Qidirish uchun yozing

Voqea

Орадан 70 йил ўтиб, ҳақиқат қарор топди

  Ulashish

Куни кеча Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, устоз Ғулом Мирзонинг “Орадан етмиш йил ўтиб бувам ва отам оқланди!” сарлавҳали мақоласига кўзим тушди. Мақолада айтилишича, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди кассация инстанциясининг 2019 йил 30 апрелдаги ажримида шундай дейилган: «Туркистон Ҳарбий округи Самарқанд гарнизони ҳарбий трибуналининг 1949 йил 9 декабрдаги М.Тулляев ва А.Мирзаевга нисбатан чиқарилган ҳукми бекор қилинсин. Тулляев Мирза ва Мирзаев Абдираимнинг ҳаракатларида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг  83-моддаси 2-бандига асосан тугатилсин. М.Тулляев ва А.Мирзаев айбсиз деб топилиб, оқлансин».

Мақолани ўқиб, устоз журналист Ғулом Мирзонинг отаси Абдираим Мирзаев ва боболари Мирза бобо Тўлаевнинг бошдан кечирганлари ҳақида батафсил маълумот олдим. Мақолани ўқиш давомида ота-ўғил ноҳақ қамалиб кетган пайтлари фарзандлари, аёли қандай ҳаёт кечирган экан, кейинги даврларда уларга нисбатан қандай муносабатда бўлинган деган саволлар туғилгани боис, Қарши туманидаги “Хушвақт” қишлоғида бўлдим.

— Раҳматли қайнотам динни яхши биладиган ўқимишли киши бўлган, шу боисданми халқ Мирза Сўфи деб атаган — дейди Абдираим Мирзаевнинг турмуш ўртоғи 93 ёшли Ҳидоят момо Мирзаева.  — Қайнотамга диний сабоқ берган қишлоғимиз масжиди имоми Ҳосил махсум сургун қилиниб, масжид эшигига қулф урилгач, қайнотам масжидни таъмирлаб, уйидаги китобларини ҳам масжидга олиб борган.

93 ёшли Ҳидоят момо

Ҳидоят момонинг айтишича, Абдираим Мирзаев ва Ҳидоят момо Мирзаеваларнинг тўйлари 1946 йил бўлиб ўтади.

— Ўшанда менинг фамилиям ҳам йўқ эди, тўй бўлиб ўтгач қайнотамнинг номига ўтиб, Мирзаева фамилиясини олганман, — дейди Ҳидоят момо.

Ҳидоят момонинг ҳикоя қилишича, тўйдан сўнг 1947 йил катта қизи Ҳадича Абдураҳимова сўнгра, 1949 йил ўғли Нормурод Абдураҳимов туғилади. Ана шу кезлари турмуш ўртоғи Абдираим Мирзаевни ҳарбий хизматга чақиришади. Мирза бобо эса ўғлининг аёли ва 2 нафар фарзандини ташлаб ҳарбий хизматга кетишига розилик бермайди. Шу боисдан ҳам чақирув жавобсиз қолади. Иккинчи маротаба яна чақирув бўлади. Бу сафар ҳам Мирза бобо розилик бермайди. Учинчи маротаба эса руслар келиб, Мирза Сўфи бобони масжиддан олиб кетишади. Ўша пайтда масжиддаги барча китоблар ҳам олиб кетилганди.

Ғулом Мирзонинг мақоласида бу ҳолат шундай эсланади: “Бувамни колхоз етиштирган ғаллани ўғирлаб, масжид ҳужрасига яширганликда айблашади. Большевиклар қишлоқ фаоллари иштирокида ўтказган текширувда бу туҳмат тасдиғини топмайди. Яъни, текшириш натижасида буғдой экилган пайкал ўлчами билан бу ердан олиниши мумкин бўлган ҳосил миқдори бир-бирига мос келади. Шундан сўнг колхозга омбор қуришда ғиштларидан фойдаланиш баҳонасида «Патта» қабристони масжиди бузиб юборилган. Ўша қабоҳатга гувоҳ бўлган қишлоғимиз қариялари: «Масжид ғиштларини ташиб кетишга бешта от-арава билан келишганди, лекин беш дона ҳам бутун ғишт чиқмади. Бу қилмиш ўшанда Худога ёқмаган», деб ҳозиргача эслашади.

