Qidirish uchun yozing

Asosiy

“Обод қишлоқ” оғриғи: Миришкор туманидаги боғчаларда болалар ерда ётишга мажбур бўлмоқда

  Ulashish

“Қашқадарё зиёкори” муштарийларидан бирининг хабарига кўра, Миришкор туманининг “Жейнов” қишлоғидаги боғчалар “Обод қишлоқ” давлат Дастури асосида таъмирланган бўлса-да, ҳалигача болажонлар кароватда эмас, ерда ётади. Боғчанинг ташқи кўриниши ҳавас қилар даражада бўлса-да, машғулот хоналари жиҳозсиз, ётоқхоналар эса кароватсиз ҳолатда эканлиги маълум қилинади.

Ушбу маълумотлар қай даражада тўғри эканлигини билиш мақсадида “Қашқадарё зиёкори” мухбири туманнинг Жейнов қишлоғида бўлиб, аҳволни ўрганди.

Маълум бўлишича, 2018 йил “Жейнов” қишлоғидаги 2 та мактабгача таълим ташкилоти — 11- ва 12-боғчалар, “Чандир” қишлоғидаги 8-боғча “Обод қишлоқ” дастурига кўра капиталь таъмирланган, аммо ҳар уччала боғча учун ҳам жиҳозга маблағ ажратилмаган. Шу боисдан ҳам мазкур боғчалардаги болалар ерда ётишга маҳкум бўлмоқда.

12-боғча болалари ётоқхонаси

12-МТТ раҳбари Шаҳло Муртазоқулованинг таъкидлашича, боғчага 2018 йил 1 миллиард 249 миллион сўм маблағ ажратилган бўлиб, боғча тубдан янгиланган. Ҳозирда муассасадаги 162 нафар боланинг 140 нафари куни узайтирилган гуруҳларда тарбияланаётган бўлса, 22 нафар бола қисқа муддатли гуруҳда таълим-тарбия олади.

— “Обод қишлоқ” дастурига тушгач, ҳамма шароит яхшиланиб, жиҳоз ҳам берилади деб ўйлагандик, — дейди 12-МТТ раҳбари Шаҳло Муртазоқулова. – Аммо ҳеч қандай жиҳоз берилмади. Илгари боғчамизда 3 та гуруҳ фаолият юритарди. Эндиликда 7 та гуруҳ ишлаяпти. Шу боисдан ҳам бор жиҳозларимиз етмай қоляпти. Июль ойида сметадаги маблағимиз эвазига яна битта гуруҳимизни жиҳозлаб берамиз дейишяпти. Қолган гуруҳлар тақдири нима бўлади, билмаймиз.

Ушбу муассасага кириб, вазиятни кузатар эканмиз 4 та гуруҳ тарбияланувчилари ерда ётганига гувоҳ бўлдик. Бу эса қарийб 100 нафар бола дегани.

— 2 ойдан бери болажонларимиз шу аҳволда ётибди, — дейди ўрта гуруҳ тарбиячиси Мавжуда Ёмғирова.

Ўрта гуруҳ тарбияланувчилари

Маълум бўлишича, 12-МТТнинг ошхонасига овқат пишириш учун ҳатто плита ҳам берилмаган. Ошхонада болаларнинг умумий овқатланиши учун ажратилган хона бўм-бўш. На стол ва на стул бор. Эски гилам тўшалган, холос.

Плитасиз ошхона

— Овқатни ёзги ошхонамиздаги ўчоқда пиширишга мажбур бўлаяпмиз, — дейди 12-МТТ ҳамшираси Меҳринисо Авазова. – Боиси ошхонада ҳатто плитамиз ҳам йўқ. Ҳали беришмаган.
Ҳудуддаги 11-боғчада ҳам шу аҳвол. 1 миллиард 480 миллион сўм эвазига 140 ўринли қилиб таъмирланган боғчада ҳам болажонлар ерда ухлашга мажбур.

11-МТТ раҳбари Муҳаббат Бўриеванинг таъкидлашича, мазкур боғчада таъмирдан олдин ҳам 7 та гуруҳ фаолият юритган бўлиб, ўша пайтда ҳам жиҳоз етишмаслик ҳолати кузатилган.

