Qidirish uchun yozing

Asosiy

“Сайлов шаффоф ўтмади” Яккабоғ туманининг “Толлибулоқ” маҳалла аҳли раис қариндошлари томонидан сайланганини айтиб, сайловни “оилавий сайлов” деб атамоқда

  Ulashish

“Қашқадарё зиёкори”га Яккабоғ туманининг “Чойдори” қишлоғидаги “Толлибулоқ” маҳалласида яшовчи фуқаролардан келиб тушган мурожаатга кўра, жорий йилнинг 3 май куни маҳалла раислигига бўлиб ўтган сайлов шаффоф ўтмаган. Мурожаатчиларнинг айтишича, маҳаллага янги сайланган раис яқинлари ва қариндош-уруғлари берган овоз эвазига рақиб номзодларни ортда қолдирган.

“Қашқадарё зиёкори” мухбири воқеа тафсилотларини ўрганди.

— Мен яшаётган кўчада сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 130 нафардан ортиқ сайловчидан, келишилган ҳолда 13 нафар вакил рўйхатини бердик, — дейди маҳалла кўчабошиларидан бири Ғайрат Азимов. – Аммо ўша 13 нафар вакилдан ҳам 6 нафарига таклифнома беришган, холос. Қолган 7 нафарига таклифнома бормаган. Ўрнига раис Тўра Ўрозовга яқин бўлган, унинг номзодини қўллаб-қувватловчи қариндошлари, яқинларига таклифнома берилган.

Ғайрат Азимов

Аниқланишича, “Толлибулоқ” маҳалла фуқаролар йиғини раислигига 2019 йил 3 май куни бўлиб ўтган сайловда 4 нафар номзод қўйилган бўлиб, сайловда номзод Баҳринисо Азизова 5 та овоз, Муяссар Нурбобоева 4 та овоз, Неъмат Шоимов 79 та овоз ва янги сайланган раис (шу кунга қадар фаолият юритиб келаётган амалдаги раис )Тўра Ўрозов 84 та овоз олган.

Ғайрат Азимовнинг маълумот беришича, баъзи бир кўчабошилар ҳатто сайловчилар рўйхатини ҳам тақдим этмаган, кўчасида кимларга таклифнома берилганидан ҳам бехабар.

— Баъзи бир кўчабошилар сайловчилар рўйхатини ҳам беришмаган, — дейди Ғайрат Азимов. – Шундай бўлса-да, ўша кўчадаги сайловчиларга таклифнома борган. Боиси, ишчи гуруҳдагилар уларни рўйхатга қўшиб, таклифнома юборяпти. “Приём” қилишяпти-да. Масалан Хўжаёров ва Қудратовлар оиласи фамилия ҳар хил бўлса-да аслида бир оила. Шунга қарамасдан бу оиладан сайловга 7-8 нафар сайловчи қатнашиб, овоз бераяпти. Хўжаёров Эргаш аканинг ўзи, аёли ва ўғли ҳам сайловда иштирок этаяпти. Сабаби бу оила раис Тўра Ўрозовни қўллаб-қувватловчилар. Шахсан менинг оиламда ҳам овоз бериш ёшига етганлар 5 нафарни ташкил қилади, лекин фақат ўзим иштирок этаяпман-ку.

Ғайрат Азимов ўзи яшовчи кўчадаги 35 та хонадондан 13 нафар вакил рўйхати берилса-да, уларнинг 7 нафарига таклифнома бормаслигини, аммо 12 та оила яшовчи кўчадан 10 дан ортиқ сайловчиларнинг барчасига таклифнома юборилишини янги сайланган раис “Тўра Ўрозовни қўлловчиларнинг ўйини” — дея баҳоламоқда.

— Ишчи гуруҳ шу даражада адолатли бўлса, нега мен рўйхатини берган 35 хонадон вакили бўлмиш 13 нафар сайловчидан 7 нафари қолиб кетиб, битта кўчадаги мавжуд 12 хонадондан қатнашаётган 10 дан ортиқ сайловчиларнинг барчасига таклифнома юборилаяпти, — дейди Ғайрат Азимов. – Чунки ўзларига тегишли одамлар рўйхати тузилиб, уларга таклифнома юборишган. “Нега мен берган рўйхат бўйича таклифнома бормади” — деб сўрасам, таклифнома етмай қолди дейишди. Ҳолбуки, баъзи бир одамларга эртаси куни ҳам таклифнома борган. Демак таклифномалар етарли бўлган экан-да. Сўраб-суриштирсам кўчабоши Сафар Тўраев ҳам кўчасидан 11 нафар сайловчи рўйхатини берган экан, 5 нафари қолдирилиб, қолган сайловчилар ўрнига янги сайланган раисни қўллаб-қувватловчи одамлар жалб қилинган.

