Qidirish uchun yozing

Asosiy ZiyoNews.uz surishtiruvi

Миришкор туманида 29 ёшли жувон осилган ҳолда топилди. Яқинлари марҳумага ўлимидан олдин босим ўтказилган бўлиши мумкинлигини айтмоқда

  Ulashish

Таҳририятга йўлланган галдаги мурожаатларнинг бири фарзанд доғида куяётган онаизордан. Онаизор — Маҳфуза Жўраеванинг маълум қилишича, 29 ёшли қизи жорий йил 3 апрель куни “Янги Жейнов” МФЙ ҳудудидаги эски бинода жойлашган гўзаллик салонидан осилган ҳолда топилган. Мурожаатчи, қизининг ўлимида туман ИИБ терговчиси, бино эгалари ва профилактика инспекторининг иштироки борлигини, улар қизини ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказганини айтмоқда.

Воқеа тафсилотларини ўрганиш мақсадида Миришкор туманининг “Янги Жейнов” маҳалласида бўлдик.

— Ҳаммаси ўша ўғрилик содир этилган пайти ИИБ ходимларига мурожаат қилишимиздан бошланди, — дейди Маҳфуза Жўраев. – 2018 йил 15 октябрь куни салонимиздан 300 АҚШ доллари миқдорида пул ўғирланди. Шунда ҳудудимиздаги профилактика инспектори Мирзоҳид Қаноатовга мурожаат қилдик. Воқеани айтиб, шубҳадаги кишилар ҳақида билдирдик. Шунда ИИБ ходимлари “Дилдора бўлса керак” — дея таҳмин қилиб, туман маркази ва Қарши шаҳрига телефон қилишди. Аниқланишича, Дилдора ва Гўзал исмли қизлар пулни олиб Қарши шаҳрига кетган экан. ИИБ ходимлари машина топишим кераклигини айтишиб, Қарши шаҳрига бориб, пулни ҳозироқ қайтариб олишимиз лозимлигини, йўқса улар пулни сарфлаб юборишларини билдирди.

Аниқланишича, Маҳфуза Жўраева марҳума қизи Шаҳноза Ражаббоева билан бирга маҳалладаги эски биноларнинг бирида ижарада туриб, гўзаллик салонида иш юритган.

Маҳфуза Жўраева

Маҳфуза Жўраеванинг айтишича, 15 октябрь куни улар пул ўғрилари кетидан тушганда профилактика инспектори Мирзоҳид Қаноатовга ИИБ терговчиси Зафар Аминов ҳам ҳамроҳлик қилган. Пул ўғрилари Қарши шаҳридан топилгач, 100 АҚШ доллари қайтариб олинган. Қолган пуллар эса сарфлаб бўлингани боис қайтарилмаган.

Хуллас ИИБ ходимлари, жумладан Зафар Аминов воқеани батафсил ўрганишлари лозимлини айтиб, жабрланувчи Маҳфуза Жўраевадан ариза олади. Ва аризага доимий боғланишлари мумкин бўлган телефон рақамларини қолдиришини сўрайди. Маҳфуза Жўраеванинг гапига кўра, мазкур ўғрилик иши билан Баҳриддин Тиллаев исмли терговчи шуғулланса-да, терговчи Зафар Аминов ўша куни ёзиб берилган телефон рақамларига ҳар хил баҳоналар билан қўнғироқ қилиб, турмушидан ажралган қизи билан яқиндан танишишга ҳаракат қилган. Ва уддасидан чиққан.

— Ходимнинг дили қоралигини қаердан билибман, доимий ишлаб турадиган номер беринг дейишса, ўзим ва қизим Шаҳнозанинг телефон рақамини қолдирибман-да, — дея воқеани эслайди Маҳфуза Жўраева. – Ўшандан сўнг, Зафар Аминов қизим Шаҳнозага телефон қилиб, унинг бошини айлантириб юрган экан. Қизимни йўлдан урган. Аксига олиб 2019 йилнинг январь ойидан эътиборан мен ҳам ишга чиқолмадим. Даволанишда бўлдим.

