғажилган” аттестатлар қачон вазирликка юбориладию, қачон бошқаси келади, қачон ёзилади… Буниси Худога аён. Вақт эса югурук…

Fikr bildiring

Sizning elektron pochtangiz ko`rsatilmaydi.