Кўчабоши Ғайрат Азимовга кўра, бу каби кўзбўямачиликлар ишчи гуруҳнинг иши. Унинг айтишича, сайлов ҳақида хабар топмай қолган кўчабошию, бутун бошли кўча фуқаролари ҳам бор.
— Ҳатто кўчабоши Тўлқин Очилов ва бутун бошли кўчаси сайлов ўтганидан бехабар қолган экан, — дейди Ғайрат Азимов. – Буни қандай тушуниш мумкин?

“Қашқадарё зиёкори” мухбири билан суҳбатлашган толлибулоқликлар сайловда 4 нафар номзод қўйилган бўлса-да, сайловгача бўлган жараёнда уларнинг бирортаси ҳақида ҳам маълумот берилмаганини, номзодлар ҳақидаги маълумотлар маҳалла идораси ёки кўчаларга ҳам илиб қўйилмаганини айтишмоқда.

“Толлибулоқ” МФЙнинг янги сайланган раиси Тўра Ўрозов сайловчиларнинг бу иддаосини рад этиб, сайловгача бўлган жараёнда ўз дастури билан сайловчиларни хабардор қилганини билдирди.

— Ишчи гуруҳ аъзоси бўлсам-да, номзодлар дастури билан мен ҳам таниш эмасдим-ку, аҳоли қандай таниш бўлиши мумкин, — дейди ишчи гуруҳ аъзоси Мейли Шукуров. – Мен номзод дастури билан танишиб, сўнгра аҳолини таништиришим керак эдику. Минг афсуски, ишчи гуруҳ умуман иш бажармадик.

Мейли Шукуров

— 30 апрель куни ичши гуруҳ раиси Абдукарим Оқбўтаевга кўчамиздаги оқсоқоллар “Нега сайловдан бир ой илгари номзодлар ҳақида маълумот берилмади” — деб савол беришди, — дейди кўчабоши Баҳодир Нурматов. – Ишчи гуруҳ раҳбари мактабда 6 соат дарси борлиги учун номзодлар ҳақида маълумот беришга вақти бўлмаганини айтди.

Сайлов қонунчилигига кўра, ишчи гуруҳ фуқаролар йиғини ўтказиладиган сана, вақт ва жойни белгилайди ҳамда уни ўтказишдан камида беш кун олдин бу ҳақда тегишли ҳудудда яшовчи фуқароларни хабардор қилиши, фуқаролар йиғини раиси сайловини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари юзасидан аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориши ва ҳовлилар, уйлар, кўчалар аҳолисининг фуқаролар вакиллари сайлови бўйича умумий йиғилишларини ташкил этиши ва ўтказиши лозимлиги белгиланган.
Таркиби 9 кишидан иборат ишчи гуруҳ сайловолди жараёнларда ўз вазифасини бажармагани ҳақида фуқаро Баҳром Шоимов ҳам шикоят қилиб, ишчи гуруҳ раҳбари Абдукарим Оқбўтаев маҳалла раислигига номзоди қўйилган Тўра Ўрозовга қуда эканлигини очиқлади. Бўлиб ўтган сайловни эса “оилавий сайлов” дея атади.

Баҳром Шоимов

Суриштирувларимиз давомида очиқланишича, Мейли Шукуров, Султон Янгибоев ва Исмат Маҳкамовлар туман ҳокимлигига ишчи гуруҳ раҳбари ва раисликка номзод Тўра Ўрозовнинг қуда-андачилиги ҳақида шикоят қилишади. Шикоятни ўрганишга келганлар жараённи ўрганиб, шикоятчиларнинг 2 нафарини, жумладан Мейли Шукуровни ишчи гуруҳ таркибига қўшиб қўйиш билан чекланади. Шунда ишчи гуруҳ таркиби 11 кишига айланади. Аммо “қуда раис” ўзгармайди. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида” Қонунининг 14-моддасида “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли), унинг маслаҳатчилари, фуқаролар йиғини органларининг бошқа ходимлари, шунингдек фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодларнинг, фуқаролар йиғини органлари бошқа ходимларининг яқин қариндошлари ишчи гуруҳ таркибига киритилиши мумкин эмас. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар ишчи гуруҳга аъзо шахслар ёхуд уларнинг яқин қариндошлари орасидан кўрсатилган тақдирда, улар ишчи гуруҳ таркибидан чиқарилади”, дея белгилаб қўйилган.

