Qidirish uchun yozing

Dolzarb

Нишон туманидаги мактабгача таълим муассасалари бинойидек таъмирланса-да, жиҳозсиз фаолият юритмоқда

  Ulashish

Нишон туманидаги 1-, 2- ва 16-сонли мактабгача таълим муассасалари 2018 йил “Обод қишлоқ” давлат Дастури асосида капитал реконструкция қилинган бўлса-да, ушбу таълим муассасаларида овқат пишириш учун электрон плита, ошхона жиҳозлари, озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш учун омбор музлаткичлари мавжуд эмаслиги, натижада бу болалар қамровига таъсир кўрсатаётгани аниқланди.

Бу ҳақда 30 май куни Қашқадарё вилояти ҳокимлигида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ва Республика Хотин-қизлар қўмитаси вакилларидан иборат ишчи гуруҳ ва ОАВ ходимлари иштирок этган тадбирда маълум қилинди.

“Юксалиш” умумиллий ҳаракати матбуот хизматининг қўшимча қилишича, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ва Республика Хотин-қизлар қўмитаси вакилларидан иборат ишчи гуруҳнинг 29 май кунидаги жамоатчилик мониторингида Қашқадарё вилоятининг Касби ва Нишон туманларидаги ижтимоий соҳа объектларининг қурилиш ва таъмирлаш ишлари кўздан кечирилган.

Ишчи гуруҳ томонидан аниқланишича, Нишон туманининг “Пахтакор” МФЙ ҳудудидаги 1-сонли 240 ўринли МТМ 1 миллиард 830 миллион сўмга, 16-сонли 140 ўринли МТМ 761 миллион сўмга, “Байналминал” МФЙ ҳудудидаги 2-сонли 140 ўринли МТМ 1 миллиард 7 миллион сўмга кўнгилдагидек таъмирланса-да, боғча жиҳози учун умуман маблағ ажратилмаган.

Шунингдек, 2019 йилда инвестиция дастурига асосан тумандаги 3-сонли 150 ўринли боғча учун 2 миллиард 616 миллион 700 минг сўм, 5-сонли 150 ўринли МТМ учун 2 миллиард 763 миллион 600 минг сўм, 7-сонли 150 ўринли муассаса учун 2 миллиард 806 миллион 700 минг сўм ва 8-сонли 150 ўринли МТМ учун 2 миллиард 555 миллион 400 минг сўм капитал реконструкция учун маблағлар ажратилиб, таъмирлаш ишлари амалга оширилаётган бўлса-да, ушбу муассасаларда ҳам мебел ва жиҳозлаш учун маблағлар етарли даражада ажратилмагани маълум бўлган.

Жамоатчилик мониторинги тадбирлари Касби туманида ҳам ўтказилиб, 42- ва 13-сонли умумий ўрта таълим мактабларида ҳамда 14- ва 24-сонли МТМларида олиб борилаётган капитал қурилиш ва таъмирлаш ишлари ўрганилган.

Fikr bildiring

Sizning elektron pochtangiz ko`rsatilmaydi.