Qidirish uchun yozing

Asosiy

Қарши тумангаз аҳолига газ тарқатишда ғирромлик қилган бўлса, “облгаз” мутасаддилари ана шу ғирромликни ёпишда аҳолини газини ўчириб қўйиш билан қўрқитди

  Ulashish

“Ziyonews”да Қарши тумангазнинг аҳолига газ тарқатишда қилган адолатсизлиги “Аҳоли Қарши тумангаз филиалини аҳолига газ тарқатишда ғирромлик қилишда айбламоқда” сарлавҳали мақолада тилга олинганди. Мазкур мақола омма эътиборига ҳавола қилингач, таҳририятга “Ўзтрансгаз” Акциядорлик жамиятининг Қашқадарё вилояти бўйича ҳудудий газ таъминоти филиали раҳбариятидан эътироз хати келиб тушди. Имловий хатолари ғиж-ғиж хатда ёзилишича, мақоладан сўнг ҳолат Қашқадарё вилояти бўйича ҳудудий газ таъминоти филиали раҳбарияти томонидан ўрганиб чиқилган. Ўрганиш хулосаларига кўра, мақолада тилга олинган фактлар ёлғон. Эмишки, “Хониён” МФЙ раиси маҳалла аҳлининг табиий газга эҳтиёжи йўқлигини ёзиб, аҳоли суюлтирилган газ билан таъминланганлигини билдирган. Шунингдек, маҳалла аҳлининг Қарши тумангаз ходимларига нисбатан эътирози йўқлигини ҳам айтиб ўтган.

Мазкур эътироз хатини олгач, “Ziyonews” мухбири маҳалла аҳолиси — мурожаатчилар яна бир бор суҳбатлашди. Мурожаатчилардан бири Адҳам Саидовнинг айтишича, у мақолада асосий муаммоларни тилга олган шахс бўлса-да, мурожаатчи билан на тумангаз ва на “облгаз” ходимлари учрашган.

— Асосий мурожаатчи мен бўлсам-да, мақола чоп этилгач тумангаздан ҳам “облгаз”дан ҳам ҳеч ким келиб аҳволни ўрганмади, -дейди Адҳам Саидов. – Эшитишимча, тумангаз раҳбари ва ходимлари “Жумабозор” маҳалласига келиб, аҳолига “газ учун пул йиғилмаган”- деб ёзиб беринглар деб сўрабди.
Адҳам Саидовнинг қўшимча қилишича, ҳолатни ўрганишга келганлар, аҳолидан “газ учун пул йиғилмаган, тумангаз ходимларига нисбатан эътирозимиз йўқ” — деб ёзиб беришларини сўраган, ёзишмаса газни ўчириб қўйишларини айтиб қўрқитган.

— Эшитишим бўйича аҳолидан тайёр ёзилган қоғозга қўл қўйишларини сўрашибди, — дейди Адҳам Саидов. — Агар қўл қўйишмаса “газни узиб кетамиз” деб қўрқитишибди.

“Ziyonews” мухбири билан суҳбатлашган, аммо исми сир қолишини сўраган жумабозорлик суҳбатдошнинг сўзига кўра, мақоладан сўнг собиқ кўчабоши Рўзимурод Ўринбоев, аёли ва келини билан кўчама-кўча юриб қўшниларига тайёр ёзилган қоғозга қўл қўйдирган. Агар қўл қўйишмаса, маҳалланинг гази ўчирилиши мумкинлигини айтган.

Маҳалладошларга Рўзимурод Ўринбоевнинг келини билдириш хати ёздиргани ҳақидаги воқеани ушбу маҳаллада яшовчи Марат Рашидов ҳам тасдиқлади.

— Рўзимурод аканинг келини ҳаммага ёздириб чиқаётган экан, Марат ака мана буни ёзиб берар экансиз деди, — дейди Марат Рашидов. – Шунда онам йўқ эди. Онамнинг номларидан билдириш хати ёзиб, қўл қўйиб бердим.