Туман ҳокимлиги вакили, сайловда иштирок этган Собир Ориповнинг айтишича, номзодлардан нафақат Тўра Ўрозов, Неъмат Шоимов ҳам ишчи гуруҳ раиси Абдукарим Оқбўтаев билан қуда.

Туман Кўмаклашувчи комиссия раиси Ўлмас Умаровнинг айтишича, шикоят асосида ишни ўрганишга боришганда, ишчи гуруҳ раисини ўзгартириш ҳақидаги таклиф кўриб чиқилаётганда, шикоятчилар ишчи гуруҳ таркибига киритилса, мурожаатдан қониқиш ҳосил қилишини билдирган. Ва оқибатда ишчи гуруҳ раиси ўзгармай қолган.
Ушбу маҳалла фуқароларидан сайлов куни сайловчи сифатида иштирок этган Зулфия Эрматова ҳамда ишчи гуруҳ раиси ўринбосари Холмаҳмат Алиевлар сайлов адолат мезонлари асосида ўтганини айтиб, сайлов якунида Собир Орипов сайловчиларга жараён шаффоф ўтаяптими деб сўраганда, ҳамма “ҳа” дея жавоб берганини таъкидламоқда.

— Сайлов адолат мезонлари асосида ўтди, — дейди Зулфия Эрматова. – Ҳеч қандай ноҳақлик бўлгани йўқ. Хўп ноҳақлик бўлган экан дейлик, нега ўша куни эътироз билдиришмади?

— Сайлов куни бўлаётган кўзбўямачиликлар, таклифномаларнинг тўлиқ берилмагани ҳақида айтдим, — дейди Ғайрат Азимов. – Аммо тумандан келган вакил Собир Орипов буни эшитмади-да. Сайлов шаффоф ўтди дея раисни табриклашиб кетишди.
— Сайлов куни ишчи гуруҳ аъзоси Мейли Шукуров ишчи гуруҳ аъзоси эканлигини, аммо сайловгача бўлган жараёнларда ишчи гуруҳ бирор марта ҳам йиғилишиб, сайлов ҳақида фикрлашмаганини, ишчи гуруҳ умуман ишламаганини айтса-да, туман ҳокимлиги вакили Собир Орипов ҳам, кўмаклашувчи комиссия раиси Ўлмас Умаров ҳам бунга эътибор бермади, — дейди Баҳром Шоимов. – Собир Орипов сайловчиларга қоидани 20 марталаб тушунтириб, ҳаммани чалғитишга уринди. Сайловчилар гаранг эмаску, нега бир гапни 20 марта такрорлайди? Бундан кўзланган мақсад ҳамманинг эътиборини чалғитиш эди.
Баҳодир Нурматовга кўра, сайловдан 10 кун олдин янги сайланган раисга тегишли одамлар иштирокида яширин тарзда йиғин ташкил этилган.

Баҳодир Нурматов

— Сайловдан чамаси 10 кун олдин, эрталаб соат 7:30 ларда маҳалла идорасига келсам, мажлисдан чиқиб кетаётганларни кўрдим, — дейди Баҳодир Нурматов. – Сўрасам, йиғин бўлибди. Шунда котибга “нега биз кўчабошиларнинг йиғиндан хабаримиз йўқ”, — деб сўрадим. “Мен билмайман” — деди котиб. Бунақа яширин тарзда йиғилиш ўтказмасликлари лозимлигини айтдим. Шунда раис менга телефон қилиб ўдағайлади.

Маҳалланинг собиқ раиси, янги сайловда номзоди қўйилган Тўра Ўрозов иштирокида сайловдан 10 кун аввал яширин йиғин ўтказилганини 6 та кўчабошилар боши, маҳалла оқсоқоли Жонқобил Холиёров ҳам тасдиқлаб, йиғинда кўчабошилардан айримлари қатнашганини қўшимча қилди.
Баҳодир Нурматов маҳалла оқсоқолларининг сайлови ҳақидаги янги қонунчиликка кўра, маҳалла раислигига сайланаётган номзод шу ҳудуднинг ўзидан бўлиши, маҳаллада камида 5 йил яшаган бўлиши ҳақида эслатиб, янги сайланган раис Тўра Ўрозов “Толлибулоқ”да эмас, қўшни маҳаллада яшашини маълум қилди.