Маълум бўлишича, ўша ўғрилик баҳонасида марҳума Шаҳноза Ражжабоеванинг телефон рақамини олган ИИБ ходими Зафар Аминов Шаҳноза Ражаббоева билан яқиндан танишиб, доимий телефонлашиб турган. Ҳатто тез-тез кўришишган. Ўрталарида илиқ муносабат уйғонган. Буни марҳуманинг телефонидаги “смс” хабарномалардан ҳам билиш мумкин.

Маҳфуза Жўраеванинг ҳикоя қилишича, 2019 йил 1 апрель куни навбатдаги учрашувларнинг бирида Шаҳноза Ражжабова ҳамда Зафар Аминовларни Шамсиддин исмли бино эгаси, қизлари Қундуз ва Муҳайё, куёвлари Музаффар ва Жалол исмли кишилар салондан чиқариб олиб, сенларни биз видеога олдик, интернетга чиқарамиз дея қўрқитишган. Дўқ қилган. Шаҳноза Ражжабоевани “Зафар Аминов мени мажбурлади” — деб тушунтириш хати ёзиб берасан дея мажбурлашган. Тушутириш хати ёздирган ҳам. Зафар Аминовдан 10 миллион сўм пул талаб қилган.

Ушбу воқеа ҳақида маҳалла профилактика инспектори Мирзоҳид Қаноатов шундай дейди: “1 апрель куни Шамсиддин Гулназаров телефон қилиб, тез етиб келинг, бир терговчини ушладик деди. Борсам Салоҳиддин деган йигит 5-6 киши турган жойни телефонига сёмка қилаётган экан. Нима гап деб сўрадим. Шунда Шамсиддин ака “булар бу ерни харом қилишди”, — деди. Нима қилибди деб сўрадим. Воқеанинг сёмкаси бор, тилхатлари ҳам деди. Шунда Шаҳнозадан сўрадим. Шу гап ростми деб. Шаҳноза Зафар Аминовга кетинг деб айтганини, ҳатто бир тарсаки туширса-да Зафар кетмаганини айтди. Шунда ҳаммани тарқатиб, жамоатни тинлантириб, айбдор Зафар Аминовни хонамга олиб келдим.”

Мирзоҳид Қаноатов

Таҳририятга тақдим этилган Шамсиддин Гулназаров ва Зокир Каримов ўртасидаги суҳбат ёзиб олинган аудиозаписдан англашилишича, Шамсиддин Гулназаров терговчидан амакиваччаси Отабек Тошевдаги 10 миллион сўм пулини олиб беришни сўраган. Терговчи эса бир соатда олиб беришини айтган.  

Мирзоҳид Қаноатов Шамсиддин Гулназаров ва яқинлари Зафар Аминовдан пул талаб қилганини билмаслигини, аммо Зафар Аминов терговчи бўлгани боис Шамсиддин Гулназаров ундан танишидаги катта миқдордаги пулини олиб беришини сўраганидан хабари борлигини айтди.
Маҳалла профилактика инспектори Мирзоҳид Қаноатовнинг маълумот беришича, у воқеа ҳақида туман ИИБга хабар берган ва терговчи Зафар Амновга раҳбариятга бу ҳақда ўзи ҳам айтиши кераклигини билдирган. Зафар Аминов эса бу ҳақда биринчи ўринбосарга хабар қилажагини айтиб, профилактика инспектори хонасидан кетган. Шаҳноза Ражаббоеванинг оиласи, ота-онаси эса бу воқеадан бехабар қолган.

— Ҳақиқатдан ҳам ушбу воқеа ҳақида Шаҳнозанинг оиласига хабар бермадим, айбим шу, — дейди Мирзоҳид Қаноатов.

Туман ИИБ бошлиғи ўринбосари Отабек Абдиев воқеадан хабар топгач, 3 апрель куни маҳаллага бориб, воқеа гувоҳларини чақириб улар билан суҳбатлашган, Шаҳноза Ражаббоева ҳамда Зафар Аминовлар сёмка қилинган видеони ҳам интернетга чиқиб кетмаслиги учун улардан олиб қўйган.

