Qidirish uchun yozing

Haftalik faollar

Масъуллар масъулиятсизлиги сабаб Касби туманида 5 мингга яқин аҳоли ичимлик сувисиз қолиши мумкин

  Ulashish

Қашқадарё вилояти, Касби туманининг “Фазли” қишлоғида жойлашган сув сақлаш иншоотининг реконструкция ишларига етарли маблағ ажратилган бўлса-да, сув иншоотига оби-ҳаётни элтувчи 1,95 км масофадан қувур тортиб келиш лойиҳа-сметага киритилмаган. Табиийки, маблағ ҳам ажратилмаган. Бу ҳақда 30 май куни Қашқадарё вилояти ҳокимлигида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ва Республика Хотин-қизлар қўмитаси вакилларидан иборат ишчи гуруҳ ва ОАВ ходимлари иштирок этган тадбирда маълум қилинди, — дея хабар бермоқда Ситора Маҳмудова.

Ишчи гуруҳ вакилларининг маълум қилишича, бу каби камчиликлар ишчи гуруҳнинг 2019 йил 29 май куни Касби туманига қилган сафари чоғида маълум бўлган.

— Тинчлик” МФЙда бунёд этилаётган 24 хонадонли уй қурилиши ҳамда “Фазли” МФЙдаги сув сақлаш иншооти реконструкцияси ишлари ўрганилганда иншоотга сув олиб келиш масаласи ҳал этилмагани маълум бўлди, — дейди “Юксалиш” умумиллий ҳаракати матбуот хизмати. — Сабаби ўрганилганда лойиҳа смета ҳужжатларида сув сақлаш иншоотига қарийб 2 км масофадан қувурлар орқали сув олиб келиш ишлари кўрсатилмаганлиги ва натижада маблағ ҳам ажратилмагани аниқланди.

Мутахассисларнинг фикрича, реконструкция ишлари тугалланса-да, иншоот бу йил ишга тушмайди. Натижада ушбу ҳудудда истиқомат қилувчи 5 мингга яқин маҳаллий аҳолининг тоза ичимлик суви бўйича муаммоси ҳал этилмай қолиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва Республика Хотин-қизлар қўмитаси вакилларидан иборат ишчи гуруҳ жорий йилнинг 29-30 май кунлари Қашқардарё вилоятига ташриф буюриб, вилоятдаги камчиликлар хусусида маълум қилганди.

Ишчи гуруҳ бугун — 31 май куни Сурхондарё вилоятида ташрифини давом эттирмоқда.

Fikr bildiring

Sizning elektron pochtangiz ko`rsatilmaydi.