Qidirish uchun yozing

Voqea

Қашқадарёда жорий йилнинг ўтган 4 ойи мобайнида келиб чиққан 210 та ёнғиндан 15 киши жароҳатланди, 1 киши вафот этди

  Ulashish

Қашқадарё вилоятида 2019 йилнинг ўтган 4 ойи мобайнида 210 та ёнғин келиб чиққан бўлса, оқибати 15 нафар фуқаронинг тан жароҳати олиши ва 1 нафар фуқаронинг ўлими билан якунланган. Бу ҳақда “Қашқадарё зиёкори”га вилоят ФВБ, Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, содир бўлган ёнғинларнинг 12 таси кўча-кўйдаги, йўл ёқасидаги хас-хашакларнинг ёниши оқибатида келиб чиққан.

Жумладан, 2019 йил 26 январь куни кечки пайт чамаси 21:10 ларда Қарши шаҳар, “Ғофур Ғуломов” маҳалласи “Ғузор” кўчаси йўл четида қуриган хас-ҳашаклардан иборат 15 м.кв майдон ёнган. Ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилганда, номаълум шахс томонидан чўғи ўчмаган тамаки маҳсулоти қолдиғини ташлаб кетиши натижасида содир бўлгани аниқланган. Худди шундай ҳолатлар 2019 йил 16 март куни Косон тумани ҳудудида, 17 март куни эса Нишон туманида йўл ёқасида ҳам содир бўлган.

Қолган 9 ҳолатдаги ёнғин эса фуқароларнинг ўчмай қолган чўғни чиқинди уюмлари устига тўкиши оқибатида келиб чиққан.

Матбуот хизмати хабарига кўра, автомобил ва темир йўллари яқинидаги ғалла майдонлари ёқаларидаги қуриган хас-ҳашакларнинг ёниши ва ғалла экин майдонларига тарқалиши хавфининг олдини олиш мақсадида шу кунга қадар ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан 216 та корхона-ташкилот, 10 192 аҳоли турар жойлари, 49 та қабристонлар, 42 км. автомобил серқатнов йўл четлари, 10,7 км. темир йўл четлари, 9 км. юқори кучланишли электр ҳаво линиялари ва 439 та бошқа жойлардаги хас-ҳашаклар тозаланган.

Fikr bildiring

Sizning elektron pochtangiz ko`rsatilmaydi.