— Илгари ҳам боғчамизда 5 та куни узайтирилган, 2 та қисқа муддатли гуруҳ фаолият юритган бўлса-да, ўша пайтда ҳам жиҳозларимиз етмасди, — дейди 11-МТТ раҳбари Муҳаббат Бўриева. — Битта кароватга 2 тадан бола ётқизганмиз. Қолаверса, бўлим топшириғига кўра боғчамиз таъмирга тушгач, 30 та кароват, 30 та кўрпа ва 30 та ёстиғимизни 10-боғчага бергандик. Эндиликда ўзимизга етмаяпти.

11-боғча болалари ётоқхонаси

Муҳаббат Бўриеванинг маълумот беришича, мазкур таълим маскани 1 миллиард 480 миллион сўм маблағ эвазига қайта таъмирланган бўлиб, айни кунда боғчада 162 нафар бола тарбияланади. Шундан 22 нафари қисқа муддатли гуруҳ тарбияланувчилари. Куни узайтирилган гуруҳда тарбияланувчи 140 нафар боланинг 95 нафари эса кароват етишмаслиги сабаб ерда ётибди.

Кийим жавон йўқлиги боис ерда ётган буюмлар 

Бундан ташқари “Чандир” қишлоғидаги 8-сонли мактабгача таълим ташкилоти ҳам 1 миллиард 330 миллион маблағ эвазига қайта таъмирланиб, ҳайбатидан от ҳуркадиган даражага етса-да, 92 нафар бола ерда ухлашга мажбур. Ҳар уччала боғча раҳбарларининг таъкидлашича, муаммодан нафақат мактабгача таълим бўлими мудири, туман ҳокими ҳам хабардор. Аммо ҳалигача муаммонинг ечими йўқ. Айтишларича, мактабгача таълим бўлими мазкур муаммо ҳақида туман ҳокимлиги ва вилоят ҳокимлигига расмий хат билан мурожаат қилиб, муаммо ечими ҳақида сўраган.

Шу ўринда савол туғилиши табиий. Нега энди шароит етишмаса гуруҳлар сони кўпайтирилди? Санэпидемстанция бунга қадай рухсат берди?

— Мазкур боғчаларда қўшимча гуруҳлар ташкил этилишича, расмий тарзда рухсат бермаганмиз, — дейди Миришкор туман давлат санитария эпидемиология назорат маркази раҳбари Жамшид Тошқулов. – Боғча масъуллари туман ҳокимлигига мурожаат қилиб, санэпидемстанция рухсат бермаяпти дейишгач, туман ҳокими ўринбосари Азамат Тошевнинг оғизаки топшириғига кўра, оғизаки тарзда хўп деганмиз ва мутахассис ажратиб назорат қилиб боряпмиз. Боиси мазкур боғчаларда жиҳоз муаммо. Етишмайди. Аммо туман ҳокимлигидан бунга эътибор бермаслигимизни, кўз юмушимиз кераклигини айтишгач, кўз юмганмиз.

Туман мактабгача таълим бўлими мудири Бахтиёр Каримов юқорида тилга олинган ҳолатларни рад этиб, боғча болаларининг ерда ётганини инкор қилди. Аммо сўзи якунида “мазкур 8-,11- ва 12-боғчалар тез орада жиҳоз билан таъминланади” — деди.

Бўм-бўш ётоқхона 

Халқимиз андишали. Ўзига зарар етса-да, ўзгаларни аяйди. Бунга ҳар уччала боғча ҳолатидан хабар олиб қайтаётган чоғимиз ҳам гувоҳ бўлдик. Боғча мудиралари ушбу муаммони оммага олиб чиқмаслигимизни илтимос қилишди. “Яқинда жиҳоз беришаркан” дея бот-бот такрорлашди. Ҳар гапида “туман ҳокими шу даражада имконият қилиб берди, энди бу муаммони олиб чиқсак биздан ранжиши тайин” — дейишди. Инсон сифатида уларнинг илтимосини қондиргимиз келди, аммо касб мажбурияти бунга йўл қўймади. Ўйлаймизки, ушбу масалага масъул мутасаддилар тез орада муаммога ечим топишади. Биз эса вазиятни кузатамиз.

Fikr bildiring

Sizning elektron pochtangiz ko`rsatilmaydi.