Qidirish uchun yozing

Eng ko'p ulashilgan Madaniyat

Юксалиш умуммиллий ҳаракати раиси: ННТларга берилаётган грант маблағи қандай сарф қилинганини сўраяпмизу, аммо грант ишининг жамиятга келтирган нафи билан қизиқмаяпмиз

  Ulashish

Юксалиш умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурхонов бугунги кунда нодавлат-нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ажратилаётган грант маблағлари сарф харажати ҳисоб-китоб қилинаётганини, аммо ўша грант маблағи нима учун ажратилган эдию, унинг натижаси қониқарли бўлдими деган савол ҳеч кимни ўйлантирмаётганини таъкидлади, — дея хабар беради “Қашқадарё зиёкори” мухбири Ситора Маҳмудова. 

Ситора Маҳмудованинг ёзишича, 30 май куни Қашқадарё вилоят ҳокимлигида Юксалиш умуммиллий ҳаракати, вилоятдаги ННТ вакиллари ва ОАВ вакиллари иштирок этган давра суҳбатида ННТларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ажратилаётган грант маблағлари хусусида ҳам сўз борган.

Унда сўз олган “Қашқадарё” газетаси бош муҳаррири Камолиддин Каримов грант маблағлари сўнгги пайтларда кимларнингдир ёрдами эвазига тайёрланган пишиқ лойиҳага берилгач, лойиҳа ташаббускори ўша лойиҳани бажариш имкониятига эгами, лойиҳа иштирокчиларининг салоҳияти қай даражада, ундан кутилаётган натижа қандай деган саволлар очиқ қолаётганини айтиб, лойиҳа якуни, ундан кутилган натижа мавҳумлигича қолаётганини танқид қилди. Ва “Юксалиш” умумиллий ҳаракати раиси Акмал Бурхоновга “Юксалиш”нинг грантлари ҳам шу йўсинда назорат қилинадими, — дея савол берди.

— Ҳақиқатдан ҳам айни кунгача ННТларни қўллаб-қувватлаш учун ажратилган маблағлар нимага сарф қилингани билан қизиқиб, компьютерни тўғри сотиб олдими ёки йўқми деган саволлар бериб, Адлия вазирлиги ҳамда Молия вазирлигидан маблағ қаерга сарфланганини ўрганиб беришни сўраш билан чекланиб қолаётганимиз бор гап, — дейди “Юксалиш” умумиллий ҳаракати раиси Акмал Бурхонов саволга жавоб берар экан. — Грант иши жамиятга нима наф келтирди деган саволни ҳеч ким ўртага ташламаётгани ҳам айни ҳақиқат. Демакки, бу борада ҳам тартибни кучайтириш керак.

Акмал Бурхоновга кўра, халқаро грант маблағларини қўлга киритиш катта меҳнат, заҳмат талаб этади. Аммо бугун республикамиздаги ННТларга берилаётган грант маблағлари 3 бетлик лойиҳага ҳам берилаётганини айтиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, “Юксалиш” умумиллий ҳаракати Президентнинг 2019-йил 17-январдаги “2017-2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги фармонига мувофиқ таъсис этилиб, 2019-йилнинг 25-январ куни Адлия вазирлигида нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Бугунги кунда “Юксалиш” умумиллий ҳаракати ҳам халқаро ташкилотлар кўмагида ННТларни қўллаб-қувватлаш учун грант маблағлари ажратмоқда.

Fikr bildiring

Sizning elektron pochtangiz ko`rsatilmaydi.