Марҳума Шаҳноза Ражаббоева яқинларининг Шамсиддин Гулназаровга таяниб айтишича, ИИБ бошлиғи ўринбосари воқеа гувоҳлари билан бирга Шаҳнозани ҳам чақирган. Аммо Шаҳноза “у ерга боргандан кўра, ўзимни ўлдираман” — деган гапни айтган. Мирзоҳид Қаноатов ҳам ўша куни Шаҳноза Ражаббоева чақирилганда, терговчи Зафар Аминов воқеага аралашиб, Шаҳнозани чақирмасликларини сўраганини айтмоқда.

Шаҳноза Ражаббоева чақирилган жойга бормагач, ИИБ бошлиғи ўринбосари инспекторга Шаҳноза Ражаббоевани эртага туманга олиб боришини тайинлаган.

1 апрель куни Шаҳноза Ражаббоева ҳамда туман ИИБ терговчиси Зафар Аминов ўртасида қандай воқеа юз бергани, сёмка қилинган видеода ҳам нима борлиги бизга қоронғи. Аммо марҳуманинг телефонидан Зафар Аминовга ёзилган “смс”лардан маълум бўлишича, рўй берган воқеадан сўнг марҳума Шаҳноза Ражаббоева Зафар Аминовга уни бу гап-сўзлардан қутқариши лозимлигини айтиб, олиб кетишини сўраган. Ўша куни вақтида кетиши кераклигини айтганда, гапига қулоқ солмагани оқибатида юзи шувут бўлганини ёзган. Зафар Аминов эса сабр қилиши кераклигини такрорлаган. Шаҳноза Ражаббоеванинг бир неча маротаба бу гап-сўзлардан халос этмаса, ўзини ўлдириши мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантиришларига жавобан “18 ёшли қизнинг гапини гапирма” дея жавоб берган. Марҳума томонидан охирги огоҳлантириш “смс”и 3 апрель куни 10:23 да юборилган.

Мирзоҳид Қаноатов Шаҳноза Ражаббоева салон эшигига осилган ҳолда кечки пайт топилганини айтмоқда.

Шаҳноза Ражаббоеванинг отаси Зокир Каримовнинг таҳминича, қизи ўлдирилган бўлиши ҳам мумкин.

— Шаҳноза осилган ҳолда топилганда, оёғи тагидаги стул ағнамаган экан, — дейди Зокир Каримов. – Қолаверса у осилган эшик 2 метр ҳам чиқмайди. Қизимнинг бўйи мени бўйим билан баробар эди.

43 сантиметр баландликдаги стул

Журналистик суриштирувларимиз давомида марҳума осилган эшик бўйи 1 метр 98 сантиметр эканлиги маълум бўлди. Оёғи тагидаги стул эса 43 сантиметр баландликда эканлиги ойдинлашди. Суд тиббий экспертиза маълумотларига кўра, марҳуманинг бўйи 1 метр 63 сантиметр бўлган. Суд экспертиза хулосасида марҳумага нисбатан куч ишлатилмаган деган хулоса берилган.

Мазкур иш билан шуғулланаётган адвокат Рустам Саъдуллаевнинг фикрича, 1 апрель куни содир этилган воқеадан сўнг бино эгаси Шамсиддин Гулназаров ва унинг яқинлари Шаҳноза Ражаббоеванинг шахсий ҳаётига аралашиб, “сени биз видеога олдик” — дея қўрқитиб, уни ўз йўриғига солишга, ўзларига тобе қилишга ҳаракат қилган. Профилактика инспектори Мирзоҳид Қаноатов эса Шаҳноза Ражаббоевага “сени хулқи бузуқ аёллар сафига киритаман” — дея босим ўтказган. Шунингдек, воқеа ҳақида уйдагиларига хабар бермасдан Шаҳноза Ражаббоевадан воқеа хусусида тушунтириш хати ёзиб беришни талаб қилган.

