Qidirish uchun yozing

Kerakli

Қашқадарёда солиқ бошқармаси бошлиғи ташаббуси билан маҳаллага сув келадиган бўлди

  Ulashish

Қашқадарё вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ташаббуси билан Қарши туманидаги “Чаман” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси сув билан таъминланадиган бўлди. Бу ҳақда “Қашқадарё зиёкори” мухбири маълум қилмоқда.

Маълум бўлишича, Қашқадарё вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, 4-сектор раҳбари Равшанжон Насимовнинг Қарши тумани аҳолиси иштирокида ўтказилган сайёр қабулида “Чаман” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси маҳаллага сув келтирувчи ариқ йиллар ўтгани сари яроқсиз ҳолга келаётганини, бунга масъуллар етарли даражада эътибор қаратмаётганини маълум қилган.

— Мазкур масала юзасидан муаммони ўрганиш ва бартараф этиш мақсадида йиғилишнинг ўзида ишчи гуруҳ ташкил этилди, — дейди давлат солиқ бошқармасининг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси бошлиғи Фирдавсий Жабборов. — Қисқа вақт ичида мазкур муаммо бартараф этилиб, аҳолига сув келтирувчи ариқлар таъмирланиши ва фойдаланиш имконияти яратилиши лозимлиги вазифа қилиб берилди. Яқин кунда маҳаллага сув келади.

Сайёр қабулда шунингдек, Қарши тумани 4-сектор таркибидаги “Ҳилол”, “Хонобод”, “Кат”, “Боғобод” ва “Керайит” маҳаллаларида истиқомат қилаётган фуқароларнинг ички йўллар таъмири, оқава сув билан таъминлаш, электр сим ёғочларни алмаштириш, кам фоизли кредит ажратиш, бандлик, коммунал тўловлар, ижтимоий ҳимоя, тиббий хизматлар билан боғлиқ муаммолари тингланди.

Қарши тумани “Боғобод” қишлоғида яшовчи фуқаро Нодир Бўриев яшаб турган уй-жойига туман ҳокими қарори чиқариб берилишида амалий ёрдам сўради. Мазкур мурожаат шу жойнинг ўзида ҳал этилди. Фуқаро Нодир Бўриевга яшаб турган уйига эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилди.

Фирдавсий Жабборовга кўра, сайёр қабулда юз нафардан ортиқ фуқаролар иштирок этган бўлса, шундан 28 нафар фуқародан 34 та муаммо бўйича мурожаатлар тушди. 9 та муаммо шу жойнинг ўзида ҳал этилди. 17 та муаммо бўйича мурожаатларни қисқа муддатларда кўриб чиқиш юзасидан мутасадди ташкилот раҳбарларига топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди. 1 та масала юзасидан мурожаатга ҳуқуқий тушунтириш бериб ўтилди.

Мустақиллик қишлоғидаги ички йўлларни таъмирлаш юзасидан қилинган мурожаат эса туманнинг 2020 йилги йўл харитасига киритилиши белгилаб олинди.

Fikr bildiring

Sizning elektron pochtangiz ko`rsatilmaydi.