Ҳибс қилгани келганлар масжиддаги бир қоп ноёб китобларни хачирга ортиб кетишган. Жиноят иши ҳужжатларида 47 та китоб мусодара қилингани ҳақидаги маълумотлар қайд этилгани буни тасдиқлайди.”

Мирза Сўфи бобо қамалганидан 3 кун ўтгач, далада хирмон янчаётган Абдираим Мирзаевни ҳам олиб кетишади. Оилам, фарзандларимга хабар берай дейишига ҳам қарамай, ҳар хил сўзлар билан ҳақорат қилиб, олиб кетишади.

— Турмуш ўртоғим ҳам қамалганини қишлоқдошлардан эшитдим, — дейди Ҳидоят момо. – Қайнонам билан бирга кўришга бордик. Ҳозирги Одина масжиди ўша кезларда қамоқхона вазифасини бажарган эди. Ўшанда ота-онасига кўрсатмаймиз. Фақат оиласига кўрсатамиз дейишди. Шунда фақат мен ёнларига кирдим. Қўлимда ўғлим Нормуроджон эди. Шунда турмуш ўртоғим мен албатта қайтиб келаман, фарзандларимни эҳтиёт қил деб тайинлади.

Ҳидоят момонинг айтишишича, Мирза бобо Тўлаев ва Абдираим Мирзаевлар қамалгач, оилага халқ душмани оиласи дея тамға қўйилган. Ўша кезлари калхоз бригадирлари ушбу оилага оқиб турган сувни ҳам бермаган. Мирза бобо ўз қўли билан парвариш қилган боғни ҳам мусодара қилишган. Аммо халқ бундай муносабатда бўлмаган. Уларни ҳар доим қўллаб-қувватлаган. Битта нон еса, яримини олиб келиб берган.

Маълум бўлишича, Ҳидоят момо ва Абдираим бобонинг 10 нафар фарзанди бўлган. Шундан Абдираим бобо қамоқдан қайтиб келгач, туғилган учинчи фарзанди Азиза бир ярим ёшида қизамиқ касалидан вафот этган бўлса, Сулаймон исмли ўғиллари 7 ойлигида, Раҳима исмли қизи 5 ёшида вафот этган.

72 ёшли Ҳадича момо

—  Собиқ совет даврида дину эътиқодида мустаҳкам турган бувам — 10 йил, отам 6 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган, — дейди Ҳидоят момонинг тўнғич фарзанди 72 ёшли Ҳадича момо. — Ота-бола жазони Россия ҳудудидаги лагерларида ўтаб қайтишган.

— Отам шу даражада яхши меҳнат қилган эканки, бир иш куни 4 иш куни сифатида ёзиб борилган экан, — дейди Абдираим бобо ва Ҳидоят момонинг 7-фарзанди Роҳила Мирзаева. — Отам 4 йилу 6 ой қамоқда ўтириб қайтгач, у ёқда бўлган воқеаларнинг ҳаммасини ҳам айтавермаган. Кўп нарсани гапирмаган. Отам тетик ва бақувват киши бўлган. 2001 йил Нормурод акамнинг вафоти отамга жуда қаттиқ таъсир қилган. Ўшанда аламини ичига ютган. Охир оқибат 80 ёшида жигар серрозидан вафот этди.

Роҳила Мирзаева

Роҳила Мирзаеванинг маълумот беришича, Абдираим бобо 4 та тилни мукаммал даражада билган. Гарчи ўрта мактабни 5 синфга қадар ўқиган бўлса-да. Абдираим бобо қамоқдан қайтгач, сувчилик, ошпазлик билан шуғулланган. Узоқ йиллар давомида пилла боққан.

Маълум бўлишича, Абдираим бобо ва Ҳидоят момонинг 35 нафар набираси, 49 нафар чевараси ва 5 нафар эвараси бор.

Отабек Қўлдошев

Fikr bildiring

Sizning elektron pochtangiz ko`rsatilmaydi.