— Сайлов қонунчилигига кўра, раисликка сайланаётган номзод шу ҳудуднинг ўзидан бўлиши ва камида 5 йил шу маҳаллада яшаган бўлиши лозим-ку, нега энди бу маҳаллада яшамайдиган фуқаро “Толлибулоқ” маҳалла раислигига номзодини қўйган?, — дейди Баҳодир Нурматов. – Ҳокимият ҳам номзодни тасдиқлаган. Қани бу ерда шаффофлик?

Маълум бўлишича, “Толлибулоқ” маҳалласига янги сайланган раис Тўра Ўрозов “Чойдори” қишлоғидаги “Толлибулоқ»қа қўшни маҳаллада истиқомат қилади.

Кези келганда шуни таъкидлаш лозимки, “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида” Қонунда кўрсатилишича, тегишли комиссияга тақдим этиш учун фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар бўйича таклифларни тегишли ҳудудда доимий яшовчи фуқароларнинг фикрини инобатга олган ҳолда тайёрлаш лозим бўлади.

Сайлов жараёнини бевосита кузатган журналист, туман газетаси бош муҳаррири Бозор Азизов ҳам “Қашқадарё зиёкори” мухбири билан суҳбатда сайлов адолат тамойиллари асосида ўтганини, журналист сифатида жараённи синчковлик билан кузатганини билдирди.

Оқсоқол Жонқобил Холиёров Абдукарим Оқбўтаев раҳбарлигидаги ишчи гуруҳнинг сайловолди тайёргарлиги талабга жавоб бермаслигини, ишлар қўл учида қилинганини, ҳатто сайловчилар Исмоил Бердиев, Бахтиёр Юсупов ва Шоира Рўзиеваларга 2 тадан таклифнома ёзилганини кўрганини айтмоқда.

— Адашиб кетган бўлишимиз мумкин, — дейди ишчи гуруҳ раҳбари Абдукарим Оқбўтаев бу айбловларга жавобан.

Абдукарим Оқбўтаевнинг маълумот беришича, маҳаллада яшовчи жами 4102 нафар аҳолининг 2670 нафари сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлиб, шундан 320 нафар сайловчига таклифнома берилган. Сайловда эса 179 нафар киши иштирок этган. Аммо номзодларга берилган овозлар сонига кўра, сайловда 173 нафар киши иштирок этган.

Баҳодир Нурматов сайлов куни саноқ комиссияси аъзоси сифатида иш юритганини, Даврон Холиқов, Бозор Умиров, Ҳасан Очилов, Холмат Холиқов ва Баҳодир Нурматовлардан иборат 5 кишилик саноқ комиссиясига сайловгача бўлган жараёнда сайловчиларга таклифномасиз сайлов бюллетени берилмаслиги ҳақида айтилса-да, сайлов куни туман ҳокимлиги вакили Собир Орипов, кўмаклашувчи комиссия раиси Ўлмас Умаров ва ишчи гуруҳ раҳбари Абдукарим Оқбўтаевлар томонидан таклифномасиз келган сайловчиларга ҳам сайлов бюллетени берилиши, сайловда иштирок этиши лозимлиги ҳақида айтилган. Баҳодир Нурматовга кўра, сайлов куни шунингдек саноқ пайтида ҳам чалкашликлар бўлган ва якунда саноқ комиссияси аъзолари натижани тасдиқламаган.

“Толлибулоқ”даги сайлов жараёнида юз берган ҳолатни ўрганиш давомида кўплаб қонунбузилишларига гувоҳ бўлдик, албатта. Энг ёмони бу ҳақда туман ҳокимлигию, туман кўмаклашувчи комиссия раиси ҳам хабар топса-да, жим қараб турган. Ёки ишни ёпиғлигича қолишини исташган. Хўш, нега? Сабаб нима? Бундайин ҳолатларга кўз юмуш сайловчида сайловларимиз шаффофлигига шубҳа туғдирмасмикин? Саволлар кўп, жавобларга келганда эса масъулларга кўз тикамиз.

“Қашқадарё зиёкори” мақолада тилга олинган ҳолатлар бўйича, мутасаддилардан изоҳ кутиб қолади.

Отабек Қўлдошев

Fikr bildiring

Sizning elektron pochtangiz ko`rsatilmaydi.