Qidirish uchun yozing

Muhim

Қашқадарёда 32 501 нафар мактаб битирувчиларининг 206 нафари олтин 283 нафари кумуш медалга муносиб кўрилди

  Ulashish

2018-2019 ўқув йилида Қашқадарёдаги мавжуд 1117 та мактабни 32 501 нафар битирувчи тамомлади. Шундан 206 нафар битирувчи олтин, 283 нафар ўқувчи кумуш медалга муносиб кўрилди, — дея хабар беради “Қашқадарё зиёкори” мухбири.

Бугун Қарши шаҳридаги «Ватанпарварлар» боғида 489 нафар олтин ва кумуш медал соҳибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Зафар Рўзиев, Ўзбекистон Халқ бахшиси Қаҳҳор бахши Раҳимов ҳамда вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Бекзод Жўраев бундан 20 йил олдин йўқ бўлиб кетган анъана Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан яна ҳаётга татбиқ этилгани, мактаб битирувчиларининг энг аълочиларига олтин ва кумуш медал тақдим этиш жорий қилинганини таъкидлади.

— 2018-2019 ўқув йилида вилоятимиздаги мавжуд 1117 та мактабни 32 501 нафар 11-синф ўқувчиси тамомлаган бўлса, шундан 489 нафар битирувчига олтин ҳамда кумуш медал олиш насиб этди, — дейди Қашқадарё вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Мақсуд Панжиев. – Шундан 73 нафар медал соҳиблари Қарши шаҳридаги мактаб ўқувчилари ҳисобланади.

Мақсуд Панжиевга кўра, жорий ўқув йилида фан олимпиадасининг республика босқичида 3 нафар қашқадарёлик ўқувчи фахрли ўринларни қўлга киритган бўлса, Деҳқонобод туманидаги 85-умумтаълим мактабининг рус тили фани ўқитувчиси Иқбол Аралова “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” республика кўрик танловининг 1-ўрин соҳиби сифатида Россия давлатига 5 кунлик сайёҳат қилиш имкониятини қўлга киритган.

Шунингдек, Деҳқонобод туманидаги 89-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Севинч Шоматова куни кеча якунланган “Мен севган адабий қаҳрамон” респбулика иншолар танловида фахрли 1-ўринни қўлга киритган.
Маълумот ўрнида, вилоятда 11-синф битирувчиларининг 883 нафарига аъло даражали касб малака дипломи ҳам топширилган.

Fikr bildiring

Sizning elektron pochtangiz ko`rsatilmaydi.