Шу ўринда “облгаз” масълулларига савол туғилади: “Ҳурматли “облгаз” мутасаддилари, табиий газ отангиздан қолган меросмидики, хоҳлаган пайтингиз улаб берасизу, хоҳлаганингизда узиб қўясиз? Нега энди мана шу халқ берган мансаб ваколатидан фойдаланиб, халқнинг ўзини “газни узиб қўяман” деб қўрқитасиз?

Энди мақолага қайтсак. Унда эслатилишича, “Хониён” маҳалла аҳлининг гази 2016 йил 9 март куни тумангаз ходимлари томонидан узиб кетилган. Аммо туман ҳокимининг 2016 йил 24 октябрдаги 115 Ф-сонли фармойишида маҳалла гази фармойиш чиққандан сўнг, бир ой ўтиб узилиши лозимлиги кўрсатилганлиги айтилади. Шунда ҳам 173 та хонадон. Ва бунга тумангаз раҳбари Зафар Гуловдан изоҳ сўралади. Гулов эса ўша пайтда раҳбар бўлмагани боис, бунга “ақли етмаганини” айтади. Хўш, “облгаз” масъуллари, масалани ўргангач ходимларингизнинг хатти-ҳаракатига Сиз жавоб топдингизми?

Англашимизча тополмагансиз. Топганингизда жавоб хатида бунга тўхталардингиз. Шу ерда ҳам шошгансиз. Худдики, ходимларингиз каби. Улар ҳам туман ҳокими фармойиши чиқмасдан бурун, газни узиб кетишганидек.

“Облгаз”нинг эътироз хатида “2018 йил 5 октябрда филиал томонидан 40-03-14/5431- сонли ёзма мурожаат орқали Қарши туман ҳокими Ғ.Бегалиевга мурожаат қилиниб, “Хониён” МФЙ “Чаман” кўчасида жойлашган 76 та аҳоли хонадонини табиий газ тармоғига қайта улаш тўғрисида фармойиш сўралганини, сўнгра хат давомида “Ушбу хат филиал муовини томонидан имзоланган бўлиб, “Хониён” МФЙ ҳудуди аторофлича ўрганилмаганлиги учун оқибатсиз қолдириш ҳақида хат берганмиз, — дейишибди. Буни қарангки, Қашқадарё вилояти бўйича ҳудудий газ таъминоти филиали раҳбарияти муаммони атрофлича ўрганиб чиқмаслик “облгаз”га хос одат эканини жавоб хатида ҳам тасдиқлабди.

Ҳурматли мутасаддилар, 76 та хонадон, ҳар бир хонадонда ўртача ҳисобда 5 нафар киши деб ҳисобласак — 380 нафар киши тақдирини бамайлихотир, атрофлича ўрганмаслик ўз ишига масъулиятсизлик эмасми? Ўринбосар шундай масъулиятсиз бўлса, ходимдан ўпкаламаса ҳам бўладими шунда?

Мақолада тилга олинган яна бир ҳолатга жимгина кўз юмибсиз. “Жумабозор” МФЙ да 520 та хонадонга табиий газ берилаяпти, Зафар Гуловнинг ҳисоби бўйича эса 345 та хонадон газ билан таъминланган. 175 та хонадоннинг газ истеъмоли тумангаз ва Сизга маълум бўлмаслигини қандай тушуниш мумкин?

Эътирозингизда “Жумабозор” маҳалласидаги хонадонлардан 400 минг сўмдан пул йиғилганини ҳам инкор этибсиз.Тағинам пул йиғилганлар рўйхатини кўрсатсак-да, бундан кўз юмибсиз. Собиқ кўчабоши Рўзимурод Ўринбоевдан билдириш хати олиб, нафақат бизни, ўзингизни ҳам алдабсиз. Биз сиздан аввалроқ, “отни қамчилаб қўйгандик”. Рўзимурод Ўринбоевнинг пул йиғганини тан олганини диктофонга ҳам ёзиб олгандик.

Муносабатимиз сўнгида, прокуратурадан мақолада тилга олинган ҳолатларга эътибор қаратишларини сўраган бўлардик. Боиси, бу ерда нафақат ғирромлик, халқ берган ваколатидан фойдаланиб, мансаб суистеъмоллигига йўл қўйиш ҳолатлари ҳам бор.

Fikr bildiring

Sizning elektron pochtangiz ko`rsatilmaydi.