— Мазкур воқеа 2019 йил 3 апрель куни содир этилган бўлса-да, туман прокуратураси томонидан 2 май куни ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 103-модда (Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) си билан жиноят иши қўзғатилган, — дейди адвокат Рустам Саъдуллаев. – 103-модда билан жиноят иши очилган яхши, аммо бу жиноят иши ҳолат юзасидан очилган-да. Бирор бир шахсга нисбатан эмас. Бундай ҳолатда бу модда билан ҳеч кимни жавобгарликка тортмасдан ишни ёпиб юбориш ҳам мумкин. Одатда бу модда билан ҳолат юзасидан жиноят иши очилгач, иш икки ой муддат ўтгач, ёпилиши тайин. Биз прокуратурадан ушбу воқеага даҳлдор кишилар ИИБ терговчиси Зафар Аминов, профилактика инспектори Мирзоҳид Қаноатов ҳамда ўзгалар ҳаётига аралашган Шамсиддин Гулназаров ва яқинларининг хатти-ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилишини сўрагандик.
Рустам Саъдуллаевга кўра, жорий йил туманда ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш жинояти 3-маротаба кузатилмоқда. Адвокат туман прокуратураси республикага юбораётган ҳисоботларида 103-модда кўпайиб кетмаслиги учун, мазкур ишни ўз жонига қасд қилиш деб баҳолаб ёпиб юборишидан чўчимоқда.

— Терговчи Шоҳрух Нажимовга 2 маротаба адвокатлик сўровномаси юбордим, — дейди Рустам Саъдуллаев. – Аммо ҳар икки сўровномам ҳам жавобсиз қолди. На рад этди на қаноатлантирди. Шамсиддин Гулназаров ва яқинлари Шаҳноза ва Зафар Аминовни видеога олган бўлса, ўша видео билан танишишни ҳам сўрадим. Аммо адвокатлик сўровларим жавобсиз қолмоқда.

Рустам Саъдуллаевнинг қўшимча қилишича, туман прокуратураси томонидан 2 май куни жиноят иши очилса-да, ҳалигача ишга алоқадор ҳеч ким тегров қилинмаган.

— Бу ўз ўзидан ишни бир томонлама, ғаразли мақсадда судраб, тергов ҳаракатлари учун берилган муддат тугагач, ёпиш мақсад қилинганидан дарак беради, — дейди адвокат.

Мазкур ишни тергов қилаётган туман прокуратураси терговчиси Шоҳрух Нажимов “Қашқадарё зиёкори” мухбири билан суҳбатда адвокатнинг гапини тамоман рад этиб, тергов ҳаракатлари давом этаётганини, мазкур ишга алоқадор кишилар тергов қилинаётганини айтди. Тергов сири ошкор қилинмаслигини, шу боисдан ҳам бундан бошқа маълумот тақдим этолмаслигини билдирди.

Онаизор Маҳфуза Жўраева қизининг вафотига 2 ой муддат бўлган бўлса-да, тайинли натижа чиқмаётганидан шикоят қиляпти. Халқ қабулхонаси, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, вилоят ва туман ҳокимликларига қилаётган мурожаатлари эътиборсиз қолаётгани ва бу иш эътибордан четда қолиб кетаётганидан куюнмоқда.

— Бу ишга туман ИИБ терговчиси ҳам аралашгани учун воқеани ёпди-ёпди қилишмоқчимикин деб ўйлаб қоламан, — дейди Маҳфуза Жўраев.

Мазкур мурожаат ҳақида хабар топганимиздан сўнг, 27 май куни Қашқадарё вилоят ИИБ ва вилоят прокуратурасига мурожаат қилиб, ушбу воқеа хусусида суриштирдик. Аниқланган ҳолат ҳақида маълум қилишларини сўрадик. Вилоят ИИБ ҳолат ҳақида профилактика инспектори орқали ўзларидаги мавжуд маълумотларни тақдим этди, албатта. Аммо вилоят прокуратураси орадан шунча фурсат ўтса-да, ушбу воқеа хусусида ҳеч қандай маълумот бермади.

Таҳририяти ушбу воқеага республика Бош прокуратурасидан изоҳ кутиб қолади.

Fikr bildiring

Sizning elektron pochtangiz ko`rsatilmaydi.